Жамият | 18:45 / 20.11.2021
44222
10 дақиқада ўқилади

«Кальмар ўйини» — Агар филмни ўзбек режиссёрлари олганда унда қандай муаммолар акс этарди?

17 сентябрда Netflix платформасига жойлаштирилган Жанубий Кореянинг Squid game («Кальмар ўйини») фильми 2 кунда платформанинг топ 10таликдаги киносига айланди.

Фото: Netflix

Тўққиз қисмдан иборат мини сериал ҳозир 100 дан ошиқ давлатда хитга айланган. Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиняпти, бутун дунё кино ҳақида гапирмоқда.

Squid game’ни томоша қилган закий томошабин уни шунчаки кино эмас, балки Жанубий Кореяда кучайиб бораётган ижтимоий нотенглик, уй хўжаликлари қарзларининг ошиб бориши, паст даромадли кишиларнинг оғир аҳволи акс этган драма эканини тезда пайқаб олади.

Бу борада корейс жамиятини қийнаётган ўнлаб муаммоларни қизиқарли бир фильмга жамлай олгани режиссёр Хван Дон Хёкнинг катта муваффақияти дейиш мумкин.

Фильмнинг эълон қилинган сўнгги қисмини кўриб тугатарканман (айтишларича, кино ҳали якунлангани йўқ), ўзбек жамияти ҳақида ўйлайман. Хўш, агар ўзбекистонлик режиссёрларга ҳам етарли маблағ ва эркин ижод имконияти яратилиб, дейлик «Каламушлар ўйини» номли фильм олиш топширилса, улар жамиятимиздаги қайси муаммони кўтариб чиққан бўларди? Яъни бугун ўзбек режиссёрларини жамиятимиздаги қайси муаммолар кўпроқ ўйлантиради, қийнайди? Айни шу савол билан режиссёрларга юзланаман.

Зулфиқор Мусоқов
Машҳур кинолари: «Абдуллажон», «Кичкина табиб», «Осмондаги болалар», «Ватан».

CCO7bWJwlfUTDTb596bpKhmNLtcfgNGi.jpg (800×484)

— Жамиятда муаммолар жуда кўп, бу борада ўзбек жамияти ўзига хос деградация ҳолатида дейиш ҳам мумкин. Сўрадингиз, айтаман. Мени кўп қийнайди, одамларнинг хусусий мулки савол-сўроқсиз бузиб ташланавериши, олиб қўйилавериши? Мени кўп қийнайди, айрим ҳокимларнинг халққа қилаётган зўравонликлари чегара билмаслиги? Мени кўп қийнайди, айрим амалдорлар нега бунчалик нопрофессионал? Мени кўп қийнайди, нега умид билан қандайдир муаммо ҳақида гапирган, юқорига арз қилган одамлар қаердандир топилган, ёпиштирилган айб билан қамалиб қолаверади?

Очиғи, мен ёшимни яшаб бўлган одамман. Ижодни тўхтатиб, тинч яшашим ҳам мумкин, лекин халқнинг муаммоларини сезиб, кўриб туриб, қандай тинч яшашим мумкин? Ахир, виждони бор одам ноҳақликни кўриб, жим туролмайди-ку.

Ўйлашимча, президентнинг кўплаб эзгу ишларини жойлардаги айрим амалдорлар ё тушунмаяпти, ёки тушуниб туриб, хато бажаряпти. Киноларимда шуларни акс эттиришга интиламан.

Шу ўринда яна бир муаммо ҳақида гапириб олсам. Одамлар мендан «Осмондаги болалар 3»ни қачон оласиз, дея кўп сўрайди. Оламан, менда ҳатто сценарий ҳам тайёр. «Осмондаги болалар 3» (фильм номи «Ердаги оталар») номли фильмда аввалги қаҳрамонларнинг фарзандлари ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Мен бу сценарийни «Ўзбеккино» миллий агентлигига берганимга 1 йил бўлди. Аммо масъуллар ҳар хил баҳоналар билан фильмимга маблағ ажратишни пайсалга солиб келяпти, ҳатто муҳокамага ҳам ўтказишмаяпти. Аслида шу кинойимда ҳам кўп муаммолар ҳақида сўз боради.

Рустам Саъдиев
Машҳур кинолари: «Сотқин», «Барон», «Келгинди келин».

— Савол ўринли ва айни пайтда жуда қизиқарли. Шу маънода, бугунги шахсий кузатувларим ва кинодаги фаолиятим орқали билганим – ёшларнинг ҳаёти, уларнинг муаммоларига оид мавзулар мени кўп ўйлантиради. Бунинг бир нечта сабаби бор.

Биринчидан, ҳозир жуда прогрессив замон. Интернет олами чексиз, очиқ ва ҳар қандай маълумот билан тўла. Савол туғилади, ундаги қайси маълумотлар бизнинг жамиятимизга тўғри келади ёки келмайди?

Хулоса қилсак, ёшларимизга тўғри келмайдиган маълумотлар интернетда кўпроқ. Мақсадим – яхши бир фильм орқали шу борадаги саволларга жавоб топиш.

Бугун биз режиссёрлар ёшлар интернет орқали кўраётган ва заҳарланаётган иллатларга қарши ғоя бера оладиган фильмлар ола билишимиз керак.

Шунингдек, сезаманки, бугун ёшлар ва ёши катталар дунёқараши ўртасидаги тафовутлар жуда катталашиб бормоқда. Менимча, бу фарқ бунчалик тез катталашиб кетиши керак эмасди. Тарихдан то шу пайтгача бу жараёнда доим меъёр бўлиб келган. Нега бу меъёрлар бугун парчаланиб боряпти? Мен шу меъёр ва уни парчалаётган сабаблар ҳақида кино қилмоқчиман.

Жаҳонгир Аҳмедов
Машҳур кинолари: «Омад», «Исломхўжа», «Илҳақ».

h0Yy6_6AooXvYkjMwyfjufnNlBX5Mxxr.jpg (1000×650)

— Сиз берган саволга мени анчадан бери ўйлантириб юрган аччиқ бир муаммо жавоб бўлади деб ўйлайман. Мен бу ҳақда ҳатто кино суратга олишни ҳам ўйлаб қўйганман. Унинг номи – «Она».

Биз кўпда буни ёддан чиқарамиз – жамиятнинг бугуни ва келажаги, фарзандларимизнинг тақдири, қўйингки, ҳамма нарса оналар, уларнинг дунёқараши ва билимига боғлиқ.

Биз ўзбек жамиятида онанинг ўрнини жойига қўйишимиз керак. Ишонинг, бугунги муаммоларимиз яна ўн йиллардан кейин ҳам ўзгармайди, агарки биз қизлар, бўлажак оналар тарбияси борасида бугунги дунёқарашимизни ўзгартирмасак.

Инглизлар айтади: Сен ўзингни тарбияла, фарзандинг барибир сенга ўхшайди. Шу маънода биз ҳаммамиз оналаримизга ўхшаймиз. Бу савол ҳаммамизни ўйлантиради, хўш, бугунги ёшларни қандай оналар тарбия қилмоқда? Бугунги қизларимиз эртага қандай она бўлади?

Сарвар Каримов
Машҳур кинолари: «Сеҳрли қалпоқча 1», «Сеҳрли қалпоқча 2», «Сарвқомат дилбарим»

Фото: themag.uz

— Фикримча, сифатсиз таълим бугунги жамиятимизнинг энг оғриқли муаммосидир. Сиз исталган муаммони гапиринг, мен унинг сабабини таълимдан топиб бераман.

Бугун Ўзбекистондаги таълим сифати (мактаб, олий таълим) жуда ёмон баҳога лойиқ. Сиз айтган номда кино олсам, унда албатта таълим мавзуси ва муаммолари ёритилади.

Руслан Мирзаев
Машҳур кинолари: «Снайпер», «Жодугар», «Ёндиради, куйдиради»

— Илмсизлик. Айни шу иллат ҳозирги ўзбек жамиятидаги барча муаммоларнинг доясидир.

Бугун ўзбекни кўп жойда танишмаслиги, халқимизнинг кўплаб соҳаларда қолганлардан ортда эканининг сабаби ҳам илмсизликдир. Илмсиз халқ маишийликка ўч бўлади. Ўйлаб кўринг-чи, ўзбек жамиятида бугун қандай мавзудаги фильмларга талаб юқори? – Ҳа, маиший мавзудаги. Ақл, тафаккур талаб қиладиган фильмларни бугун одамлар кўрмайди, тушунмайди. Хўш, шундай жамиятда режиссёрлар қандай кино олсин?

Фикримча, халқнинг илм даражаси ҳукуматнинг ирода даражасига боғлиқ жиҳатдир.

