Ўзбекистон | 07:55 / 19.11.2021
5919
2 дақиқада ўқилади

«Ғиждувон» эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилди

Президентнинг "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга асосан "Ғиждувон" ЭИЗ ҳудудини кенгайтириш учун Пешку тумани “Жонгелди” МФЙдаги ва Қоровулбозор тумани “Бўзачи” МФЙдаги 100 гектардан бўш турган ер участкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан бошқа ер тоифасига ўтказилади. Мазкур ер участкалари давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ҳолда, "Ғиждувон" ЭИЗ дирекциясига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади.

"Ғиждувон" ЭИЗнинг янги ҳудудларида устувор равишда қурилиш саноатини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилади.

"Ғиждувон" ЭИЗнинг ҳудудида, шу жумладан янги ташкил этиладиган ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш президентнинг ПФ-5600-сон фармонига мувофиқ электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.

"Ғиждувон" ЭИЗга ер майдонлари ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.

Мавзуга оид