Африка ва Ҳонгконгда янги штамм, ЖССТ шошилинч йиғилиш чақирди
ЖАРда коронавируснинг янада юқумли янги мутацияси аниқланди. Айрим мутахассислар вакциналар унга қарши самарали бўлмаслигидан хавотирда. Covid-19’нинг янги тўлқини марказида қолган Европа қайта эмлаш ва болалар бустер вакциналари дастурини ўтказмоқда. Буларнинг бари иш навбатдаги локдаунга қараб кетаётганини англатади.
Дунёда коронавирусни юқтириб олиш ҳолатлари аста-секин ўсиб бормоқда. Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, сўнгги 28 кунда қарийб 14 миллион киши Covid-19’ни юқтириб олди, 201 минг киши вафот этди. Ҳафтадан ҳафтага касалланганлар сони ортиб боряпти, бироқ ўлим ҳолатларининг ҳафталик кўрсаткичлари октябрь ойи охиридан бери барқарор – 47-50 минг киши даражасида қолмоқда.
Бугунги кунда Ғарбий Европа касаллик тўлқинининг навбатдаги марказига айланган. У ерда ҳар икки кунда қарийб миллион киши касалланмоқда. 25 ноябрь куни Европа бўйлаб ўлим кўрсаткичи, Франс пресс агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, бир ярим миллиондан ошиб кетди.
Рождество байрамлари арафасида ҳукуматлар навбатдаги кескинликнинг олдини олиш учун чоралар кўрмоқда.
ЖАРда коронавируснинг янги варианти
ЖАРда коронавируснинг B.1.1.529 номли янги мутацияси аниқланди.
«Бу вариант аввалгиларига қараганда юқумлироқ. Эҳтимол, вакциналарга камроқ таъсирчан», деди BBC’га берган интервьюсида жанубий африкалик эпидемиолог, профессор Салим Карим.
26 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари вазиятни баҳолаш учун ЖАРда ушбу мамлакат амалдорлари билан учрашади. Янги вариант грек алфавити ҳарфи бўйича номланиши («Дельта» вариантига ўхшаб) ва «Ню» номини олиши мумкин.
25 ноябрь куни Буюк Британия ҳукумати мутация билан боғлиқ хавотирлар туфайли Африканинг бир неча мамлакати (ЖАР, Намибия, Зимбабве, Ботсвана, Лесото ва Эсватини)дан келганлар учун мажбурий карантин жорий этди. Ушбу мамлакатлардан Буюк Британияга парвозлар вақтинчалик тақиқланган.
Бу штамм илк бор Преториядаги бир неча талабада аниқланди.
Жанубий Африка Эпидемиологик реакция маркази раҳбари Тулио де Оливейра FT нашрига янги касалланиш ҳолатларининг 90 фоизи Гаутенг провинциясига тўғри келишини айтган, бу ЖАРнинг аҳолиси энг кўп яшовчи Йоханнесбург шаҳрини ҳам ўз ичига оладиган ҳудуддир.
«Жавоб топилиши керак бўлган асосий савол - у вакцинага қай даражада таъсирчанлигидир», деган у.
ЖАР расмийлари маълумотига кўра, мамлакатда янги вариант билан касалланганлар сони 77 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек Ботсванада тўрт, Ҳонгконгда бир кишида шу вариант аниқланган.
Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид олимлар янги вариант борасида жуда хавотирланаётгани, чунки унда «Дельта» вариантига қараганда икки марта кўпроқ мутациялар бўлиши мумкинлигини маълум қилди. «У анча юқумли бўлиши, бизда ҳозирда мавжуд вакциналар самараси эса камроқ бўлиши мумкинлигини англатади», деди у.
Олимлардан бири BBC мухбирига янги штамм аввалги барча вариантларга қараганда кўпроқ хавотир уйғотаётгани, чунки у Хитойнинг Уҳан шаҳрида пайдо бўлган вариантдан кескин фарқ қилишини айтди. Коронавируснинг аввалги вариантлари ҳам жуда хавотирли деб таърифланган, бироқ қайғули прогнозлар ҳали амалга ошмади. Умуман олганда, ЖАРда янги штамм жуда тез тарқалаётгани белгилари бор.
Ҳозирги вақтда мутациянинг ҳақиқий хавфини аниқлаш имконсиз.
Каримнинг сўзларига кўра, янги штамм катта эҳтимол билан коронавирус юқтириб олган, иммун тизими ишдан чиққан одам организмида пайдо бўлган. Талабаларнинг ПЗР тестлари «Альфа» варианти изига ўхшаш ғалати аномалияни кўрсатди. Бир неча кун аввал уларнинг таҳлиллари университетга юборилди, 25 ноябрь куни эса тадқиқот натижалари пайдо бўлди.
Экспертнинг айтишича, мутация вирусга ижобий электр заряди беради, натижада вирус нормал манфий зарядланган инсон ҳужайрасига осонроқ ёпишиш имконига эга бўлади.
