Иқтисодиёт | 14:25 / 08.12.2021
27685
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар крипто-активлар ҳақида нималарни билиши лозим?

Ўзбекистонда крипто-активларни сотиб олишга рухсат берилди, энди уларни крипто-биржадан сотиб олиш мумкин. Хўш, бу борада нималарни билиш лозим: крипто-биржадан қандай сотиб олиш мумкин, қайси крипто-биржалар фаолият юритади? Kun.uz мавзу юзасидан мутахассис билан суҳбатлашди.

Фотоколлаж: Kun.uz

2019 йилда тасдиқланган “Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги низомга яқинда киритилган ўзгариш ва қўшимчалар ўзбекистонликларга крипто-активлар билан олди-сотди операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берди.

Бу борада фуқаролар нималарни билишлари лозим? Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг Крипто-активлар айланмасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Асқар Зокиров Kun.uz саволларига жавоб берди.

Ўзбекистонликлар учун крипто-активларни крипто-биржада сотиб олишга рухсат берилди. Шу пайтга қадар уларнинг савдоси ноқонуний ҳисобланган, бунинг сабаби нимада?

— Авваламбор, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида крипто-активлар билан савдоларни амалга ошириш ноқонуний этиб белгиланмаганини таъкидлаб ўтиш лозим. Президентнинг 3832-сон қарорида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун тегишли лицензия олиш тартиби жорий этилган (талаб 2018 йил 1 октябрдан расман кучга кирган).

Шунингдек, Лойиҳа бошқаруви агентлиги директорининг 172-сон “Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси резидентларига крипто-биржада фақатгина крипто-активларни сотишга доир операцияларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган эди.

Ушбу чеклов нега қўйилган эди? Бу аччиқ ҳақиқат, аммо 2019 йилда олиб борилган ўрганишлар натижасида фуқароларимизнинг аксарият қисми крипто-активлар ўзи нималиги, улар билан олди-сотди операциялар қай тарзда амалга оширилиши, уларга сармоя киритишда мавжуд бўлган хатарлар, яъни крипто-активлар нархларининг юқори ўзгарувчанлиги билан боғлиқ пул йўқотишлари ҳақидаги билимлари пастлиги аниқланган эди.

Бундан ташқари, крипто-активларнинг техник (анонимлик) хусусиятидан келиб чиқиб, чет эл мамлакатлари қатори, Ўзбекистон ҳудудида ҳам, айрим шахслар томонидан, фуқароларимиз маблағларини “молиявий пирамида” тизими асосида, ўзларининг фирибгарлик лойиҳаларига катта фоизли дивидендларни ваъда қилган ҳолда, крипто-активлар ёрдамида сармоя киритишга қаратилган тарғибот ишлари амалга оширилаётганини кўришимиз мумкин.

Масалан, ягона шахс ёки бир гуруҳ шахслар, ноқонуний йўл билан пул ишлаш мақсадида, ўзларининг лойиҳалари доирасида, интернетда тегишли бир веб-саҳифа яратадилар. Мазкур веб-саҳифада ҳар бир мижоз учун тегишли “Шахсий кабинет” очишга имконият берадилар. Шахсий кабинетда техник жиҳатдан тез ва қулай тарзда яратиладиган, ҳеч нима билан таъминланмаган ва текшириб бўлмайдиган қандайдир бир ҳисоб бирлигини яратиб, мижозга лойиҳада қатнашиш учун унинг пул маблағларини крипто-актив (масалан “Биткоин”)да маълум бир крипто-манзилга ташлашини, ёки мазкур лойиҳа ташкилотчиларининг жисмоний офисига келиб нақд пул кўринишида беришини талаб қиладилар.

Бунда мижознинг крипто-актив орқали юборган ёки нақд пул сифатида берган маблағлари унинг “Шахсий кабинет”ида гўёки мижозга тегишли бўлган маблағ сифатида кўриниб туради ва вақт ўтиши билан, мижоз ушбу лойиҳага олиб келган янги иштирокчилар маблағларидан, унга дивиденд сифатида ошиб бориб туради. Ваҳоланки, мижоз унинг шахсий кабинетида кўринаётган ва ошиб бораётган бу маблағлар аслида сохталигидан хабари бўлмайди.

Крипто-активлар билан амалга оширилган операцияларни улар тасдиқланганидан сўнг қайтариб бўлмаслигини ҳамда крипто-активлар ёрдамида маблағларни тўлиқ мониторинг қилиш тизими мавжуд эмаслигини ҳисобга олиб, мазкур мижознинг лойиҳага киритган барча маблағлари йўқотилишига олиб келади (аслида бу оддий мисол эди, бундай лойиҳаларнинг бошқа турлари ва пул жалб қилишнинг бошқа йўллари ҳам мавжуд).

Шу сабабли ўша даврда Ўзбекистон резидентларига, тегишли лицензияга эга крипто-биржаларда, ўзларининг крипто-активларини қонуний равишда сотишларига рухсат берилган эди. Шунингдек, резидентлар мазкур крипто-активларга 2018 йил 1 октябрга қадар қай тарзда эришганлари юзасидан саволлар бўлмаган.

Ҳа, айтгандай, эсингизда бўлса, 2020 йил 14 январ куни, Агентликнинг веб-саҳифасида фуқароларни хабардор қилиш ва ҳушёрликка чақириш мақсадида, “молиявий пирамидалар” кўринишидаги турли фирибгарлик ва шубҳали лойиҳаларнинг асосий белгилари қандай бўлиши юзасидан маълумот берилган. Ҳозирда ҳам, крипто-активлар билан боғлиқ бўлган маълумотлар Агентликнинг веб-саҳифаси орқали мунтазам равишда эълон қилиб келинади.

Ўрганишлар натижасида аҳолининг бу борадаги билимлари ҳамда крипто-активларга сармоя киритиш ва улар билан олди-сотди операцияларни амалга оширишга бўлган қизиқишлари ошганини кузатдик ва таҳлил қилдик.

Натижада, қонунчиликка тегишли ўзгариш ва қўшимчалар киритилди. Яъни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга крипто-биржаларда Ўзбекистон резидентлари томонидан крипто-активлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини миллий валютада амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилди.

— Келинг, янада оддий тилда айтсак, кимлар крипто-активларни қандай шаклда сотади ёки сотиб олади?

— Масалан, сизда крипто-актив бор ва сиз уни тегишли лицензияга эга крипто-биржа орқали сотмоқчисиз. Бунинг учун:

1. Мижоз крипто-биржада рўйхатдан ўтади. Бунда юқорида келтирилган талабларга, яъни KYC ва AML тизимларига мувофиқ тегишли равишда идентификациядан ўтади. Бундан ташқари, крипто-биржа идентификация қилиш доирасида бошқа талабларни қўйишга ҳақли;

2. Мижоз рўйхатдан ўтганидан сўнг унинг шахсий кабинети очилади ва мазкур кабинетда, крипто-активнинг туридан келиб чиқиб, унинг крипто-манзиллари ва бошқа тегишли маълумотлари сақланадиган крипто-ҳамёнига рухсат берилади;

3. Мижоз ўз ҳамёнини миллий валютада тўлдирганидан сўнг, крипто-биржада мавжуд бўлган (крипто-активлар турларининг мавжудлиги крипто-биржа тасарруфида бўлади) крипто-активлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини амалга оширишга рухсат берилади. Бунда, крипто-активларни сотиб олишга қаратилган операциялар фақатгина резидентлар орасида ва миллий валютада, норезидентларга эса крипто-активларни хорижий валютага сотиш ҳуқуқи берилган.

Масалан, мижоз – Ўзбекистон резиденти, унинг крипто-биржадаги крипто-ҳамёнида сақланаётган крипто-активларини, норезидентга (бошқа давлат фуқаросига) чет эл валютасига (АҚШ долл., Евро ва бошқ.) сотиши мумкин. Бунда, норезидент крипто-активга, резидент эса чет эл валютасига эга бўлади. Ўзбекистон Республикаси резидентлари орасидаги операциялар (сотиб олмоқ ва сотмоқ) эса фақатгина миллий валютада амалга оширилади.

— Дейлик, мен крипто-биржадан крипто-актив сотиб олмоқчиман, бундай крипто-биржаларни қаердан топаман? Ўзи Ўзбекистонда расмий фаолият юритадиган крипто-биржалар қайсилар?

— Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга (лицензия 2019 йил 20 декабрь куни берилган) эга бўлган, Корея Республикасининг “Kobea Group” АЖ томонидан ташкил этилган “UzNEX” (uznex.com) крипто-биржаси фаолият юритмоқда.

— Яна қайси биржалар фаолияти йўлга қўйилиши кутилмоқда?

— Агентлик президентнинг 3832-сон қарори билан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.

Шу боис крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олмоқчи бўлган (чет эл юридик шахслари) шахслар, Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомда келтирилган тартибга риоя этган ҳолда ҳужжатларни топширишлари мумкин.

Жаҳон тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, крипто-биржалар аслида ҳаммаси хусусий компаниялар ҳисобланади. Улар фаолият юритаётган юрисдикциянинг тегишли давлат органи томонидан берилган лицензия ҳамда ФАТФ (Пул ювишга қарши чоралар ишлаб чиқиш бўйича халқаро гуруҳ)нинг тавсиялари асосида ўз фаолиятини амалга оширадилар.

Ҳозирда, бир-иккита компаниялар Ўзбекистон ҳудудида крипто-биржа фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан хоҳиш билдирганлар. Улар билан музокаралар давом этмоқда. Мазкур компаниялар томонидан крипто-биржалар фаолиятини тартибга солувчи қонунчилигимизда келтирилган барча талаблар амалга оширилганидан сўнг улар ҳақидаги маълумотни веб-саҳифамизда эълон қиламиз.

— Крипто-активлар юқори таваккалчиликка асослангани таъкидланади, бу борада одамлар нималарни билиши лозим?

— Юқори таваккалчиликка асосланган деганда, крипто-активларга сармоя киритмоқчи бўлган фуқаролар, яъни уларни сотиб олиб, келгусида крипто-активларнинг нархлари ошиши натижасида уларни сотиб фойда кўриш воситаси сифатида ишлатаётганда эҳтиёт бўлишлари лозим.

Чунки сиз масалан, бир крипто-активни сотиб олиб қўясиз-да, эртага унинг нархи жадал тарзда тушиб кетадиган бўлса, куйиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Шу сабабли ҳам, киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар қаторида “сотиб олиш объекти сифатида крипто-активларни танлаш ва бу танловнинг тегишли оқибатлари сотиб олувчининг ўз таваккалчилиги асосида” бўлиши таъкидлаб ўтилган.

Шу боис, аҳолимиздан крипто-активларга сармоя киритишда жуда эҳтиёт ва ҳушёр бўлишларини сўраб қоламиз.

Крипто-биржалар фаолиятини йўлга қўйишдан мақсад ҳам аҳолимиз ўз крипто-активларини сотишларида ёки уларни сотиб олишларида бехатар ва қонуний усулни татбиқ этишдир.

Бу фуқаролар учун кўчадан бир номаълум шахсни топиб, ўзини ва маблағларини хавф-хатарга қолдириб, крипто-активларни сотиши ёки сотиб олишидан асрайди.

— Фуқаролар крипто-активлар борасида яна нималарни билишлари зарур?

— Фикримча, бу борада 6та нарсани билиш муҳим:

  • крипто-активларнинг техник тузилиши ва улар ҳақидаги базавий билимларни, яъни рақамли саводхонликни доимий равишда ошириб бориш;
  • крипто-активларни электрон пуллардан фарқлаш;
  • крипто-актив нархи жуда юқори ўзгарувчанлик хусусиятига эга, унга сармоя киритаётганда жуда эҳтиёт бўлиш (киритилган сармояни жуда тез йўқотишлари мумкин), шу жумладан, крипто-активларга сармоя киритишда ҳар қандай шаклда қарз олмаслик;
  • фирибгарлик лойиҳаларига аъзо бўлишдан эҳтиёт бўлиш;
  • крипто-активларни сотиб олишдан олдин мазкур соҳада билимга эга бўлиш ва крипто-активлар билан амалга ошириладиган олди-сотди операцияларни тегишли лицензияга эга крипто-биржаларда амалга ошириш;
  • рақамли гигиена (рус тилида: “цифровая гигиена”)га риоя этишлари керак. Бунда улар ўзларининг шахсий калитлари, шахсий кабинетнинг логин ва пароллари, ҳамённинг қайта тиклаш паролларини ошкор этилиши олдини олиш, шунингдек, ҳамён паролларини мунтазам равишда ўзгартириб бориш ва нотаниш ҳаволаларни мазкур пароллар сақланаётган рақамли қурилмалар орқали очмаслик ҳамда мазкур қурилмалар киберхавфсизлигини (вирусларга қарши курашиш ҳаволаларини ўрнатган ҳолда) таъминлаш лозим.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид