Ўзбекистон | 12:42 / 20.11.2021
5665
4 дақиқада ўқилади

2225та иш берувчи эмланмаган ходимлари туфайли жаримага тортилди

Фото: Getty Images

Республикадаги бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларида 50056 нафар ходим эмланмаган ҳолда фаолият олиб бораётгани учун 2225та иш берувчига нисбатан жарима солинди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълум қилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ходимларнинг коронавирусга қарши эмланишини назорат қилиш мақсадида республика бўйича 27 923та текшириш ўтказилди.

Шундан 7 905таси хўжалик юритувчи субъектларда, 20 018таси бюджет ташкилотларида ўтказилган.

Текширишлар давомида жами 50 056 нафар вакцина олмаган шахслар аниқланиб, уларнинг 11 244 нафари хўжалик юритувчи субъектларда, 38 812 нафари бюджет ташкилотларида фаолият кўрсатувчи ходимларини ташкил этди.

Вакцина олмаган 26 008 нафар шахс ишдан вақтинчалик четлатилган.

2 225та ҳолатда иш берувчига нисбатан жарима чораси, 175 та объектга нисбатан эса фаолиятини вақтинчалик тўхтатиш чораси қўлланди.

Жорий йилнинг 2 август куни қабул қилинган қонунга кўра, меҳнат қонунчилигига ходим профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканига оид қўшимча киритилди. Маълум қилинишича, қуйидаги тоифадаги ходимлар ихтиёрий бўлмаган ҳолда оммавий эмланиши зарур:

  • аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектлари (давлат хизматлари марказлари, Ўзбекистон почтаси бўлинмалари, адвокатлик тузилмалари, банклар, лизинг ташкилотлари, нотариуслар, суғурта компаниялари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ва бошқалар) ходимлари;
  • барча турдаги савдо (озиқ-овқат, хўжалик моллари, кийим-кечак, дорихона ва бошқалар) объектлари ходимлари;
  • спорт мактаблари ҳамда спорт иншоотлари, маданий ҳамда кўнгилочар объектлар ва дам олиш масканлари ходимлари;
  • меҳмонхоналар, уй меҳмонхоналари (ҳостеллар), отеллар, ётоқхоналар ва кемпинглар ишчи-ходимлари;
  • йўловчи ташиш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимлари; давлат ва нодавлат таълим муассасалари ходимлари; ҳарбий хизматчилар;
  • умумий овқатланиш корхоналари, жумладан жамоат жойларида жойлашган тезкор овқатланиш нуқталари, чойхона, тўйхона, кафе ва ресторанларнинг ходимлари, шунингдек, маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланувчилар;
  • барча турдаги давлат ва нодавлат тиббиёт ва тиббий-ижтимоий объектлар ходимлари;
  • коммунал хизмат соҳаси ходимлари;
  • алоқа ва телекоммуникация объектлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимлари;
  • суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари.

“Юқорида қайд этилган ходимлар эмланишдан бош тортган ҳолда иш фаолиятини давом эттирганда ходимга нисбатан чора кўрилмайди. Иш берувчига жарима қўлланиб, ушбу ходим иш берувчи томонидан ишдан вақтинча четлатилади.

Бундай чоралар эмланмаслик учун асос бўладиган ҳужжат мавжуд бўлган ходимларга нисбатан қўлланмайди”, дея маълум қилди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати дунёнинг айрим давлатларида коронавирусга қарши эмланмаганлар учун касалликка чалинганда даволаниш ҳамда бепул тест топшириш ваколати берилмаслигини эслатиб ўтган.

“Жорий йилнинг 9 ноябридан бошлаб, Сингапур давлатида коронавирус касаллигига қарши эмланмаганлар COVID-19га чалиниб қолсалар, улар эндиликда шифохоналарда бепул даволаниш ваколатидан фойдалана олмайдилар.

Германия давлатида эса жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб, 17 ёшдан юқори бўлган ва коронавирус касаллигига қарши эмланмаганлар эндиликда COVID-19га текшириш учун бепул тест топшира олмайдилар. Эътиборингиз учун битта тестнинг нархи ушбу давлатда 43-128 ЕВРО оралиғидаги қийматга тўғри келади”, дейилади СЭС хабарида.

Мавзуга оид