Ўзбекистон | 13:53 / 01.12.2021
130142
8 дақиқада ўқилади

Қонли 90-йиллар: Мафия ва кўча қонунлари амал қилган Ўзбекистон

Қиморда ютқазилган 200 нафар қиз, “Дендропарк”даги тўдалар жанги, бир дона лимонга алмашилган машина... Уюшган жиноятчилик авж олган яқин ўтмиш ҳақида нималарни биламиз?

Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асари бежиз яралмаган. Яқин тарихимизнинг шундай йиллари борки, жиноятчилик кескин ошиб кетган, кўчаларда бемалол юриб бўлмаган, қуролланган тўдалар ўртасидаги урушлар шаҳарлар марказларида очиқдан очиқ бўлиб турган. Гап қонли тўқсонинчи йиллар ҳақида.

Фото: Kun.uz

“Мафия” атамасининг ватани Италиянинг Сицилия ороли ҳисобланади. Умуман, мафия у ёки бу шаклда доим бўлган ва катта эҳтимол билан доим бўлади. АҚШда мафиянинг гуллаб яшнаши ўтган асрнинг 30–70-йиллари оралиғига тўғри келган ва ўшанда Дон Маранцано, Аль Капоне сингари босслар нафақат жиноят олами, балки бутун сиёсат, иқтисодиётга ўз таъсирларини ўтказган.

Япониянинг “Якудза”си, Хитойнинг “Триада”си, Россиянинг рус мафияси ўз ҳудудидан чиқиб, дунёнинг турли нуқталарини титратган.

Ўзбекистонга қайтамиз. Мамлакатимиз ҳудудидаги криминоген вазиятнинг издан чиқиши кўп жиҳатдан иттифоқнинг сўнгги ўн йилликларидаги депрессив ҳолат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сустлиги ва давлатда коррупция кескин кучайиб кетгани билан боғлиқ.

Бу жараённинг оғир асорати, яъни собиқ иттифоқ ҳудудида мафиянинг гуллаб яшнаши ҳар хил давлатларда деярли бир хил пайтда бошланган бўлса-да, турли даврларда якунига етди. Ўзбекистонда тўдаларнинг фаол ҳаракатига 1993-94 йиллардан бошлаб чек қўйила бошланган бўлса, Россияда бу жараён 2000 йилларга қадар ҳам давом этди.

 

Фото: ТНТ

Буни бир факт билан асослаш мумкин – 1995 йилнинг 1 мартида жуда таниқли ва бой телебошловчи, ОРТ телеканали директори Влад Листьев отиб кетилди. Воқеа юзасидан шахсан баёнот берган Россия президенти Борис Ельцин: “Мафияни жиловлашимиз шарт. Яқинда Ўзбекистонда бир жиноий тўда ҳеч қандай суд ва суриштирувларсиз йўқ қилинган. Биз ҳам шундай йўл тутишга мажбур бўламиз”, деган мазмунда гапирди. Ельциннинг бу баёноти анча шов-шувларга сабаб бўлган бўлса-да, Ўзбекистондаги қайси тўда назарда тутилгани, кимлар отиб ташланганига оид бирорта маълумот ошкор қилинмаганди. Шу билан бирга, Владислав Листьевнинг қотиллиги ҳам очилмай қолиб кетди.

Лекин чиндан ҳам бу пайтда Ўзбекистонда жиноий гуруҳларга қарши ўта қаттиқ кураш кетаётганди. Бунинг жиддий сабаблари бор эди. Жиноий гуруҳлар шу қадар бошвоқсиз бўлиб кетганига бир мисол келтириш мумкин: пойтахтдаги Дендропаркда икки тўда милтиқлар, пичоқлар ва бошқа қўлбола қуроллар билан очиқдан-очиқ жанг қилишган. Кўпчилик вафот этган, яраланган. Ҳатто ИИВ музейида ўша тўқнашувда ишлатилган қуроллардан иборат махсус бурчак ҳам ташкил этилган.

Фото: ИИВ музейи

Ўша йиллари жиноий тўдалардан ташқари аҳоли қўлида ҳам рекорд миқдорда қурол-яроғ бор эди. Вазият шу даражада мураккаблашгандики, аҳён-аҳёнда икки қишлоқ ўртасидаги чапанича муштлашувлар ҳам отишмаларга айланиб кетар, бу отишмалар эса турган гапки иштирокчиларнинг жиддий жароҳатланиши ва ўлими билан тугарди. Ўсмирлар учун улғайиб мафия сардорига айланиш ҳақиқий орзуга айланиб қолганди. Уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида жуда кўп милтиқлар йиғиб олинди, яширганлар, бўйин товлаганлар аёвсиз жазоланди.

Ўзбекистонда тўдалар жиноий пул топишнинг барча усулларини қўллаб кўришган. Айниқса автомобиль ўғрилиги жуда урчиб кетганди. Шундай давр бўлганки, беш дақиқа қаровсиз қолдирилган машиналар ҳам ўғирлаб кетилган ва аксарият ҳолларда эгаларига катта пул эвазига қайтариб “сотилган”. Автомобиллар танқис ва узоқ вақт кутиб харид қилинган мулк бўлгани туфайли уларнинг қиймати жуда баланд бўлган.

