Жамият | 11:43 / 17.11.2021
56142
12 дақиқада ўқилади

Хоразмни ўзгартирган немислар – Хива хонлигида яшаган меннонитлар ҳаёти ва оғир қисмати

Бундан қарийб 140 йил олдин немис ва ҳолланд миллатига мансуб одамлар жамоаси Хива хонлигига кўчиб келган. Меннонитлар номи билан танилган хорижликлар Хоразм тарихида ўзига хос из қолдиришга муваффақ бўлишган. Мозийга қайтиб, уларнинг ҳаёт тарзи ва фаолияти, шунингдек, оғир қисмати ҳақидаги маълумотларни жамладик.

Меннонитлар оиласи миллий кийимларда (реконструкция)

Меннонитлар кимлар?

Бу ном Нидерландияда яшаган насроний роҳиб Менно Симонс (1496-1561) билан боғлиқ. У анабаптистлар ҳаракати асосчиси ва етакчиси бўлиб, анъанавий насронийликдан фарқ қилувчи янги ғояларни тарғиб қилган. Унинг муридлари меннонитлар деб номланган.

Меннонитлар маънавий қадриятларга қаттиқ амал қилишган, ёпиқ жамоа сифатида, бошқалардан ажралиб яшашган. Улар меҳнат интизомига оғишмасдан риоя этишган, асосан деҳқончилик билан шуғулланиб, жамоа манфаати учун зарур бўлган ишларда беғараз меҳнат қилишган. Қўлга қурол олишдан, ҳарбий хизматни ўташдан ва давлат ишида ишлашдан бўйин товлашган.

Анъанавий черков Менно ва унинг ғояларини тан олмаган. Меннонитлар бидъатчи ва хурофотчи деб эълон қилиниб, қувғин ва қатл этилган. Оқибатда уларнинг кўпчилиги Шимолий Германия ва Пруссияга қочган.

Меннонитлар Марказий Осиёда

XVIII асрда немис ва ҳолланд меннонитлар Екатерина II таклифи билан Россияга кўчиб ўтишади. Император аёл уларга кўплаб имтиёзларни беради, жумладан ҳарбий хизматдан озод этади. Аммо Александр II (1855-1881) тахтга ўтиргач, меннонитларга берилган имтиёзлар бекор қилинади. Шундан сўнг улар Америка ва Марказий Осиёга йўл олишади.

1880 йилда Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман меннонит миллатдошларини Тошкентга чақиради. Натижада уларнинг 71 оиладан иборат жамоаси кўчиб келади. Аммо орадан бир йил ўтгач, Туркистонда ҳам мажбурий ҳарбий хизмат жорий этилади. Меннонитлар эса Тошкентни тарк этиб, Бухоро амирлигига йўл олишади. Самарқанд яқинидаги Зирабулоқ қишлоғида қўним топишади.

Амир Музаффар дастлаб меннонитларни ўз фуқаролигига олишга розилик беради. Аммо уларнинг сони кўплиги ва ҳаёт тарзи ўзгача эканини кўргач, хавотирланиб, фикрини ўзгартиради.

«Меннонитлар тилимизни билмайди, ерга ишлов беролмайди, аёлларининг эса юзи очиқ, бу ердагиларга ёмон ўрнак бўлади», дейди амир.

Шундан сўнг меннонитлар Хива хонлигидан ёрдам сўрашади. Хива хони Саид Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) уларни қабул қилишга, ер ажратишга розилик билдиради. Уларнинг олдига фақат битта – тўнғиз боқмаслик шарти қўйилади.

Меннонитлар Хивада

1882 йилда немис ва ҳолланд меннонитлар Хивадан 160 км узоқликдаги Кўҳна Урганч шаҳри яқинига кўчиб келишади. Кичик қўрғон барпо қилиб, деҳқончилик билан шуғуллана бошлашади. Бироқ улар бу жойда тинч-тотув яшай олмайди. Қўрғондан атиги 5 км узоқликда яшовчи туркман-ёвмут қабиласи меннонитларнинг қўлига қурол олмаслиги, қаршилик кўрсатмаслиги, куч ишлатмаслигини билиб қолгач, отларини, чорваларини ўғирлай бошлашади. Кейинчалик аёлларига ҳам кўз олайтиришади.

Хон вакили Қосим Девон меннонитлар ҳолидан хабар олгани келади ва уларнинг оғир аҳволга тушиб қолганини кўриб, бу ҳақда пойтахтга маълум қилади. Шундан сўнг Феруз 1884 йилда Хивадан 15 км узоқликдаги Оқмачит қишлоғида (ҳозирги Янгиариқ тумани ҳудуди) ўз оғаси Отажон тўра мулкидан уларга ер ажратиб беради. Шунингдек, ўзга дин вакилларига нисбатан зўравонликни тақиқлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳақида фармон имзолайди. Меннонитларни ер солиғидан 1 йилга, жамоат ишларидан (ариқларни қазиш, уйларни таъмирлаш ва ҳоказо) 4 йилга озод этади.

Меннонитлар рўзғори

1917 йилда Самарқанд ҳарбий губернатори Нил Сергеевич Ликошин Оқмачитда бўлиб, меннонитлар ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишган. Кўрган-кечирганлари ҳақида «Туркестанское слово» газетасида «Хивадаги немислар» номли мақола ёзган. Ҳозирги вақтда бу меннонитлар ҳақидаги ноёб манба ҳисобланади.

Ликошиннинг ёзишича, меннонитлар Хивада худди бир оила каби аҳил ва иноқ яшаб келишган. Уларнинг 24та уйдан иборат қўрғони лой девор билан ўралган ва дарвозага эга бўлган. Жамоани умумий сайланган етакчи – форштеер бошқарган.

Оқмачит қишлоғидаги меннонитлар қўрғони (реконструкция)

Хива меннонитлари деҳқончилик билан шуғулланмаган, чунки етарли миқдорда ер майдонига эга бўлмаган. Аммо ҳар бир уйда кичик томорқа бўлган. Улар шўрланган тупроқда ҳудуд учун ноанъанавий бўлган полиз экинлари — картошка, бақлажон, помидор, бодринг, карам ва зираворлар етиштиришган. От, қорамол ва қўй-қўзиларни боқиб кўпайтиришган. Маҳаллий аҳоли «меҳмонлар»нинг полиз экинларини етиштириш бўйича кўникмаларини, чорва молини боқиш тажрибасини ўрганиб, ўзлаштириб олишган. Меннонитлар улар билан савдо муносабатларини ўрнатишган.

Меннонит немис аёллари бўш вақтларида нафақат ўз оила аъзолари учун, балки сотиш учун ҳам кийим тикишган. Маҳаллий аёлларнинг кийимларини бичиб беришган. Хоразмлик аёллар кийимлари меннонитлар томонидан тўқилган чипор пайпоқлар билан безатилган.

Сарой дурадгорлари

Хивадаги меннонитлар фаровонлиги деҳқончилик ва чорвачиликка боғлиқ бўлмаган. Уларнинг асосий касби дурадгорлик, ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик эди. Кўпчилиги хон саройига уста сифатида ишга олинган. Аслида Саид Муҳаммад Раҳимхон II томонидан уларнинг таклиф қилинишига сабаб шу бўлган. Хон уларнинг ноёб, керакли касб эгалари эканини билгач, марҳамат кўрсатган.

Меннонит дурадгор ясаган жиҳозлар – ёғоч бочка, кир ювиш ускунаси

Хивадаги қурилишлар, айниқса хон саройларидаги ёғоч билан боғлиқ ишлар меннонитларга топширилган. Ойна ва эшик ромлари, пол қилиш уларнинг вазифаси бўлган. Кўплаб маҳаллий бойлар немис ва ҳолланд усталарининг хизматидан фойдаланган. Улар ясаган мебеллар – стол, стул, табуретка, шкаф ва бошқа буюмлар аста-секин бадавлат хоразмликларнинг рўзғоридан жой олган. Меннонитлар бу касби орқали яхши даромад олишган.

