Ўзбекистон | 19:11 / 03.12.2021
19272
6 дақиқада ўқилади

Шавкат Ҳамроев – Ўзбекистоннинг сув муаммолари ва вазирлик ишига нисбатан ОАВдаги танқидлар ҳақида

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев 2 декабр куни ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг соҳага оид қатор саволларига жавоб берди.

Вазир томчилатиб суғоришни кенг жорий қилиш борасида қилинаётган ишларни жамоатчилик сезмаётгани ҳақида

Шавкат Ҳамроев шу мазмундаги саволга жавоб берар экан, журналистнинг фикрига қўшилмаслиги, қилинаётган ишлар етарлилиги ва улар ОАВда доимий тарзда ёритиб борилаётганини билдирди.

«Биз томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш борасидаги ишларимизни бирор кун йўқки, газета ва интернет нашрларда ёритмаётган бўлсак. Вазирлик фаолиятида ҳамма ишни зўр демоқчи эмасман, камчиликларимиз кўп. Биз уларни тўғрилаш устида ҳар куни ишлаяпмиз. Бизнинг комплекс газеталаримизни кўрсангиз қилаётган ишларимиз билан танишасиз», – деди у.

Томчилатиб суғориш технологияларини кенг жорий қилишда давлат субсидиялари шартларининг ўртача имкониятли фермерга ҳамон қийин эканлиги ҳақида

Сув хўжалиги вазири томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилишда ҳукумат бераётган субсидияларнинг ўртача имкониятли фермерларга ҳамон етарли эмаслиги ҳақида ҳам гапирди.

«Давлат субсидиялари билан томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилган ва катта натижаларга эришаётган фермер хўжаликлари ва кластерлар кўп. Буни давлат раҳбари ҳам жойларда юриб кўряпти. Масалан, Бухоро вилояти Олот туманида «Mergan tex» кластери раҳбари Иброҳим Ҳамроев бу борада давлат бераётган имкониятларга миннатдорлик билдирди.

Бу ишлар фақат Бухорода бўлаётгани йўқ. Юртбошимиз шунингдек, Фарғона, Андижон, Жиззах вилоятларида бўлганда ҳам бу каби ишларни кўрди.

Аммо шоли курмаксиз бўлмаганидек, берилаётган субсидиялардан нотўғри фойдаланаётган фермерлар ҳам бор. Улар қилаётган ишлар эвазига тўғри кетаётган ишлар ҳам нотўғри кўриниб қоляпти.

Бизда бундан бошқа илож йўқ. Томчилатиб суғоришни янада кенг жорий қилишимиз керак. Тошкент вилоятида янги технологиялар ишлаб чиқарувчи йирик корхона ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу каби корхоналарни эса қолган вилоятларда ҳам очишимиз ва фаолиятини ривожлантиришимиз керак.

Ўйлашимча, давлат бераётган субсидиялар етарли ва самарали тизим. Бу тизимни тўғри ишлатмаганлар эса жазога тортилади.

Биз буни қонунда ҳам белгилаб қўйдикки, томчилатиб суғориш технологиялари камида беш йил ишлатилиши керак. Айримлар уни бир йил ишлатибоқ олиб ташлаяпти. Бу эса нотўғри», – деди Ҳамроев.

Фермерларнинг сув етишмовчилиги сабабли кўраётган зарарлари ҳақида

«Фермерлар ўз чўнтагидан пул сарфлаб, томчилатиб суғориш технологиялари сотиб олишни билмаяпти. Давлат эса бу борада фермерларга кредитлар орқали кўмак беряпти, шунингдек, унинг 50 фоиз харажатини субсидия билан ёпиб беряпти.

Фермер мана шу ёрдамлардан кейин ҳам зарар кўраётган экан, айб энди унинг ўзида. У балки ариғини тозаламаяпти, насосларини тозаламаяпти ёки сувни бошқаришга бошқариб, кечаси ухлаб қоляпти. Агар у ишларни тўғри ташкил қилса, олаётган суви етарли бўлади», – таъкидлади Шавкат Ҳамроев.

Ўзбекистонда кечаётган қурғоқчилик оқибатларини юмшатиш борасида креатив лойиҳаларнинг етишмаётгани ҳақида

Вазир Ҳамроев Ўзбекистонда кечаётган қурғоқчилик оқибатларини юмшатиш борасида креатив лойиҳаларнинг етишмаётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Бизда ҳозир энг катта муаммо – Ўзбекистонга келаётган сувнинг 50 фоизи далага етиб келгунча бўлган жараёнда йўқотилиши. Бунда жумладан, дарёнинг ўзида 10 фоиз сув ерга ютилиб кетади. Лекин биз ҳамма дарёларни бетон қилиб чиқолмаймиз-ку. Бунинг учун ақлга сиғмайдиган даражада кўп пул керак. Масалан, Катта Фарғона каналини бетон қилсак, сувни иқтисод қиламиз, лекин уни бетон қилиш катта харажат дегани. Чунки бу канал қарийб 270 км узунликда.

Умуман олганда, бизда жами каналларнинг узунлиги 180 минг километр. Шундан 27 минг км катта хўжаликлар, туманлараро каналлар ҳисобига тўғри келади. Бизда уларнинг 10 фоизи бетонлаштирилган.

Бу борада қилинаётган ишларни ҳам айтиш керак. Масалан, ҳозир Бухоро вилоятидаги 100 фоиз, Қашқадарё вилоятидаги 80 фоиз ер майдонлари сувни насосда олади.

Бу борада харажатларнинг давлат томонидан қопланиши давлатнинг деҳқон ва фермерларга бўлган ғамхўрлигидир», – деди у.

Сув хўжалиги вазирлигининг бюджети ҳақида

Шавкат Ҳамроев сўнгги йилларда вазирликнинг бюджетдан олаётган маблағлари кўрсаткичининг камайиб бораётгани ҳақида ҳам гапирди.

«Охирги уч йилни ҳисоблаб кўрсангиз, халқ таълими ва олий таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, қурилиш каби соҳаларга маблағ ажратиш кўрсаткичи ошиб боряпти.

Агар биз авваллари бюджетнинг умумий 6 фоиз қисмини олган бўлсак, бу кўрсаткич камайиб-камайиб, 2021 йилда 3 фоизга тушди.

Шу сабабли энди соҳага чет эл инвестицияларини жалб қилишга ҳам катта эътибор қаратяпмиз. Масалан, шу каби маблағлар эвазига биринчи навбатда 299 та ва кейинроқ 235 та насос станциямизни янгилашни режалаштиряпмиз. Чунки бу насос станциялари 40-50 йил аввал ўрнатилган. Уларнинг янгиланиши жуда катта самара беради.

Биз соҳада қуёш энергияларидан фойдаланишга ҳам катта эътибор қаратяпмиз», – дея сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид