Ўзбекистон | 11:47 / 08.12.2021
30986
9 дақиқада ўқилади

Турли давлатлар президентларининг штандартлари ва алоҳида рамзлари — фотолар

«Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга жорий йил 25 октябр куни қўшимча киритилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз белгиси ва штандартига (байроғига) эга бўлиши белгилаб қўйилди.

Фото: President.uz

Штандарт — махсус турдаги байроқ. У президентлик белгиси (рамзи) ҳисобланади. Штандарт Президент иштирок этадиган барча муҳим тадбирларда, инаугурация (қасамёд қабул қилиш) пайтида ҳамда Президент қароргоҳларининг бинолари ва хизмат хоналарида кўтарилади.

Фото: President.uz

Президент белгиси — Президентнинг фарқловчи расмий белгиси ҳисобланади. Президент белгиси ушбу лавозимга сайланган шахсга лавозимга киришиш чоғида у қасамёд қабул қилганидан сўнг штандарт билан бирга топширилади ва конституциявий ваколат муддати тугагунга қадар президентда сақланади.

Фото: President.uz

Штандарт сўзи ҳолландча “standard”, немисча “standarte”, эски французчада  “estendard” — Кавалерия байроғи маъносини англатади.

Тарихда штандартдан биринчи марта қачон ва қаерда фойдаланилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ундан илк бор урушлар даврида қўшинлар фойдаланишган. Қўшинлар ўртасида махсус туғ кўтарган жангчилар юрган. Кейинчалик туғлар ўрнини байроқлар эгаллаган. Байроқ кўтарган жангчи қўшинни олға чорлаган.

Фото: nat-geo.ru

Байроқнинг йиқитилиши урушда мағлуб бўлиш аломати ҳисобланган. Шу сабабли аскарлар жон-жаҳдлари билан байроқни ҳимоя қилишган. Қўшинда байроқни кўтариш ҳар бир жангчи учун орзу бўлган ва уни рақиблар эгаллаб олиши ёки йўқотиб қўйиш шармандалик ҳисобланган. Айрим ҳолларда қўшинлар штандарт рангига мос рангли матодан тикилган кийимлар кийиб олиб уришган.

Рим империяси даврига келиб штандарт давлат раҳбарининг рамзи ҳисоблана бошланган. Шундан сўнг, турли давлатларда байроқ билан биргаликда штандарт ҳам қўллана бошланган ва у аксарият ҳолларда давлат раҳбарини эълон қилиш пайтида унга тантанали тарзда топширилган.

Ўрта асрларда дунёнинг барча мамлакатларида штандартлар бор эди. Энди штандартлар жанг майдонида кўтарилаётган байроқлардан фарқ қилар ва у давлат раҳбарининг «ўз байроғи» сифатида кўриларди.

АҚШда

АҚШда президент штандарти илк бор 1882 йилда қабул қилинган. Ўшандан буён бу давлатда президент штандарти бир неча бор ўзгарган. Сўнгги штандарт 1945 йилда қабул қилинган ва ҳанузгача ўзгармай келяпти. Фақат 1959 йилда Аляска, 1960 йилда Ҳаваи ороллари АҚШ таркибига кирганда штандартдаги юлдузчалар сони иккитага кўпаяди.

Фото: alamy.com
Фото: alamy.com

Яқин тарихга назар ташлайдиган бўлсак, XX асрда СССР ва социалистик лагерга кирувчи мамлакатларда штандарт бўлмаган. 1991 йил СССР тарқагандан сўнг мустақил бўлган республикалар, шунингдек социалистик тузумдан воз кечган мамлакатлар давлат раҳбарлари учун ўз штандартини қабул қилган.

Россияда

Россия Федерациясида президент штандарти 1994 йил 15 февралда «Россия Федерацияси президенти штандарти ҳақида»ги қонун билан қабул қилинган. Россия Федерация президенти штандарти квадрат шаклида бўлиб, Россиянинг уч рангли байроғи устида унинг икки бошли бургут тасвири туширилган давлат герби жойлашган.

Фото: visualrian.ru
Фото: alamy.com

Россия Федерацияси президентининг белгиси герб ва медальонлардан ташкил топган 17та элементдан иборат бўлиб, бош шиори «Манфаат, обрў, шараф» бўлган «Ватан олдидаги хизматлари учун» орденининг 6 смлик хочи бош элемент ҳисобланади. Бўйинга илинадиган белги 999 пробали соф олтиндан ясалган. Белги бўғинларидан бирининг орқа томонига сайланган президентнинг исми ва ишга киришган йили ўйиб ёзилган.

Фото: life.ru

Украинада

Украинада президент штандарти 1999 йил 29 ноябрда «Давлат раҳбарининг расмий рамзлари ҳақида»ги қонун билан қабул қилинган. Штандарт квадрат шаклида бўлиб, Украинанинг кўк фонда сариқ тусда узум барглари ва шоналари билан ўралган уч тишли герби тасвирланган.

Фото: wikipedia.org
Фото: theweek.com

Украинада президент инаугурация маросимида турли элементлардан иборат, бўйинга тақиладиган орденли белгидан ташқари, ўнг қўлига мамлакат бошқаруви ишончли қўлда эканини билдирувчи булавани ҳам кўтариб намойиш этади.

