Жаҳон | 15:37 / 13.12.2021
11817
6 дақиқада ўқилади

Рождество можароси. Жонсоннинг рейтинги қуламоқда

Ўтган йил Британия ҳукумати вакиллари Рождествони байрам қилгани маълум бўлди. Ўшанда оддий инглизларга ҳатто жони узилаётган қариндошларини бориб кўриш ҳам тақиқланганди.

Фото: Getty Images

Буюк Британия ҳукумати яқинда мамлакатга коронавируснинг навбатдаги тўлқини кириб келиши муносабати билан янги чекловлар ҳақида эълон қилишига тўғри келиши мумкин. 11 декабрь ҳолатига 633 киши омикрон штаммини юқтирган.

10 декабрда эса коронавирусга чалиниш билан боғлиқ жами ҳолатлар сони 58 мингдан кўпроқни ташкил этган.

Касалликни юқтириш ҳолатлари муайян чегарадан ошса, ҳукумат 18 декабрь куни янги чекловларни эълон қилишни режалаштирмоқда, - дея хабар бермоқда The Guardian. Ушбу чекловлар орасида – контактда бўлган шахслар учун узоқроқ давом этувчи карантин, бинолар, жумладан, бар ва ресторанларда ниқоб тақиш мажбурий бўлиши ва ижтимоий контактларни чеклаш кабилар бор.

Янги тўлқин кириб келиши ва коронавирусга қарши чораларнинг кучайтирилиши бош вазир Борис Жонсон марказда бўлган сиёсий можаро билан бир вақтга тўғри келди. ОАВ бир йил аввал мамлакатда қатъий чекловлар амалда бўлганида ҳукумат аъзолари Жонсоннинг Даунинг-стритдаги қароргоҳида зиёфат уюштирганини аниқлади. Энди эса 8 декабрь куни Жонсон янги чекловлар ҳақида эълон қилганида матбуот унинг ахлоқий обрўйига путур етгани ҳақида ёзди. Можаро қуйидагича ривож топди:

