Жамият | 16:32 / 07.12.2021
34873
3 дақиқада ўқилади

“Акам ўзининг пойабзалини менга бериб, йиртиқ туфлимни кийиб кетганди” — оқибат ҳақида ҳикоя

Пойтахтда нуфузли лавозимда ишлайдиган укамизнинг бу ҳикояси мени ҳайратда қолдирди. Бугунги кунда тобора сийраклашаётган силаи-раҳм мана шу оддий нуқталарда намоён бўлгани кўпчилик ака-укалар учун ибрат бўлса ажаб эмас.

Фото: Getty Images

— Болалигимиздан акам билан бир кўрпа остида ухлаганимиз, бирга мол боқиб улғайганимиз ҳамманики қатори оддий ҳолдир. Лекин акам деярли тенгқур бўлсак-да, устим очилиб қолса ёпиб қўяр, ўзимга билдирмай отам менга юклаб кетган ишларни ҳам бажарар, калтак ейишини билса-да, мени ҳимоя қилиб, ўзидан бир неча ёш катта болалар билан ҳам ёқалашаверарди.

Улғайдик. Энг жиддий синов икковимиз ҳам мактабни битириб, Тошкентга келганимизда бўлди. Бир вақтда ҳужжат топширдик, икковимиз ҳам контракт асосида қабул қилиндик. Қишлоққа қайтганимизда ота-онам ўқишга кирганимиздан қанчалик қувонган бўлсалар, қўшконтрактни ўйлаб шунча ўйга чўмишди. Оилада саккиз фарзандмиз. Бирин-кетин ука-сингилларимиз катта бўлишяпти, рўзғор ҳам ғордек.

Акам менга нисбатан анча нуфузли институтга кирганди. Кечқурун ота-онамнинг шивирлаб гаплашганини эшитган акам эрталаб қатъий қарорини айтди: “Укамни ўқитинглар, мен ўқимайман!”

Ҳар қанча тушунтирмайлик, бундай институтга ҳар ким ҳам кира олмаслиги, аввал катталар ўқиши кераклиги, кичикларда яна имконият бўлишини айтмайлик, кўнмади. Молларни олдига солди ва индамай чиқиб кетди...

Мен учун контракт тўлашди. Ўқиб юрдим ва қишки таътилда қишлоққа бордим. Туфлим эскириб кетганди. Қучоқлаб кутиб олган акам буни кўрди. Қайтаётганида ўзининг тузуккина пойабзалини олиб чиқди.

– Мана буни кийиб ол. Ўқишда эски туфлида юрмагин, – деди кўзини ердан узмай.

– Қизиқмисиз, ўзингиз кийинг. Туфли сизники.

– Мен калишда ҳам юравераман. Сен буни албатта кийиб кет...

Акамнинг туфлисини кийиб Тошкентга қайтдим.

Вақт ўтди. Бу орада талабалик даврига ҳам, пойтахтга ҳам кўникиб қолдим. Кунларнинг бирида акам Тошкентга савдо қилгани келди. Бирга бозорга бордик, акам янги туфли сотиб олди. Уёқ-буёғини чамалаб менга қаради:

– Кийиб кўр-чи буни?

Кийиб кўрдим, лоппа-лойиқ келди. Акам мен ечиб қўйган, қачондир ўзи берган туфлини шартта кийиб олди ва дўкончи билан ҳисоб-китоб қилиб, мени кўчага бошлади.

– Тўхтанг, бу туфлини ўзингизга олдингиз-ку, нега менга беряпсиз?

– Менга ўзи сенга берган туфлим ёқарди. Шуни қайтариб олақолдим.

Нима дейишни ҳам билмай қолдим. Кўзим ғилт-ғилт ёшга тўлганди...

* * *

Ҳозир пойтахтда ўзимга яраша ўрним бор. Уй-жой қилдим, бир-икки сўм орттирдим. Яқинда тўплаганимга “Кобальт” машинасини сотиб олдим ва қишлоққа миниб бордим. Акам билан отамни чақирдим ва дедим:

– Мана шу машина сизларники, мининг ака!

Акамнинг кўзлари намланди. Лекин билдирмасликка ҳаракат қилди. Отам дуога қўл очди. Акам мени бағрига босди ва калитни чўнтагимга солиб қўйди:

– Ўзингга буюрсин укажон, маза қилиб миниб юр...

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид