Ўзбекистон | 10:55 / 04.12.2021
31799
3 дақиқада ўқилади

Манба: “Участкавой”нинг видеомурожаати ортидан Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари ишдан олинган

Майор Аҳмаджонов ишдан олингани айтилмоқда. Аввалроқ унинг қўл остида ишлаган инспектор интернетда очиқ шикоят билан чиққанди. Ўшанда ИИВ ҲПББ бошлиғи Kun.uz'га берган интервьюсида видеодаги иддаолар исботланмаганини айтганди. Шундан кейин собиқ инспектор айрим далилларни очиқлади.

Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Азиз Аҳмаджонов 28 ноябр куни вазифасидан четлатилган. Kun.uz манбасига кўра, у беш кундан бери ишга чиқмаяпти.

Манбанинг таъкидлашича, интернетда тарқалган видеомурожаатларга алоқадор барча ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Бу текширувлар натижасида Қува тумани ички ишлар бўлимининг яна бир нечта мулозими интизомий жавобгарликка тортилган бўлиши мумкин.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов хизмат текшируви якунланмагани боис майор Азиз Аҳмаджонов ва бошқа мансабдор шахсларнинг лавозимидан четлаштирилганини тасдиқлай олмаслигини, текширув якунлари бўйича расмий маълумот берилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Қува тумани Байналмилал маҳалласи профилактика инспектори лавозимида ишлаган, айни пайтда вазифасидан четлаштирилган собиқ ходим Нозимжон Нишонов 9 ноябрь куни Facebook орқали ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳамда вазирликнинг Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Мухтор Мирзаевга видеомурожаат билан чиққанди.

Мурожаатда Қува тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмаджоновга нисбатан қатор айбловлар янграган.

Нозимжон Нишоновга кўра, профилактика инспекторлари ҳар куни беш кишига жарима ёзишга мажбурланади, баъзи вақтларда ҳар бир ходимдан 55 минг сўмдан йиғиб олинади.

Унинг айтишича, Аҳмаджонов қарийб 100 бош қорамол учун мўлжалланган молхона қурилишида профилактика инспекторларини ишлатган, ҳар бир ходимга қайсидир қурилиш материалини олиб келиш бўйича солиқ солган, йўриғига юрмаган “участкавой”ларни шахсий таркиб олдида таҳқирловчи сўзлар билан камситиб, ҳақорат қилиб келган.

Майор Азиз Аҳмаджонов

Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz'га берган интервьюсида хизмат текширувлари давомида Қува тумани ички ишлар бўлими раҳбарларининг тамагирлиги, профилактика инспекторларини молхона қурилишида ишлатгани билан боғлиқ фактлар тасдиғини топмаганини айтганди.

Бироқ шундан кейин собиқ инспектор навбатдаги видеомурожаат билан чиқди. Видеода Қува тумани ИИБ раҳбарларидан бири дейилаётган шахс инспекторни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлагани эшитилади.

Мавзуга оид