  • 30 ноябрь куни Daily Mirror ўтган йил 18 декабрь куни бош вазирнинг Даунинг-стритдаги қароргоҳида Рождество байрамига аталган 40-50 кишилик зиёфат бўлиб ўтгани ҳақида ёзди. Ўша вақтда Лондонда икки кундан бери ёпиқ бинолардаги йиғилишларни бутунлай тақиқловчи қатъий локдаун амал қилаётганди. Зиёфатнинг эртаси куни эса Жонсон матбуот анжуманида таътил вақтида локдаун кучайтирилиши муносабати билан Рождество байрамлари деярли бекор қилинаётганини эълон қилди. Daily Mirror эълон қилган мақолага жавоб тариқасида бош вазир аппарати матбуот хизмати зиёфат вақтида ҳеч қандай қоида бузилмаганини маълум қилди.
  • Кейинги бир неча ҳафта давомида кабинет аъзолари, жумладан, Борис Жонсоннинг ўзи ҳам ўша вақтда амалда бўлган қоидани бузган зиёфат бўлганини рад этишда давом этди. ОАВдаги мақолаларни эса «ўтган йил воқеаларини спекуляция қилиш» деб атади. Скотленд-Ярдда 2020 йил декабрида «ҳукумат биносида чеклов чоралари бузилиши ҳақида кўплаб шикоятлар келиб тушгани, бироқ ўтиб кетган сана билан уни ўрганмоқчи эмасликлари»ни маълум қилишди.
  • 7 декабрь куни ITV телеканали бош вазир қароргоҳида брифинг репетицияси видеоёзувини эълон қилди. Унда Борис Жонсон маслаҳатчилари, жумладан, унинг матбуот котиби Аллегра Стрэттон ҳам журналистларнинг ўтган йилги зиёфат тўғрисидаги ноқулай саволларига қандай жавоб бериш ҳақида ҳазиллашишган. Видеода Стрэттон кулган ҳолатда, ҳайрон бўлганча шундай дейди: «Тўғри, қандай жавоб берамиз?» Кейин эса бу зиёфат эмас, вино ва пишлоқли, ижтимоий масофа сақланмаган ҳолда ўтказилган ишга оид учрашув бўлганини айтади.
  • Эртаси куни, 8 декабрда вазирлар журналистлар билан интервьюни бекор қилди. Студиядаги бошловчилар меҳмонлар учун ўриндиқлар бўшлиги ҳолида воқеаларни шарҳлашди. Кечга яқин Аллегра Стрэттон кўзида ёш билан аввалроқ эълон қилинган видеодаги ноўрин ҳазили учун истеъфога чиқди. Парламент сессиясида Борис Жонсон ҳам узр сўрашига тўғри келди, фақат зиёфат учун эмас, ОАВда тарқалган видео учун кечирим сўради.
  • 9 декабрь куни парламент текширувида нафақат 2020 йил 18 декабрь куни Даунинг-стритдаги зиёфат, балки коронавирус қоидаларини бузган ҳолда ўтказилган бошқа иккита – ноябрь ойида ўша бинода ва 2020 йил декабрь ойида соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган байрамлар ҳам текширилиши маълум бўлди.
  • 2020 йил 18 декабр куни ўтказилган зиёфатда бош вазир матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Жек Дойл нафақат иштирок этган, балки табрик билан сўзга чиққани ва мукофотлар тарқатгани ҳақида 10 декабрда ОАВ томонидан хабар берилди. The Times эса зиёфат тасодифан бўлгани ҳақида ёзганди. Аслида эса унга бир неча ҳафта олдин тайёргарлик кўрилган. Жонсоннинг ўзи мазкур тадбирда иштирок этмаган, бироқ унинг ўтган йили можаро билан ишдан кетган собиқ маслаҳатчиси Доминик Каммингс бош вазир Рождествони резиденциядаги шахсий хонадонида нишонлаганига ишонтирмоқда.

YouGov ижтимоий хизмат маълумотларига кўра, можаро фонида Борис Жонсон рейтинги карьераси бошидан бери энг паст кўрсаткичга тушиб кетди (29 фоиз), антирейтинг эса рекорд даражадаги 59 пунктни ташкил этган. ОАВда Борис Жонсоннинг қўл остидагилари барча учун амалда бўлган тақиқларни четлаб ўтган ҳолда зиёфатда иштирок этган бир вақтда, касалхоналарда коронавирусдан жони узилаётган қариндошларини кўриш учун боролмаган одамларнинг ғазабли фикрлари пайдо бўлмоқда.

«Миллионлаб британияликлар ўз режаларини бекор қилиб, Рождествони якка ўтказишга мажбур бўлган, байрамни нишонлаш имкониятига эга бўлмаган, касалхонада жони узилаётган қариндошлари билан видолаша олмаган бир вақтда бош вазирнинг ўзи Даунинг-стритда ичкиликбозлик уюштиришга рухсат бериб, ўз қоидаларини бузган. Улар қоидаларни бузган. Энди эса сизнинг устингиздан кулишмоқда»

Буюк Британия Либерал-демократик партияси

Борис Жонсонни либерал-демократлар ҳаммадан кўпроқ айбламоқда. Улар коррупцияда айбланганидан кейин ишдан кетган Консерватив партиядан бўлган депутат Оуэн Паттерсоннинг парламентдаги жойига даъвогарлик қилмоқда. Бироқ бош вазирнинг партиядаги сафдошлари ҳам унга очиқчасига қарши чиқмоқда. ОАВда Жонсоннинг бош вазирлик муддати бошланганидан бери партиядаги энг йирик ички мухолифат ҳақида хабар бермоқда. Жонсонни партиянинг ишончсизлик вотумидан унинг ўрнига аниқ номзоднинг йўқлигигина қутқармоқда, дея ёзмоқда Bloomberg.

Мавзуга оид