Ўзбекистон | 17:41 / 19.11.2021
6909
2 дақиқада ўқилади

Тўлов шаклига қараб сотувчиларнинг товарга ҳар хил нарх белгилаши тақиқланмоқда

Сенаторлар «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларни маъқуллади.

Олий Мажлис Сенатининг 21 ялпи мажлисида «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Янги қонун билан истеъмолчи томонидан товарлар учун ҳақ тўлаш нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда сотувчига ҳақ тўлаш шаклига қараб товарнинг айни бир маркаси (модели, артикули) учун ҳар хил нархлар белгилаши тақиқланмоқда.

Истеъмолчига сотилган нуқсонли ёки мақбул сифатли товарларни қайтариб беришда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда юзага келаётган айрим масалаларга ҳам аниқлик киритиб кетилмоқда.

Хусусан, агар тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, истеъмолчи томонидан тўланган пул суммасини унга қайтариш товар учун ҳақ тўлаш қандай шаклда амалга оширилган бўлса, худди шундай шаклда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Товарда нуқсонлар борлиги ва унинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ эмаслиги тасдиқланган тақдирда, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) текширув (тест, экспертиза) ўтказишни ташкил қилган истеъмолчи ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органларига товарларни текшириш (тестдан ўтказиш, экспертиза қилиш) билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини тўлиқ қоплаши кераклиги ҳақидаги норма киритилмоқда.

Товарларни намуналар ва (ёки) уларнинг тавсифи бўйича ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилишда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик ва олдини олиш мақсадида ушбу муносабатларни тартибга солувчи талаблар алоҳида янги модда сифатида киритилмоқда.

Мавзуга оид