Машина бозорларидаги зўравонликлар ҳақида ҳозиргача кўпчилик эслайди. Бир киши машинасини сотмоқчи бўлганида, тўда вакили бўлган “харидор” ундан сўрайди:

– Қанча сўраяпсиз?

– Бир лимон (миллион демоқчи).

– Шунга розимисиз?

– Ҳа.

– Мана сизга битта лимон (1 дона ҳақиқий лимон меваси), беринг машинани.

Машина эгаси минг тавалло қилса ҳам фойдаси бўлмаган, зўравонлар мулкни тортиб олиб қўйишган.

Ёки яна бир ҳолатда эгаси орқа ўриндиқда хотини ўтирган машинасини сотмоқчи бўлади. Харидорга қарата шундай дейди:

– Сўраганимни берсангиз, шу туришида бериб юбораман.

– Бўлди, берганим бўлсин, лекин шу туришида оламан, – қўл ташлайди харидор. Эгаси хотинини туширмоқчи бўлганида рухсат беришмайди. “Разбор”га келганлар харидорни ҳақ дейишади. Охири бечора мулк эгаси машинасини бериб хотинини олиб кетади.

Жиноий тўдаларнинг қинғирликлари фақат шу билангина чекланмаган. Болаларни ўғирлаш, бўй етган қизларга тажовуз қилиш, рейдерлик ҳаракатлари ҳар бир шаҳарда юз берар, ҳеч ким бунга қарши бирор самарали кураш олиб бормасди. Кўчалар ўғри ва киссовурларга тўлиб кетган, бирор бозор чўталчисиз ишламасди. Барча корхоналар, умумий овқатланиш муассасаларидан тортиб энг майда ҳунармандларгача ҳаммадан маълум маънода ҳақ олиб турилган.

Айниқса, қиморбозлар ўртасида “200 нафар қиз устидаги катта ўйин” ҳақидаги шов-шувлар кўпчиликни жунбишга келтирган. Гарчи бирор далил-исбот расман эълон қилинмаган, 200 нафар қизни ким ютқазгани-ю, қаердан ўғирлаб келгани билдирилмаган бўлса-да, аҳоли ўртасида тарқалган ваҳима уюшган жиноятчиликнинг нақадар тизгинсиз ҳолатга келганини билдиради. Ўша ваҳимага кўра, икки йирик шаҳар (айрим тахминларга кўра Тошкент ва Қўқон) қиморбозлари ўртасида мана шундай ўйин бўлади ва довга шунча қиз топиб келиш тикилади. Ютқазганлар аҳоли ўртасида қизларни пойлаб юргани ҳақидаги миш-мишлар туфайли ота-оналар фарзандларини кўчага чиқаришга қўрқиб қолишган ёки эртароқ узатиб юборишган.

Мафия қарз муносабатларини, қимор ўйинларини, валюта айирбошлаш, наркотик йўналишлари ва савдосини, умуман хуфия иқтисодиётнинг барча йўналишларини назорат қилган ва бу орқали улкан маблағ оқимига эга бўлган.

Ўша пайтларда мафия рамзларидан бирига айланган “Мерседес” автомобили

 Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларида қатор муаммолар гирдобида қолади, саноат адо бўлган, иттифоқ давридаги кооперация бузилган, ўта юқори инфляция, озиқ-овқат танқислиги каби иқтисодий муаммолар билан бирга мафкуравий вакуум, диний радикализм каби жиддий синовлар пайдо бўлганди.

Бундай пайтда уюшган жиноятчиликка қарши жиддий курашишга имконият йўқ эди. Қолаверса, курашадиган кучлардаги мутасаддиларнинг ўзи мафия билан у ёки бу тарзда боғланиб қолганди.

Лекин кураш тўсатдан ва кескин бошланди. Жиддий сиёсий ирода туфайли бир неча йил ичида уюшган жиноятчилик таъсири сезиларли даражада камайди. Мафия етакчиларининг аксарияти ё қамалди, ўзаро курашларда ўлдирилди, ёки қочиб қутулди. Омон қолганлари эса легал бизнесга ўтиб кетди ва жон сақлаб қолди. Бу борадаги нисбий барқарорлик даври бир неча йил давом этди.

Сўнгги йиллардаги эркинликни ўзича тушуниш туфайли “кўча” тушунчаси яна ҳаётга кириб кела бошлади. Айниқса турли гуруҳларга бўлиниб олган ёшлар ўртасида жамоат жойларидаги оммавий муштлашувлар, ўспирин болаларда ҳам турли совуқ қуроллар олиб юриш авж олди. Бу масалада энг юқори доирада эътироз бўлгани бежиз эмас.

ИИВ тизимида ўтган асрнинг 90-йиллардаги уюшган жиноятчиликка оид етарлича маълумотлар сақланаётгани аниқ. Бу воқеаларга ҳам 30 йил бўлмоқда. Ҳозирги ва келажак авлоднинг “кўзи очилиши” ҳамда даврлар тафовутини фарқлай олиши учун ҳам ўша “махфий” маълумотларни оммага ошкор қилишнинг айни вақти.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид