Ўзбекистон | 17:56 / 25.11.2021
5677
3 дақиқада ўқилади

«Экологияга энг кўп заҳар чиқараётганлар унинг юкини ёш давлатларга ташламоқда» — Ўзбекистоннинг Глазго саммитидаги иштирокига изоҳ берилди

24 ноябр куни АОКА мажлислар залида Глазго шаҳрида 1-13 ноябр кунлари иқлим ўзгариши бўйича ўтган саммит (COP26) якунлари ва унда Ўзбекистоннинг иштирокига бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинди.

Kun.uz мухбирига кўра, матбуот анжуманида гапирганлар ҳозирда энг йирик иқтисодга эга 20 та давлат экологияга етказаётган зарари юкини эндигина ривожланаётган давлатлар зиммасига ташлашга интилаётганини таъкидлаган.

«Ҳозир дунё экологиясига ҳар йили чиқарилаётган газларнинг энг кўп қисми айнан ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Бу борада Хитой халқ республикаси экологияга энг катта салбий таъсирни кўрсатмоқда. Жумладан, у ҳар йили экологияга 9 млрд 826 млн тонна захарли иссиқхона газларини (СО2) чиқаради. Бу – жами кўрсаткичнинг 29 фоизини ташкил қилади. Шу кўрсаткичлар бўйича кейинги ўринда АҚШ – 5 млрд тонна (14,5 фоиз), Европа Иттифоқи давлатлари – 3 млрд тонна (9,7 фоиз), Хиндистон – 2,5 млрд тонна (7,3 фоиз), Россия – 1,5 млрд тонна (4,5 фоиз) ва Япония – 1,1 млрд тонна (3,3 фоиз) туради.

Фото: АОКА

Улар дунёнинг иқдисодиёт жиҳатидан энг кучли 20 та давлати. Шундай бўлса-да, биз ҳам Глазгодаги саммитда шунчаки қатнашмадик – ўз фикрларимизни айтдик. Умуман, нафақат биз, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам «Катта йигирматалик»ни юқоридаги кўрсаткичларни камайтиришга чақирди.

Шунингдек, ушбу давлатлар ёш ва эндигина ривожланаётган давлатларга маблағ ва техника борасида ёрдам кўрсатсагина, бу борадаги муаммоларга қандайдир таъсир кўрсатиш мумкин», — деди Гидрометеорология хизмати маркази директори ўринбосари Ибратжон Каримов.

V_OCVk0FbbluzU59YdtLJZuw_gfVXq9L.jpg (1280×853)
Фото: АОКА

Унинг қўшимча қилишича, экологияга чиқаётган газнинг энг кўп улуши ёқилаётган кўмир ҳисобига тўғри келади. Бу борада кўмирдан олинаётган самарадорлик шамол ва қуёшдан олинаётган энергия самарадорлигидан кўра юқорироқдир.

«Шу боис катта иқдисодиётли давлатлар кўмирдан воз кечишни хоҳламаяпти.

Умуман, Глазго саммити якунида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш томонидан бир жумла ишлатилди: «Энг ёмон натижалар ичида энг яхшиси танланди», – деди Каримов.

Саммит борасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Умуман, Глазго саммитидан кўзланган мақсад кўмирдан фодаланишни бутунлай тўхтатиш эди. Лекин бунга эришилмади. Унинг ўрнига кўмирдан фойдаланишни босқичма-босқич камайтириш масаласида тўхталди. Шунингдек, яшилликка ўтишда ҳамма бирдек ҳаракат қилишига келишиб олинди. Бу борада ростдан ҳам, энг йирик давлатлар бошини тортиб турса-да, бошқалар ҳаракат қилаверса, натижадорлик юқори бўлмайди.

Шунингдек, биз давлатлар иқтисодиётининг асосий кучи бўлган – кичик ва ўрта бизнесни ҳам яшил технологияларга босқичма-босқич адаптация қила боришимиз керак.

Афсуски, дунёда иқтисодий энг кучли давлатлар – «Катта йигирматалик» ва экологияга энг кўп зарар келтираётган ҳам улардир», – деди Казбеков.

Мавзуга оид