Хиванинг барча саройларида, бой хонадонларда хон ўтирадиган тахт бўлган. Ёғочдан ясалган, қора бўёққа бўялган ва трафарет услубида атиргуллар нақши туширилган тахтлар меннонитлар меҳнат маҳсули эди.

Хива шаҳридаги Нуруллабой саройи

XX аср бошида Хива хони Асфандиёрхон таклифи билан россиялик машҳур архитектор Александр Рооп Хивага келади. Унинг лойиҳаси асосида маҳаллий усталар ва меннонитлар иштирокида европача ва шарқий услуб уйғунлигида Нуруллабой саройи барпо этилади. Хоннинг расмий қабуллари учун мўлжалланган ушбу бино ойна-эшиклари, карнизлари шунингдек, мураккаб геометрик нақшга эга паркет поли меннонитлар томонидан Россиядан келтирилган эман ва заранг дарахтлари ёғочидан ясалган. Бундан ташқари, немислар хоналарга ўрнатилган печ кошинлари нақшларини ҳам чизиб беришади. Сарой хоналаридан бирининг шифти эса европача манзара ва қадимий афсоналар қаҳрамонлари тасвири билан безалган.

Нуруллабой саройидаги печ ва паркет пол

Ҳозирги вақтда Рооп лойиҳаси ва маҳаллий усталар, шунингдек оқмачитлик меннонит дурадгорлар меҳнати маҳсули бўлмиш Нуруллабой саройлари мажмуаси Ўзбекистон маданий-мерос хазинасига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.

Меннонитлар ва биринчи ўзбек фотографи

Меннонитлар орасида хиваликлар учун янгилик бўлган кўплаб замонавий касб эгалари бор эди. Фотография билан шуғулланувчи Вилҳелм Пеннер шулардан бири бўлган. У ёш, қизиққон Худойберган Девоновни маҳаллий аҳоли учун ғаройиб бўлган касбга ўргатган. Худойберганнинг дастлаб фотография, кейинчалик кинематография билан бир умрга ошно бўлиб қолишига, биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори бўлиб етишиб чиқишига сабабчи бўлган.

Биринчи ўзбек фотографи Худойберган Девонов ва Вилҳелм Пеннер

Хивани ўзгартирган меннонитлар

Меннонитлар етакчиси Эмил Рейсен рус ва маҳаллий тилда сўзлашишни билган. Феруз уни таржимон ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлатгани, Хивада почта, телеграф ва электр энергияси тизимини ташкил этишда унинг хизмати катта бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Рейсен ёрдамида Хивада биринчи электр станцияси барпо этилган.

Меннонитлар мактаби. Фото: Doca-tours.com

Меннонитлар жамоаси ўз мактабига эга бўлган. Болалар немис тилида ўқиш ва ёзишга, арифметикага, шунингдек, ўз диний ақидаларига ўқитилган. Германиядан махсус адабиётлар буюртма орқали олинган, ўқитувчилар ёлланган.

Меннонитлар ва совет ҳукумати

Хивада хонлик тугатилиб, совет ҳукумати ўрнатилганда ҳам оқмачитлик меннонитлар алоҳида, маҳаллий ва русийзабон аҳоли билан аралашиб кетмасдан яшашда давом этишади. Улар жамоа раисини сайлаш ҳақидаги большевиклар талабини бажармаган. Шўроларнинг ўқув адабиётларини жорий қилишдан бош тортишган. Маҳаллий халқ таълими бўлимини мактаб ишларига умуман аралаштирмаган.

