Жаҳон | 16:07 / 12.12.2021
12468
6 дақиқада ўқилади

«Бундайлар тарихда кам учрайди» — Америка сайловда Клинтонга ютқазган, энг кекса республикачи Боб Доул билан видолашмоқда

АҚШда Республикачилар партиясининг энг кекса аъзоси, энг кўп стажга эга бўлган сенатор, Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Боб (Роберт) Доул билан видолашишмоқда. Қарийб 40 йил давомида Канзас штатидан Конгрессда вакиллик қилган сенатор 98 ёшда ўз уйида оламдан ўтди.

Боб Доулнинг сиёсий карьераси 50 йил давом этди. Бироқ у нафақада бўлганида ҳам мамлакатга ва ўз партиясига катта таъсир кўрсатди
Фото: Getty Images

Эҳтиром белгиси сифатида Оқ уйда ва кўплаб жамоат биноларида байроқлар туширилди. Мамлакатда тўрт кунлик мотам эълон қилинди. Ҳар бир конгрессмен ёки сенатор ҳам бундай шарафга сазовор бўлолмайди.

Америкалик сиёсатчиларнинг фикрига кўра, Доул сўнгги йилларда ҳам Республикачилар партиясида шубҳасиз обрўга эга эди. Кўплаб масалалардаги келишмовчиликларга қарамай, демократлар уни жуда ҳурмат қиларди. «Бундай миқёсдаги давлат арбоблари АҚШда тарихида бир-икки нафар холос», деди АҚШ президенти, демократ Жо Байден.

Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнелл Доулни қатъий характери ва чуқур ватанпарварлиги учун доимо ёдда сақлашларини маълум қилди.

Ярим асрлик карьера

Доулнинг сиёсий карьераси 1950 йилда Канзас штати вакиллик палатасига сайланишдан бошланган. Кейин эса у узоқ йиллар давомида округ прокурори сифатида фаолият юритган. Республикачилар партиясида карьера қилган, 1960 йилда Вакиллар палатасига сайланган.

Боб Доул 1990 йилда АҚШга ташриф билан келган Михаил Горбачёв билан учрашган / 
UNIVERSITY OF KANSAS

1968 йилда у ўз штатидан сенатор бўлди ва бу лавозимда деярли 30 йил хизмат қилди. Фақат 1976 йилда президентликка номзод Жеральд Форд унга сайловларга у билан вице-президент сифатида боришни таклиф қилганида бироз узилиш бўлди.

Ўшанда республикачилар Оқ уйни эгаллай олишмайди. Доул Сенатга қайтади. 1996 йилга келиб президентликка ўз номзодини қўйишга қарор қилганида у ўриндиғини ворисига топширади.

Доул-Клинтон теледебатлари, 1996 йил президентлик пойгаси. Фото: Getty Images

«Президентлик учун курашда халқнинг мен ҳақимдаги фикр-мулоҳазаларидан ташқари суянадиган нарсам бўлмайди. Шунинг учун менда Оқ уйга ёки ўз уйимга олиб борадиган иккита йўл бор, холос», деганди у сайловолди кампанияси арафасида.

Трампни қўллаб-қувватлаши

1996 йилги президентлик пойгасини у демократ Билл Клинтонга ютқазади ва ваъда қилганидек, сиёсий майдонни тарк этади.

Бироқ нафақада бўлганида ҳам ишлашда ва ўта муҳим деб ҳисоблаган лойиҳаларни илгари суришда давом этади.

Боб Доулнинг (марказда) қўллаб-қувватлаши Республикачилар партияси номзодлиги учун курашда Трамп учун жуда катта аҳамиятга эга эди 

Вафотигача Доул нуфузли жамоатчилик ва партия арбоби бўлиб қолди. 2016 йилда у Республикачилар партиясидан президентликка Дональд Трамп номзоди кўрсатилишини маъқуллайди. Бу эса партия истеблишменти учун аҳамиятли аргумент бўлди.

Шу билан бирга, кейинчалик Доул Трамп даврида ўз партияси ўта консерватив йўл тутганини танқид қилади.

Уруш қурбони

Боб Доул Иккинчи жаҳон урушида мўъжизавий тарзда омон қолган. Шимолий Италияда олиб борилган операциялардан бирида лейтенант Доул орқа қисмидан яраланади ва фалаж бўлиб қолади.

Яраланганидан кейин Боб Доул уч йил ва уч ой давомида касалхонада қолди

Яна мустақил тарзда овқатланиш, кийиниш ва юришни бошлаши учун унга 10дан ортиқ жарроҳлик амалиёти ва уч йилдан кўпроқ вақт керак бўлди. Бироқ ўнг қўли фалаж бўлиб қолди. Чап қўлида ҳам сезиш қобилияти тўлиқ тикланмади. Аммо бу Доулга фаол турмуш тарзи олиб боришда халақит қилмади.

Моҳиятан, уруш унинг ҳаёт борасидаги режаларини ўзгартириб юборди. Ёшлигида у шифокор бўлмоқчи эди ва армияга чақирилгунига қадар тиббиёт коллежида ўқишни бошлади. Бироқ қўл билан ишлаш қобилиятини йўқотгач, йўналишни ўзгартирди ва ҳуқуқшунос бўлди.

Сиёсий фаолияти якунлангач, Доул Вашингтон марказида Иккинчи жаҳон уруши ёдгорлиги қурилиши ташаббускори бўлди.

2004 йилда ёдгорлик очилишида нутқ сўзларкан, уни маънавий ва жисмоний жасурлиги билан даҳшатли уруш оқибатини ҳал қилишда ёрдам берган ўн минглаб собиқ қишлоқлик ва шаҳарлик болалар (ўша вақтга келиб 80-90 ёшда бўлган кексалар)га бағишлади.

Ҳаракатланиш қобилиятини яна йўқотмаслик учун Боб касалхонадан чиққач ва умрининг охиригача ҳар куни машқ қилиши керак эди

2012 йилда ногиронлик аравачасида ҳаракатланадиган Доул карьераси авжида у томондан ёзилган имкониятлари чекланган америкаликлар тўғрисидаги қонун асосида ёзилган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ келишуви сенаторлар томонидан маъқулланиши учун Сенат биносига қайтди.

Ёш тўсиқ бўлолмайди

2014 йилда 90 ёшлик Доул Канзас штати бўйлаб саёҳатга чиқди. Одамлар билан учрашиш учун кунига уч-тўрт марта тўхтади.

Саёҳатнинг мақсади, имкони борича кўпроқ канзасликларга кўп йиллар давомида қўллаб-қувватлаганликлари, бир неча ўн йил давомида уни сенаторлик лавозимига сайлаш орқали ўз ишончини намойиш этишгани учун шахсан миннатдорчилик билдиришдан иборат этди.

У жами 105та округда бўлди.

92 ёшида Боб Доул Twitter’да ўзига аккаунт очди ва уни асосан Канзасдаги партиядошларининг сенаторлик ўриндиғи учун кураш йўлидаги хатти-ҳаракатларини танқид қилиш мақсадида қўллади.

Мавзуга оид