Жамият | 15:21 / 23.11.2021
12200
3 дақиқада ўқилади

«Ҳеч қандай муаммо йўқ» — «Ўзбеккино» «Осмондаги болалар 3» фильми бўйича Зулфиқор Мусоқовнинг эътирозларига жавоб берди

Зулфиқор Мусоқов / Фото: Kun.uz

20 ноябр куни Kun.uz сайтида «Кальмар ўйини» — Агар филмни ўзбек режиссёрлари олганда унда қандай муаммолар акс этарди?» номли мақола эълон қилинганди.

Кино режиссёрларининг ўзбек жамияти муаммолари борасидаги мулоҳазалари акс этган мақолада таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов ҳам фикр билдирган ва «Ўзбеккино» миллий агентлигига ўзининг айрим танқидларини айтиб ўтганди.

«Одамлар мендан «Осмондаги болалар 3»ни қачон оласиз, дея кўп сўрайди. Оламан, менда ҳатто сценарий ҳам тайёр. «Осмондаги болалар 3» (фильм номи «Ердаги оталар») номли фильмда аввалги қаҳрамонларнинг фарзандлари ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Мен бу сценарийни «Ўзбеккино» миллий агентлигига берганимга 1 йил бўлди. Аммо масъуллар ҳар хил баҳоналар билан фильмимга маблағ ажратишни пайсалга солиб келяпти, ҳатто муҳокамага ҳам ўтказишмаяпти. Аслида шу кинода ҳам кўп муаммолар ҳақида сўз боради», — деганди Мусоқов.

Kun.uz мухбири режиссёр билдирган ушбу танқидларга аниқлик киритишни сўраб «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати раҳбари Нозим Сафари билан боғланди.

Матбуот котибига кўра, «Осмондаги болалар 3» фильми молиялаштирилиши бўйича ишлар пайсалга солинаётгани ҳақидаги гаплар асосга эга эмас. Яқиндагина «Ҳайрат» фильмини якунлаган режиссёр янги низомга кўра, агентликка шунчаки лойиҳасини қайта топшириши зарур бўлади.

«Шу холос. Бошқа ҳеч қандай тўсқинликлар мавжуд эмас.

Режиссёр Мусоқов Кинематография агентлигига «Осмондаги болалар 3» фильми билан бирга «Ҳайрат» фильмининг сценарийсини ҳам тақдим этган. Бадиий кенгаш эса «Ҳайрат» фильми сценарийсини кўриб чиқиб, тасдиқлаган. У 2021 йилда ишлаб чиқарилди ва томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Фильмларнинг сценарийлари тартиб бўйича Кинематография агентлигининг Бадиий кенгашида танлов асосида кўриб чиқилади. Танлов мавзулари эълон қилинганда, мавзуга оид оригинал сценарийлар муҳокамага қўйилади. Ҳозирда ушбу танловнинг янги низоми тасдиқланиши кутилмоқда. У тасдиқланган тақдирда режиссёр талабларга мувофиқ ўз фильми сценарийсини агентликка қайта топшириши мумкин. У албатта кўриб чиқилади», – деди матбуот котиби.

Мавзуга оид