1936 йили СССР Конституцияси қабул қилинганда ҳам меннонитлар жамоаси баъзи қонунларга бўйсунишни, даромадининг бир қисмини давлатга беришни, янги ташкил этилган колхозлар таркибига киришни истамаган. Ҳарбий хизматдан бўйин товлашда давом этишган, диний эътиқодларидан воз кечишмаган.

Қатағон ва қувғин

Оқибатда 1937 йилнинг қишида меннонитлар совет ҳукумати томонидан қатағон қилиниб, тунда, хуфиёна тарзда Оқмачитдан кўчириб юборилган. Фақатгина 70-йилларга келиб, уларнинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Вахш вилоятига депортация қилингани маълум бўлган. СССР тарқалганидан сўнг меннонитларнинг кўпчилиги тарихий ватани Германияга қайтган.

Депортация қилингандан кейин меннонитларнинг Оқмачитдаги уйларига маҳаллий аҳоли кўчиб ўтган. Кейинчалик бу қўрғонда пахта қабул қилиш пункти ташкил этилган. 1967 йилда қурилиш трести иш бошлаган. Бироз вақт ўтгач, болалар дам олиш маскани қурилган. Орол денгизининг қуриши, ерларнинг шўрланиб кетиши оқибатида боғлар қуриб қолган, 1996 йилда дам олиш маскани ҳам ёпилган.

Меннонитларнинг Хоразм тарихида қолдирган изи

Меҳнатсевар ва ўзига хос урф-одатларга эга меннонитлар жамоаси Хоразмда 50 йилдан ортиқ вақт давомида истиқомат қилиб, сезиларли из қолдирди, маҳаллий аҳолининг рўзғори ва ҳаёт тарзига салмоқли таъсир кўрсатди. Озодалиги, тартиб-интизомга қатъий риоя қилиши билан хоразмликлар ҳурматига сазовор бўлди.

Меннонитларнинг рўзғор буюмлари: дазмол ва тикув машинаси

Ҳозиргача хиваликлар, оқмачитликлар уйида меннонитлардан қолган рўзғор буюмлари, мебеллар, стол, стуллар, ошхона анжомлари, китоб жавонлари, тумбочкалар, тикув машиналари, дазмолларни учратиш мумкин.

Урганч шаҳрида туғилган, ўтган асрнинг 70-йилларида дунёга танилган машҳур қўшиқчи Анна Герман ҳам меннонит немис оиласи фарзанди эди. Кўп йиллар давомида Урганчнинг марказий кўчаларидан бири унинг номи билан аталди.

2019 йилда журналист Нур Аҳмад томонидан меннонитларнинг Хивадаги тарихига бағишланган «Хоразм немислари» китоби нашр этилди. Унда хорижликларнинг ҳаёт тарзи ва фаолияти ҳақидаги қимматли маълумотлар ёритилди.

Шу йили Хивадаги «Ичан қалъа» тарихий мажмуасида меннонитларга бағишланган мўъжаз музей очилди. Тақдир тақозоси билан Хоразмга келиб қолган юзлаб немис ва ҳолланд оилаларига оид тарихий фотосуратлар, экспонатлар ундан жой олди.

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер меннонитлар музейида. Фото: ЎзА

2019 йили баҳорда Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер рафиқаси билан Хивага ташриф буюрди. У меннонитлар музейида ҳам бўлиб, миллатдошлари ҳаётига оид тарихий экспонатлар билан танишди.

«Ўша вақтда ўзга дин ва ҳаёт тарзига эга аҳолининг аҳил-иноқ яшаши ўзбек ва немис халқи онгида бугунги кунда ҳам устун бўлган биродарлик ва якдилликнинг яққол мисолидир», - деди у таъсирланиб.

Аввалроқ, меннонитлар яшаган Оқмачит қишлоғида уларнинг қўрғонини тиклаш, реставрация ва реконструкция қилиш, туризм масканига айлантириш ҳақида таклифлар бўлди. Ҳозирча бу лойиҳаларнинг қачон амалга оширилиши маълум эмас.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади

Мавзуга оид