Иқтисодиёт | 20:03 / 16.11.2021
18437
3 дақиқада ўқилади

«Айрим ишлаб чиқарувчиларнинг ички бозордаги монопол мавқейи бензин нархига жиддий таъсир ўтказди» — Аксилмонополия қўмитаси

Биржа савдоларида бензиннинг йирик лотларда қўйилиши майда ёки ўрта харидорлар имкониятини чеклаб қўйган.

Фото: Global Look Press

АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев нима сабабдан бензин нархи кескин ошиб кетгани хусусида тўхталиб ўтди.

«Бензин нархининг ошиши кўпчилик томонидан эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ҳақиқатан ҳам йил бошидан бери биргина АИ-80 маркали бензиннинг биржа савдоларидаги нархи 72 фоизга ошган. Бунга бир қанча омиллар таъсир ўтказган.

Биринчидан, ички талаб ўсиши ва жаҳон бозорларида нархлар ўзгариши. Мамлакатимизда автомобиль бензинига бўлган талаб охирги икки йил давомида 1,1 млн тоннадан 1,3 млн тоннага ошди. Бу ҳам нарх ўзгаришига таъсир қилмасдан қолмади. Брент маркали нефть нархининг 53 фоизга ошиши ҳам ички бозорга таъсир қилди. Сабаби АИ-80 маркали бензин ишлаб чиқаришда ҳам импорт хомашёдан фойдаланамиз. Хусусан, жорий йилда умумий бензин импорти 2020 йилдагига нисбатан ошган бўлса-да, АИ-80 бензини импорти 7 баробар камайган. Ички бозор тўйинмагани ҳам нархларга таъсир қилган.

Фаррух Қорабоев / Фото: АОКА

Иккинчи омил, айрим ишлаб чиқарувчиларнинг ички бозордаги монопол мавқейи сақланиб қолаётгани сабаб биржа савдоларида майда ёки ўрта харидорлар имконияти чекланган. Шунингдек, ноябрь ойидан бошлаб таклиф тушиб кетиши ҳам юзага келган. Биржа савдоларида ҳам бензин йирик лотларда, яъни 60 тоннадан ортиқ миқдорда қўйилиши майда харидорлар имкониятини чеклаб қўйган. Бу эса маблағ ва бензинни сақлашга инфраструктураси мавжуд йирик харидорлар имкониятини ошириб юборган.

Бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди ва бензинни импорт қилиш ҳажмини ошириш бўйича имкониятлар ўрганилмоқда. Олдинги йиллар биз учун асосий бозор бўлган Қозоғистон 6 ойдан бери экспорт қилишни тақиқлаб қўйган. Ҳозирда асосий бозор Россия ҳисобланади. Бу ерда ҳам айрим трейдерлар вазиятдан фойдаланиб нархларни оширишга ҳаракат қиляпти. Шу сабаб бошқа йўналишларда импорт географиясини ҳам кенгайтиришимиз керак», деди у.

Мавзуга оид