Ўзбекистон | 20:37 / 18.11.2021
32103
2 дақиқада ўқилади

Акмалхўжа Мавлонов расман Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тайинланди

Яна бир бош прокурор ўринбосари Давлат божхона қўмитаси раҳбарлигига ўтди.

Фото: Қонунчилик палатаси

Депутатлар бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Юсупович Мавлонов номзодини Давлат божхона қўмитаси раиси лавозими учун маъқуллашди.

«Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимга тайинланишидан аввал уларнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилади.

2021 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига Акмалхўжа Мавлонов номзодини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар», дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.

Шундан сўнг, президент фармонлари билан Акмалхўжа Мавлонов Бош прокурор ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Президент матбуот котибининг хабар беришича, унга «Божхона хизмати генерал-майори» махсус унвони берилган.

Давлат божхона қўмитасига 2018 йил февралидан буён раҳбарлик қилиб келган Муроджон Азимов (у ҳам бош прокурорнинг собиқ ўринбосари) бугун Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тайинланганди.

Акмалхўжа Мавлонов 1975 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

У турли йилларда Марғилон шаҳар прокурори, Сирдарё вилояти прокурори биринчи ўринбосари, Хоразм вилояти прокурори лавозимларида фаолият юритган. 2018 йил август ойида бош прокурор ўринбосари этиб тайинланган. 2019 йил июнидан 2020 йил кузигача Наманган вилояти прокурори бўлган, 2020 йил октябрида бош прокурор ўринбосари лавозимига қайтганди.

Мавзуга оид