Фото: 1plus1.international

Беларусда

Беларусда илк президент штандарти 1997 йилда қабул қилинган. 2004 йилда ўзгартирилган. 2004 йил 5 июлда «Беларус Республикасининг давлат рамзлари» ҳақидаги қонун билан қабул қилинган. Беларус президентининг кўкракка тақиладиган ёки бўйинга осиладиган алоҳида белгиси йўқ.

Фото: Wikipedia
Фото: sputnik.by

Туркияда

Туркияда президент штандарти давлат байроғидан кўп ҳам фарқ қилмайди. У 1922 йил сентябрда Мустафо Камол Отатурк даврида қабул қилинган. Илк байроқ ҳозир Анқарадаги Аниткабир музейига жойлаштирилган. Илк президент муҳридаги юлдуз қирраси 20та бўлган.

Ҳозирги президент штандартида алвон байроқ устида Туркия президенти муҳри — ўн олти қиррали олтин юлдуз атрофида айлана бўйлаб жойлашган ўн олтита юлдуз тасвири ҳам жойлаштирилган. Ўн олти қиррали юлдуз 16та тарихий туркий давлатлар сонини билдиради. Ушбу муҳр президент штандартига 1985 йилнинг 25 январида президент Кенан Эврен даврида қабул қилинган.

Фото: Wikipedia
Фото: aljazeera.net

Озарбойжонда

Озарбойжонда президент штандарти 2008 йил 15 сентябрда қабул қилинган. Президент штандартида давлат байроғи марказига мамлакат герби жойлаштирилган.

Фото: Wikipedia
Фото: news.milli.az

Тожикистонда

Тожикистон Республикаси президенти штандарти 2006 йил 28 июлда, «Тожикистон Республикаси президентининг рамзлари ҳақида»ги қонун билан қабул қилинган. Штандарт (тожикча — ливо)да мамлакат байроғи устига «Дирафши Ковиён» рамзи туширилган. Бу узоқ умр кўриш ва миллий давлатчиликнинг қўлдан қўлга ўтиш рамзидир. «Дирафши Ковиён»нинг устида найза учи тасвирланган бўлиб, у Ватан ҳимояси учун ирода ва ҳокимият кучини акс эттиради.

«Дирафши Ковиён»нинг тўрт бурчаги оламнинг тўрт томонини билдиради ва яхши қўшничилик, жаҳон халқлари билан дўстлик ва ҳамкорликни рамз этади. Ўртадаги қуёшда тўртта шох тасвирланган. У вақт, Ер курраси ва бошқа сайёраларнинг Қуёш атрофидаги ҳаракати рамзи бўлиб, бахт, бирлик, фаровонлик ва мамлакат тараққиётини билдиради.

«Дирафши Ковиён»нинг марказида зангори осмон фонида қанотли шер тасвирланган. У куч, қудрат ва мамлакат шонини билдиради. Қанотли шер устида эса етти юлдузли тож — Тожикистон гербининг асоси жойлашган.

Фото: Wikipedia
Фото: President.tj

Штандартдан ташқари, Имомали Раҳмон икки бор орденлар занжиридан тизилган алоҳида президентлик белгисини бўйнига илган, ўнг кўксига эса президентлик нишонини таққан.

Фото: asiaplustj.info

Қозоғистонда

Қозоғистон президенти штандарти илк марта 1995 йил 29 декабрда қабул қилинган. 2012 йилда ўзгартирилган. Янги штандарт 2012 йил 31 октябрда «Қозоғистон Республикаси президентининг штандарти ва алоҳида белгиларидан расман фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги қонун билан қабул қилинган. Айни пайтдаги штандартда Қозоғистон Республикаси давлат байроғи устига мамлакат герби жойлаштирилган.

Давлатнинг энг олий мансабдор шахси сифатида Қозоғистон Республикаси президентига алоҳида кўкрак белгиси — занжирли орден ҳамда «Олтин қирон» («Олтин бургут») ордени ҳам топширилади.

Фото: Wikipedia
Фото: Aqorda.kz

Қирғизистонда

Қирғизистон Республикаси президенти штандарти 2003 йил 10 майда, «Қирғизистон Республикаси президентининг алоҳида белгилари тўғрисида»га қонун билан қабул қилинган. Қирғизистон президентининг штандартида қизил байроқ устига мамлакат герби ва унинг ҳошиясида «Қирғизистон Республикасининг президенти» ёзуви туширилган.

Фото: Wikipedia
Фото: President.kg

Туркманистонда

Туркманистон Республикаси президенти штандарти илк марта 1996 йил 27 сентябрда қабул қилинган. 2003 йилда штандарт ўзгартирилган ва «Туркманистоннинг президенти Буюк Сапармурот Ниёзов» сўзлари «Туркманистоннинг президенти» сўзларига алмаштирилган. У 2003 йил 15 августда «Туркманистон президенти штандарти ҳақида»ги қонун билан қабул қилинган. Штандартда ой ва беш юлдузли тўқ яшил байроқ фонида Саккиз қиррали юлдуз президент муҳри — беш каллали бургут тасвирланган.

Фото: Wikipedia
Фото: President.gov.tm

Биз ушбу мақолада ўзимизга яқин айрим давлат раҳбарларининг штандартларига қисқача тўхталдик. Жаҳоннинг президентлик ва монархия бошқарувига эга бошқа давлатларида ҳам давлат раҳбарларининг ўз штандартлари бор.

Шуҳрат Шокиржонов ва Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид