«Челси» ва «Ливерпуль» учун жиддий синов, Хавида дебют, «Интер» - «Наполи», Шомуродов «Женоа»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси
Ниҳоят, миллий жамоаларнинг йил ҳисобидаги сўнгги йиғинлари якунига етди ва март ойининг охиригача биз фақат клублар футболидан баҳра оламиз. Футбол ҳафтаси сюрприз билан бошланди – «Бавария» аутсайдер «Аусбург»га имкониятни бой берди. Бугун, 20 ноябрдан эса кучли бешлик карвони давом этади – Каталонияда дерби, Италияда чемпионлик тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган баҳс, Англияда классик тўқнашув. Жеррард, Хави каби афсоналар футболчи сифатида порлаган лигаларда мураббийлик дебютини амалга оширадилар. Шомуродов эса Шевченко қўл остига ўтган собиқ жамоасига қарши майдонга тушиши кутилмоқда.
АПЛ. 12-тур
20 ноябрь (шанба)
ЛЕСТЕР – ЧЕЛСИ
Ўйин бошланиш вақти: 17:30
ТВ-трансляция: FutbolTV
«Челси» ўтган турда кутилмаганда дуранг ўйнади ва таъқибчилардан ўзиб кетиш имкониятини қўлдан бой берди. Лондонликлар масъулиятли ҳафтага кириб келишмоқда – етти кунда жамоа «Лестер» ва «Манчестер Юнайтед» билан АПЛда ҳамда «Ювентус» билан Чемпионлар Лигасида майдонга тушадилар. Бу ўйинларда очко йўқотмаслик Тухель шогирдлари учун жуда муҳим.
Дастлабки имтиҳон «Лестер» майдонида бўлиб ўтади ва айтиш мумкинки, Тухел келганидан буён «Челси»ни айнан «тулкилар» қийин аҳволга солгандилар. Ҳатто Англия кубоги финалида «Лестер» 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Тухелни илк совриндан маҳрум қилганди. Январда бўлиб ўтган АПЛ ўйинида эса «Лестер» 2:0 ҳисобида ўз майдонида устун келганди.
Таркиб борасида ҳар икки жамоада ҳам етарлича муаммолар бор. «Челси»да Лукаку ҳали ҳам майдон ташқарисида, лекин жамоа усиз ўйнашни ўрганиб олди, аммо Ковачичнинг йўқлиги айниқса, кучли рақибга қарши билиниши мумкин. Шунингдек, Тимо Вернернинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида турибди. Мезбонларда эса вазият янада оғирроқ. Ҳимоя етакчиси Фоффана ва айниқса, Юри Телеманснинг жароҳати «Лестер»нинг навбатдаги ўйинларида муаммо туғдириши шубҳасиз. Лекин яхши хабарлардан бири, Жеймс Жастин тикланиб, машғулотларга киришди. Аммо ушбу ўйинда қай даражада тайёр бўлиши ҳали маълум эмас.
АПЛ. 12-тур
20 ноябрь (шанба)
ЛИВЕРПУЛЬ – АРСЕНАЛ
Ўйин бошланиш вақти: 22:30
ТВ-трансляция: FutbolTV
Нафақат турнир нуқтайи назаридан, балки жамоаларнинг айни пайтда қайси нуқтага етиб келгани томонидан ҳам ушбу тўқнашувни кузатиш қизиқ бўлади. «Арсенал» барча мусобақаларда мағлубиятсиз сериясини 10тага етказди, бу даврда «Тоттенҳэм», «Лестер» ва «Астон Вилла» каби кучлироқ жамоалар устидан ишончли ғалабалар бўлди. Аммо айнан топ-рақибга қарши «Арсенал»нинг қай даражада тайёр экани бугун маълум бўлади. Бу ўйиндаги ғалаба «Арсенал»ни ҳатто 3-ўринга олиб чиқиши мумкин. Мавсум қандай бошлангани эсимиздан ҳам чиқиб кетди, шундай эмасми?
«Ливерпуль» эса «Олд Траффорд»даги ажойиб ғалабадан сўнг, АПЛда икки ўйинда ғалаба қозонмади, ўтган турда «Вест Ҳэм»дан мағлубият қабул қилинди. Табиийки, Клопп жамоаси ҳам кичик инқироздан чиқиб олишлари ва яна ғалабали йўлга қайтишлари лозим. Бошқа тарафдан, бор имкониятни ишга солиш учун бироз ноқулай палла – футболчилар энди миллий жамоалар йиғинидан қайтди, бир неча жароҳатланганлар бор. Кейта, Фирмино, Гомес, Милнер ва Жонс шерикларига ёрдам бера олмасликлари аниқ. Шунингдек, Робертсон ва Ҳендерсонларнинг ҳам майдонга тушиши, аниқроғи, тўлиқ тайёр бўлишлари сўроқ остида турибди. Фабиньо кечагина Бразилия сафида Аргентинага қарши ўйинда майдонга тушди. У ҳам жисмоний тарафдан муаммоларга эга бўлиши эҳтимоли бор. Яхшиямки, Садио Маненинг жароҳати енгил бўлиб чиқди ва Клоппнинг айтишича, у «Арсенал»га қарши ўйнай олади. Лондонликларда эса янги жароҳатлар йўқ – Жака ва Колашинацлар майдонга қайтишлари учун камида бир ой вақт бор.
Ўзаро учрашувга келсак, сўнгги йилларда «Ливерпуль» яққол устунликка эга, агар айнан «Энфилд»даги учрашувларни эътиборга олсак, АПЛ доирасида сўнгги беш ўйин мезбонларнинг ишончли ғалабаси билан тугаган. Умуман олганда, «Арсенал» охирги марта 2012 йилнинг сентябрида «Энфилд»да ғалаба қозонганди. Ўша ўйинда майдонда Суарес, Подольски, Жеррард, ҳатто Артета ҳаракат қилганини эсласак, анча вақт бўлганини ҳис қилиш мумкин.
А Серия. 13-тур
20 ноябрь (шанба)
ЛАЦИО – ЮВЕНТУС
Ўйин бошланиш вақти: 22:00
ТВ-трансляция: Sport
«Ювентус» аста-секин кучли тўртликка яқинлашиб келаётган ва орадаги фарқ 4 очкога келиб қолган бўлса-да, бу туринликларда ҳаммаси жойида эканини англатмайди. Аллегри шогирдлари А Серияда қаторасига уч ўйинда ғалаба қозона олмади ва сўнгги турга келибгина «Фиорентина» устидан минимал ғалабага эришди. Ўша ўйинда ҳам «Фиорентина» бир ўйинчи кам бўлиб қолгандан кейингина, «Ювентус» ғалаба голини урди. Агар «Аталанта», «Лацио» ёки «Рома» сал барқарорроқ натижалар кўрсатаётган бўлганида, «Ювентус»нинг ҳолати анча оғир бўларди.
Ҳозирда «Лацио»да 12 ўйиндан 21, «Ювентус»да эса 18 очко бор. Ушбу ўйин натижаси «Лацио»ни тўртинчи ўринга олиб чиқиши ёки аксинча, 9-ўринга тушириб юбориши мумкин. «Ювентус» эса римликларни қувиб ўтиши ёки яна турнир жадвалининг иккинчи ярмига қайтиш ҳам мумкин.
Ўзаро ўйинлар борасида меҳмонлар яққол устунликка эга. Охирги 30 ўйиннинг 21 тасида «Ювентус»нинг қўли баланд келган. Айнан Римдаги ўйинларга келсак, ўтган мавсумда 1:1 ҳисобида якунланган, Канселунинг 90+5-дақиқадаги голи римликларга ягона очкони олиб келганди. Икки йил аввал эса «Лацио» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
Таркиблар борасида «Ювентус»да жароҳатланганлар кўп, аммо «Лацио»нинг йўқотиши кўпроқ таъсир кучига эга бўлиши мумкин. Дибала, Кьеллини, Рэмзи, Де Шильо ва Бернардескилар майдонга тушмаса-да, туринликлар уларсиз ҳам ўйнашга ўрганиб қолишган. Аммо Чиро Иммобиленинг йўқлиги мезбонларга катта йўқотиш бўлади. Чиро 10та гол билан А Сериянинг энг яхши тўпурари саналади.
Ла Лига. 14-тур
20 ноябрь (шанба)
БАРСЕЛОНА – ЭСПАНЬОЛ
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: FutbolTV
Клублар ўртасидаги футбол танаффусга чиққан бўлса-да, «Барселона»да зерикиш бўлмади. Клубда мураббий алмашди ва ҳатто трансферлар ҳам содир бўлди. Хавининг қайтиши ва унинг жамоада нафақат ички тартиб-қоидалар ва тамойиллар, балки майдондаги ўйин услубини тубдан ўзгартиришга киришгани ушбу ўйинга бўлган қизиқишни оширади. Бунинг устига бу ўйин Каталония дербиси – «Эспаньол» «Камп Ноу»да муносиб қаршилик қилиши шубҳасиз.