Мутахассиснинг тушунтиришича, мутация аввалги бир неча вариантга хос жиҳатларни ўзида бирлаштирган. Унинг сўзларига кўра, янги вариант вакциналарга чидамли бўлиши мумкин. Бироқ сайёра аҳолисининг деярли ярми эмлангани учун у барибир катта хавф туғдирмайди.
Бустерлар ва болалар учун вакциналар
Францияда коронавируснинг тасдиқланган ҳолатлари ўртача ҳар 11 кунда икки марта ортмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран мутахассислардан 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни эмлаш имкониятларини ўрганишни сўрашини маълум қилди.
Бир вақтнинг ўзида мамлакат расмийлари қўшимча укол ёки бустерлар дастурини ишга туширмоқда. Ушбу дам олиш кунлари 18 ёшдан катта бўлган барча фуқаролар эмланиши мумкин бўлади. Ҳозирда Францияда бустер дозани 65 ёшдан катта, шунингдек, Covid-19 кечишини оғирлаштириши мумкин бўлган касалликларга эга одамлар олиши мумкин. Бустер дозани ҳозирдаги каби ҳар ярим йилда эмас, ҳар беш ойда олиш мумкин бўлади.
«Тақдиримиз аввалгидек ўз қўлимизда», деди Веран матбуот анжуманида фуқароларни ижтимоий масофа қоидаларига амал қилишга чақириб.
Франциядаги вазият ҳали ҳам оғир эмас: расмий маълумотларга кўра, жонлантириш бўлимларида 1600 киши бор. The Local журнали ҳисоб-китобларига кўра, улар шифохоналардаги ўринларнинг қарийб 30 фоизини эгаллаган.
Бустер кампанияси учун ҳам вакцина етарли. Ҳозир Франция расмийларида 25 млн дозага яқин вакцина бор. Мутахассислар касалликни юқтириш ҳолатларининг ўсишини қулай об-ҳаво билан боғламоқда. У французларга вақтини катта давраларда ўтказиш имконини беради. Бундан ташқари, бу қўшни Буюк Британия ва Бельгияда касалланиш ҳолатларининг ўсиши, шунингдек, «вакцина кучи йўқолиши» билан ҳам боғлиқ.
Вакцина ўз самарадорлигини биринчи эмланишдан тахминан ярим йил ўтиб аста-секин йўқотиши ана шундай аталади. Ана шу йўқолиш ўрнини қоплаш учун ҳам бустер доза тавсия этилмоқда.
25 ноябрь куни Европа комиссияси блок мамлакатлари ўртасидаги парвозлар учун зарур бўлган ҳақиқий «Covid паспорт»ни сақлаб қолиш учун бустер дозаларни мажбурий талаб қилишни тавсия этди. Регуляторлар ҳар ярим йилда бустер вакцина олишни мажбурий этиб белгилашни таклиф қилмоқда.
Шунингдек, пайшанба куни Европанинг дори воситалари агентлиги беш ёшдан бошлаб болалар учун эмланишни маъқуллади.
Германия: даҳшатли антирекорд
Роберт Кох институти ҳисоб-китобларига кўра, Германия 25 ноябрда пандемия бошидан бери илк марта 100 минг ўлим ҳолати чегарасини босиб ўтди. Кунлик касалланиш ҳолатлари ҳам юқори - 75 961 янги ҳолат ва бу рекорд даража. 24 ноябрь куни ҳукумати сўнгги йиғилишни ўтказган канцлер Ангела Меркель ўз ворисига чақириқ билан чиққанди.
Меркель бўлажак канцлер Олаф Шольцни пандемияга қарши курашни заифлаштирмасликка чақирди. Аввалроқ Шольц ҳукуматини Германияда вирусга қарши бир қатор чекловларни узайтиришни рад этгани учун танқид қилишганди. «Вазият жуда оғир, биз ўсишни кузатяпмиз. Бугун касалланганлар – 10-14 кундан кейин реанимацияга тушиб қоладиганлар... Ҳар бир кун муҳим», деди Меркель.
Мамлакат соғлиқни сақлаш тизими сўнгги ойларда қўшни давлатлардаги касалхоналарга ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Ўтган ҳафтада немис расмийлари фуқаролардан оммавий транспортдан фойдаланганда ёки ишга борганда антитана мавжудлиги ёки вакцина олинганлигига исбот кўрсатишни талаб қила бошлади.
Айрим туманларда Рождество ярмаркалари бекор қилинди, вакцина олмаганлар эса бар ва спорт залларига киритилмаяпти.
Экспертлар Германияда касалланишнинг ўсиши сабабини вакцина олганлар нисбатан камлиги (аҳолининг 69 фоизи) билан боғлиқ деб ҳисоблашяпти. Бустерларни тарқатиш кампанияси эса логистик узилишлар туфайли танқидга учрамоқда.
Мавзуга оид
10:19 / 20.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасида ўзаро визасиз тартиб ўрнатиш масаласи муҳокама қилинмоқда
14:40 / 14.12.2024
Литийга талаб ошгани ортидан Нигериядаги конларда болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда
23:51 / 10.12.2024
Хитой «Ҳонгконг ишига алоқадор» АҚШ фуқароларига виза беришни чеклади
17:40 / 03.12.2024