Шавкат Комилов
Машҳур кинолари:«Заҳарли томчилар», «Фарҳод ва Ширин», «Кўз ёшим».

— Атрофимизда оғир меҳнати кўпда ҳис қилинмайдиган бир соҳа кишилари бор, бу – ЙПХ (йўл патрул хизмати) ходимлари.

Ижод сабаб одатда уйга кеч қайтаман. Тунги 1, 2, 3... Ва шунда кўраманки, айнан йўл патрул хизмати ходимлари ҳар қандай вақт ва фаслда ҳам оиласи ҳамда биз учун меҳнат қилади. Шу инсонлар ҳаёти ҳақида ҳам яхши бир фильм олсак ёмон бўлмайди.

Мухлиса Азизова
Машҳур кинолари: «Скорпион», «Аёл», «Мени ҳам эшитинг».

Фото: weproject.media

— Уйда қизларга, аёлларга қилинадиган маиший зўравонликлар мени энг кўп ўйлантирадиган муаммо, оғриқ. Қизларнинг бу борадаги психологик қийинчиликларини шу ҳолатни кўрган қизларгина тушуна олади.

Бу мавзулар бизда кўп вақт табу бўлиб келди ва мана эндигина гапирила бошланди.

Статистика бўйича қизлар ва аёлларга бўладиган зўравонликларнинг энг кўп фоизи оилаларда рўй беради.

Қизлар оилада ўзи, онаси, опаси, келинойисига бўладиган зўравонликларни кўриб катта бўларкан, у келажакда ҳам шундай оила қилади. Бу психологияда исботланган амалиёт.

Оиласида зўравонлик кўрмаган қизларнинг келажакда қурган оиласи ҳам тинч бўлади. Мен айни шу мавзуда яхши бир кино олишни орзу қиламан.

Шокир Холиқов
Машҳур кинолари: «Бизни тушунишмайди», «Чой», «Месси».

Фото: Шокир Холиқовнинг шахсий архивидан

— Саволингизга кечроқ жавоб ёзяпман. Чунки шу савол атрофида бугун кун бўйи ўйландим, хаёл сурдим. Фикримча, бугун ўзбек жамиятини емираётган, қийнаётган энг катта муаммолар бу — коррупция ва монополиядир.

Бугун айрим амалдорлар халқнинг ҳақини, мулкини яратгувчининг, халқнинг нафрати, жазосидан қўрқмай емоқда, ўғирламоқда.

Шунингдек, мени одамлар топаётган даромадларнинг яшаш учун керакли маҳсулотларга етмаслиги, ошиб бораётган нархлар сабаб, одамларнинг ишлаш соатлари ҳам ортаётгани, мигрантларимиз аҳволи кўп ўйлантиради. Мен кино олсам айни шу мавзуларда оламан.

Дилшод Аҳмедов
Машҳур кинолари: «Фитна», «Омонат», «Тўқликка шўхлик».

— Ишсизлик муаммосини бугунги ўзбек жамиятининг оғриқли яраси, деб ҳисоблайман. Бизнинг бошқа кўплаб муаммоларимиз ҳам айни ишсизлик орқасидан келиб чиқяпти.

Шунингдек, сўнгги вақтларда ўзбек ёшлари орасида айрим дори воситаларини кайф-у сафо илинжида истеъмол қилиш ва унга қарам бўлиб қолиш ҳолатлари урчимоқда. Агар ҳукумат бу муаммога ҳозир жиддий эътибор қилмаса, у кўп ўтмай ечими йўқ, даҳшатли муаммога айланади.

Феруз Баҳодиров
Машҳур кинолари: «Золушка», «Олий таълим», «Уй».

— Ўзбек жамиятида ёлғон, одамларнинг ўз манфаати йўлида бир-бирини уятсизларча алдаши жуда урчиб кетган иллатдир.

Буни Ўзбекистонга четдан келган инсонлар тезда билиб олиши мумкин. Масалан, ўтган ой яқин бир танишим Америкадан келди. Унинг 15 ёшли қизи билан суҳбатда эшитган гапим мени даҳшатга солди. У айтдики, «Ўзбекистонда одамлар яхши, лекин бир-бирини жуда кўп алдайди...»

Фильм қилсам, унинг мавзуси жамиятда урчиган ёлғонлар ҳақида бўлади.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Мавзуга оид