Спорт | 17:53 / 20.11.2021
8156
7 дақиқада ўқилади

Артета барчасини ўзгартириши мумкин. «Ливерпуль» «Арсенал»дан қўрқиши учун 8 сабаб

Фото: Getty Images

Англия Премьер-лигасининг 12-турида «Ливерпуль» ва «Арсенал» ўзаро кураш олиб боради. Бир қараганда жамоалар ўртасидаги фарқ яққол кўриниб, «Ливерпуль»нинг устунлигини тахмин қилиш осондек. Лекин барчаси сиз ўйлагандек осон эмас. «Тўпчилар» 11та ўйинлик мағлубиятсиз серия қайд этиб келишмоқда ва ушбу беллашувларнинг 9тасида Лондон клуби ғалабага эришди. «Ливерпуль» эса сўнгги турда «Вест Ҳэм» билан баҳс олиб бориб, 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

Демакки, олдинда кутиб турган беллашувда интрига етарли. Ҳа, мерсисайдликлар барибир фаворит. Лекин «Арсенал»дан ҳам хавф кутишга асослар етарли. Келинг, Артетанинг устун жиҳатларини чамалаб кўрамиз.

Босимдан холи

Фото: Getty Images

Премьер-лига жорий мавсумининг илк турларидаги муваффақиятсизликлардан сўнг, Микель Артетанинг клубдаги келажаги катта сўроқ остида қолиб кетди. Умуман олганда, УЕФАнинг бирорта турнирига лицензия олиб бера олмаган мураббийдан клуб мухлислари аллақачон норози эдилар. Лекин «Манчестер Сити»га қарши учрашувдаги йирик мағлубият Артетанинг эсини киритиб қўйгандек. Шундан буён «канонирлар» АПЛда 8та беллашувда иштирок этишди ва 24та имкониятдан 20 очко жамғаришди. Орада Микель ой мураббийи ҳам бўлиб олди. Энди жамоа «Ливерпуль»га қарши анчадан бери ҳис қилмаётгани хотиржамлик билан майдонга тушиб келиши мумкин.

Кўча хандон — уй зиндон

Фото: Getty Images

Мўъжизавий «Энфилд» ҳақидаги эртаклар ҳозир кучини йўқотган. 2017 йилнинг майидан 2021 йил январигача 68та беллашувда ўз уйида ютқазмаган «Ливерпуль» жорий йил «Энфилд Роуд»да у қадар катта муваффақиятга эриша олмаяпти. Юрген Клопп шогирдлари АПЛ доирасида ўз майдонида сўнгги бор 18 сентябрда зафар қучишга эришганди.

Мерсисайд клубининг 22 очкосидан 13таси сафарда қўлга киритилган. Ўз уйида 10та гол урган «қизиллар» қолган 21та голини меҳмонда киритган.

2012 йилдан буён «Ливерпуль»ни АПЛ доирасида меҳмонда енга олмаётган «Арсенал» учун бу яхши имконият бўлиши мумкин.

Жисмоний тайёргарлик

Фото: AP

Бир нарса аниқки, «Ливерпуль» ушбу беллашувга тўлиқ таркиб билан келмаяпти. Жамоанинг юқори формада бўлмаган футболчилари 8тадан кам эмас: Ҳарви Эллиот, Жордан Ҳендерсон, Садио Мане, Жеймс Милнер, Наби Кейта, Жо Гомес, Кёртис Жон, шулар жумласидан.

Клопп Шотландия миллий жамоасининг Данияга қарши беллашувида жароҳат орттириб олган Эндрю Робертсоннинг ҳолати бўйича якуний қарорни энг сўнгги паллада қабул қилади.

Бобби ўйиндан ташқарида

Фото: Getty Images

Жамоанинг сўнгги учрашувлардаги асосий қаҳрамонларидан бири бўлиб турган Роберто Фирминонинг жароҳати эса алоҳида мавзу. Шунинг учун ҳам, унга алоҳида тўхталишга қарор қилдик. Айни пайтдаги «Ливерпуль» таркибида «Арсенал» дарвозасига Фирминодан кўп гол урган футболчи йўқ (8та).

Ҳа, хавф бошқа томондан ҳам келиши мумкин. Муҳаммад Салоҳ ҳам Лондон клубига қарши яхши статистикага эга (7та гол, 2та ассист). Жамоанинг яна бир етакчи ҳужумчиси Садио Маненинг ҳолати ҳам яхши эмас. Демак, бор умид «Миср шаҳзодаси»дан.

Эмиль омили

Фото: Getty Images

Сўнгги беллашувларда «Арсенал»нинг асосий футболчиси сифатида намоён бўлаётган Эмиль Смит-Роу миллий жамоа йиғинида ҳам яхши иштирок этди. Мавсум аввалида 10-рақамли футболка ишониб топширилган Эмиль бунга тўла лойиқ эканини исботлай олмоқда.

Англиянинг Сан-Маринога қарши ўйини Ҳарри Кейнга аталган бўлса-да, ушбу беллашувда Смит-Роу ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйишга эришди. Энди «Арсенал» мухлислари Эмилдан катта ўйинларда ўзини кўрсатишини кутишмоқда. «Ливерпуль»га қарши АПЛ ўйини бунинг учун катта имконият.

Супер Рамздейл

Фото: Getty Images

«Манчестер Сити»га қарши беллашувдан сўнг, жамоа ўйини шунчаки ўзгариб қолмади. Дарвозабон Бернд Лено захирага михланди ва унинг ўрнига Аарон Рамздейл асосий посбонга айланди. Оёқ билан яхши ўйнай олмайдиган Ленода реакция ҳам Рамздейлчалик эмасдек кўриниб қолди.

Жорий мавсум лондонликлар сафида Премьер-лигада ўтказган 8та беллашувида инглиз кипери 5та «қуруқ» ўйинни ўтказди ва ушбу учрашувларда 4та гол ўтказиб юборди, холос.

«Арсенал» сўнгги 9та меҳмон ўйинининг 6тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди.

Ноқулай Лондон

Фото: Getty Images

«Ливерпуль» жорий мавсум фақат лондонликлар билан курашаётгандек. Турнир жадвали пешқадами «Челси» аллақачон мерсисайдлардан 4 очко олдинда. ФИФА кунлари олдидан ўтказилган сўнгги турда «Ливерпуль» «Вест Ҳэм»га мағлуб бўлиб, «болғачилар»ни ҳам ўзидан олдинга қўйиб юборди.

Бундан ташқари, ливерпулликлар Лондон клубларига қарши ўтказилган сўнгги 5 учрашувнинг биттасидагина ғалабага эришишди.

Эски танишлар

Фото: Getty Images

Клопп бугунги беллашувда ўз услубини жуда яхши ўзлаштирган шогирдига қарши баҳс олиб боради. Пьер-Эмерик Обамеянг «Боруссия Дортмунд»да Клопп кашф этган иқтидор эгаларидан бири. Немис мутахассиси қўл остида ёш Пьер 93та ўйин ўтказиб, 41та гол уришга муваффақ бўлганди. У Юрген жамоалари ҳужумчиларига хос прессингда фаол ва босим ўтказишни яхши уддалайдиган футболчи. У жорий мавсум Премьер-лигадаги барча ҳужумчилардан кўпроқ прессингда иштирок этган (374 маротаба). Демакки, ван Дейк ва унинг шерикларига бугун анча қийин бўлади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Мавзуга оид