«Эспаньол» ҳозирда «Барса» билан бир хил очко тўплаб турганининг ўзи ҳам кўп нарсани ифодалайди. Аммо эътиборга молик жиҳати «Эспаньол» ишончли ўйинларини асосан ўз майдонида ўтказган ва ҳатто «Реал» устидан ҳам ғалаба қозонган. Аммо сафар ўйинларида Висенте Морено шогирдларида муаммолар бор. Жамоа меҳмондаги ўйинларида 6 баҳсда атиги 3 очко қўлга киритган, бирорта ҳам ғалаба қозонмаган ва бу кўрсаткичлар бўйича Ла Лигада 18-жамоа бўлиб турибди. Бундай муваффақиятсиз анъана жамоанинг «Камп Ноу»даги ўйинларида ҳам кўрилади – айнан ушбу стадионда ўтган Ла Лига доирасидаги охирги 10 дербида «Эспаньол» нафақат ғалаба қозона олмаган, балки дуранг ўйнашнинг ҳам уддасидан чиқмаган. Тўплар нисбати эса – 33:2.
Нима бўлсаям, рақиб ким бўлишидан қатъи назар, Хавининг мураббий сифатида Европадаги дебютини ўтказиб юбориб бўлмайди. Жамоа ўйинидаги, таркибдаги ўзгаришлар, янги фалсафа илк ўйиндаёқ сезилиши лозим. Ҳар ҳолда Хавининг ўзи бунга ваъда бермоқда.
А Серия. 13-тур
21 ноябрь (якшанба)
ИНТЕР – НАПОЛИ
Ўйин бошланиш вақти: 22:00
ТВ-трансляция: Sport
«Интер»да «Милан» ва «Наполи»га қарши кетма-кет ўйинларда майдонга тушиб, ушбу пешқадамлар билан ўртадаги фарқни қисқартириш имкони бор эди. Милан дербисида мақсадга эришилмади, ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. Эндиликда, «Интер»нинг пешқадамлардан фарқи 7 очкони ташкил қилмоқда. Агар мағлубиятга учраса, фарқ 10 очкога етади ва жамоа чемпионлик пойгасида иштирок эта олмайди. Ғалаба эса ҳам «Интер»ни «Наполи»га яқинлаштириши, ҳам пешқадамларга қўшимча босим юклаши мумкин. Ҳар ҳолда чемпионлик тажрибаси «Интер»да бор. Бунинг устига «Милан» ҳам сафарда «Фиорентина»га қарши қийин ўйинда майдонга тушади. Бу тур чемпионликка даъвогарлик борасида қисман ҳал қилувчи бўлиши мумкин.
Ўзаро ўйинларга келсак, деярли тенгликни кузатиш мумкин. Охирги 28 ўйиннинг 11тасида «Наполи»нинг қўли баланд келган. 8 ўйинда миланликлар устун келган бўлса, 9 учрашув дуранг билан якунига етган. Миланда бўлиб ўтган сўнгги учрашувда Лукакунинг пенальтидан урган голи ўйин тақдирини ҳал қилганди. Умуман «Интер» мезбонлик қилган охирги 4 ўйинда мезбонлар уч ғалабага эришишган ва бир ўйин дуранг бўлган. Бу ўйинларда «Наполи» бирор марта ҳам гол ура олмаганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Бу учрашувдан уч кун ўтиб, «Интер» «Шахтёр»га қарши ЕЧЛда ҳал қилувчи ўйинда майдонга тушишини ҳам таъкидлаш керак. Хуллас, Симоне Индзаги учун мавсумнинг энг ҳал қилувчи уч кунлиги бошланмоқда.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
20 ноябрь. АТАЛАНТА – Специя (19:00), БОРУССИЯ – Штутгарт (19:30), СЕВИЛЬЯ – Алавес (20:15), ПСЖ – Нант (21:00), АТЛЕТИКО – Осасуна (22:30), Фиорентина – МИЛАН (21 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)
21 ноябрь. МАНЧЕСТЕР СИТИ – Эвертон (19:00), Гранада – РЕАЛ (20:15), ТОТТЕНҲЭМ – Лидс (21:30), Женоа – РОМА (22 ноябрга ўтар кечаси, 00:45).
Мавзуга оид
10:38 / 09.12.2024
Европада камбэклар куни. «Челси» ҳимоячиси рақибга голлар совға қилди ва бутсасини ташлаб юборди
13:54 / 30.11.2024
Нохуш сериядаги «Сити» «Энфилд»га боради, Германияда Дер Класикер, «Интер» «Фиорентина»га қарши — ҳафта ўйинлари анонси
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024