Ўзбекистон | 10:59 / 14.12.2021
26963
13 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Фозилов – Ўзбекистонда ERIELL Гуруҳининг илк одимлари ва келажаги ҳақида

ERIELL Гуруҳи Бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов / Фото: ERIELL

Сўнгги йилларда Ўзбекистон тараққиётининг барча жабҳаларида ижобий ўсиш кузатилмоқда. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ мамлакатимиз аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва иқтисодиётини кўтариш масалаларига устувор аҳамият бериб келмоқда. 

Ислоҳотлар жараёнлари мамлакатнинг ёқилғи-энергетика мажмуасини ҳам четлаб ўтмади. Бу муҳим қадамлар аҳоли эҳтиёжлари ва республиканинг энергия захираларига бўлган талабларини қондириш мақсадида амалга оширилмоқда. 

ERIELL Гуруҳи Бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов Kun.uz журналисти билан интервьюда нефть ва газ бозоридаги фаолият қандай олиб борилаётгани тўғрисида сўзлаб берди.  

ERIELL'нинг ташкил этилиши

ERIELL гуруҳи нефть хизматлари кўрсатиш соҳасида 17 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Компания бозорга чиққан пайтда 10 нафар ходимга эга бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб компанияда 11 минг нафар ходим меҳнат қилмоқда. 

Шу давр ичида компания томонидан 45 та лойиҳа амалга оширилди, 10,5 миллион метр ер бурғилаш ишлари амалга оширилди, 3000 дан ортиқ нефть ва газ қудуқлари қурилди. 

ERIELL Ўзбекистоннинг етакчи нефть ва газ қазиб олувчи компаниялари учун мураккаб тоғ- геологик ва иқлим шароитларида эксплуатация ва қидирув (разведка) қудуқларини бурғилаш бўйича хизматлар кўрсатади. Бу «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани», Surhan Gas Chemical Operating Company, Gazli Gas Storage, Uz-Kor Gas Chemical, Natural Gas Stream, Sanoat Energetika Guruhi каби компаниялардир. Бундан ташқари, мутахассисларимиз Россиянинг «Газпром», «НОВАТЭК», «Газпром нефть», «Роснефть», «ЛУКОЙЛ», «Ачимгаз», «Газпром Интернешнл», Petronas каби компанияларининг лойиҳаларида ҳам фаолият юритадилар. Шунингдек, компаниямиз Ироқ ва Бангладеш давлатларида ҳам самарали меҳнат қилиб келмоқда. 

Углеводородлар қазиб олиш шароитлари ERIELL'нинг ишига қандай таъсир кўрсатади? 

Ҳаммамизга яхши маълумки, осонгина газ ва нефть қазиб олиш даври аллақачон ўтиб кетган. Бугунги кунда аксарият мамлакатлар учун муқобил манбаларни излаб топиш масаласи долзарб бўлиб турибди. Ўзбекистон ҳам ана шу давлатлар қаторидан жой олган. Аммо, яқин орада углеводородларнинг ўрнини бутунлай алмаштириш имкони мавжуд эмас. Улардан нафақат энергия, балки ҳаёт учун зарур бўлган кўплаб бошқа маҳсулотларни ҳам ишлаб чиқариш учун фойдаланилади. Шунинг учун барқарор равишда нефть ва газ қазиб олиш масаласи долзарблигича қолмоқда.  

Конлар кўпинча ўтиш қийин бўлган геологик тузилмалар ва географик нуқталарда учрайди. ERIELL мутахассислари ана шундай оғир шароитларда ишлаш бўйича юқори малака ва иш тажрибасига эга эканлигини мамнуният билан қайд этишни истардим. Бунда бурғилаш ускуналари паркини мунтазам янгилаб бориш ва модернизация қилиш, шунингдек, жараёнларни мақбуллаштириш устида доимий ишлаш, янги технологияларни жорий этиш ва ташкилий жиҳатдан ривожланиш муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

ERIELL гуруҳи ихтиёрида 75 та бурғилаш ускуналари мавжуд. Уларнинг орасида енгил мобил асбоб-ускуналардан тортиб оғир - юк кўтариш қуввати 650 тоннагача бўлган ускуналар, шунингдек, Арктиканинг экстремал шароитлари учун махсус тайёрланган тўлиқ ёпиқ бурғилаш ускуналари бор.   

Компаниямиз мунтазам равишда техника паркини янгилаб, модернизация қилиб боради ва бурғилаш ускуналари ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда янги лойиҳалар талабига мувофиқ конструкцияларни такомиллаштириб боради. 

ERIELL Россия бозоридаги мустақил компанияларнинг етакчи учлигига киради ва Марказий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатларининг лойиҳаларида фаолият юритиб, дунёнинг нефть ва газ соҳасида хизмат кўрсатувчи компаниялари билан бемалол рақобатлаша олади. 

ERIELL'нинг ташкил этилиши қандай шароитларда амалга оширилган?

Компания 2000-йилларнинг бошида ташкил этилган. Ўзбекистонда конларни ўзлаштиришдаги асосий муаммо жуда чуқур жойлашган нефть ва газ қатламларини очиш имконини берувчи технологияларни танлаш масаласи бўлган. Қатламлар ўтиш қийин бўлган стратиграфик қаватлар тагида жойлашган бўлиб, бунда қудуқлар деворлари емирилган, қатламларнинг аномал юқори босимга эга бўлган жинсларнинг силжувчанлиги ва бошқа қўшимча таъсирлар шароитларида бурғилаш ишлари амалга оширилар эди. Буларнинг барчаси қудуқлар қурилишида техник-иқтисодий самарадорликка салбий таъсир кўрсатар эди. 

Бу масалаларни ҳал этиш учун мутахассислар гуруҳи шакллантирилди. Улар АҚШ ва Европа давлатларининг илмий-технологик ва инжиниринг компаниялари тажрибасини ўрганиб, тизимлаштирди ва минтақадаги конларда мураккаб қудуқларни бурғилаш билан боғлиқ бўлган мутлақо янги лойиҳаларни ишлаб чиқишни бошлади.

2003-2008 йилларда Ўзбекистондаги қазиб олиниши қийин бўлган газ захираларига эга конларда чуқурлиги 4500 м дан ортиқ бўлган қудуқларни бурғилаш билан бир қаторда компания мутахассислари томонидан тезлиги юқори бўлган бурғилаш технологиялари ишлаб чиқилди. Мазкур чора-тадбирлар ERIELL'га буюртмачилардан уларнинг лойиҳаларида иштирок этиш учун келиб тушаётган таклифларга хизмат қилди.

Етакчи нефть ва газ компаниялари учун асосий бурғилаш пудратчиси бўлиш мақсадига қатъий риоя қилиш қудуқлар қурилишини иш жадвалида белгиланган муддатдан олдин тугатиб, лойиҳалардаги буюртмачилар рейтингларида энг яхши бурғилаш бригадаси бўлиш имконини беради. 

Ўзбекистондаги лойиҳалар устида ишлаш вақтида қандай геологик муаммоларга дуч келинмоқда?

Ўзбекистондаги конларда ишлаш қатор мураккабликларга эга. Аномал даражадаги юқори ёки паст қатлам босими, сероводород ва карбонат ангидрид агрессияси, тузли ва ангидрид қатламлари ўтиши шулар жумласидан.

Қийинчиликларга шунингдек нефть ва газнинг чуқур жойлашувини ҳам киритиш мумкин. Мутахассислар ўта чуқур қудуқларни бурғилаши, бурғилаш эритмасини қисман ютадиган зоналардан ўтишга тўғри келади. Бироқ, ходимларнинг тажрибаси барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, буюртмаларни сифатли бажариш имконини бераётганини қайд этишим лозим.

ERIELL'нинг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ асосий ютуқлар

ERIELL'нинг Ўзбекистон бозоридаги юқори рақобатбардошлиги ва буюртмачилар ишончини қозонганини асосий ютуқ сифатида эътироф этиш лозим.

Яна бир афзаллик ва ютуқ сифатида қия йўналтирилган бурғилаш бўйича шахсий хизматнинг йўлга қўйилишини эътироф этиш лозим. Бугунги кунда хизмат ISO 9001 ва API Q2 бўйича олдиндан сертификатлашни олишга тараддуд кўрмоқда.

ERIELLнинг салмоқли ютуғи сифатида Ўзбекистон ва Ўрта Осиёнинг энг мураккаб конларидан бири – қатлам босими 65 Мпа, газ таркибида сероводород ва карбонат ангидрид гази бўлган «Мустақилликнинг 25 йиллиги»да амалга оширилаётган ишларни эътироф этиш мумкин.  ERIELL мутахассислари учта сермаҳсул горизонтларни ҳамкорликда очишни муваффақиятли равишда амалга ошириб, суткалик ковлаб бориш бўйича бир нечта рекордни ўрнатди.  

Симсиз маълумотлар узатиш ва рақамли қайд этиш тизимига эга, реал вақт режимида маълумотларни синовдан ўтказиш ва таҳлил қилишга мўлжалланган Ўзбекистондаги биринчи ускунадан фойдаланиш ERIELL учун навбатдаги ютуқ бўлди. Бу мажмуа қисқа муддатларда кон захиралари ва салоҳияти тўғрисида анчайин кенг тасаввурга эга бўлиш имконини бермоқда.

Компания ютуғи сифатида шунингдек шахсий ўқув маркази ташкил қилинишини ҳам эътироф этиш мумкин. У учта жойда очилган. Бири Тошкентда жойлашган – у ерда ходимлар профессионал ва бошқарувга оид билимларини ривожлантирмоқда. Қолган иккитаси Қарши (Ўзбекистон) ва Новый Уренгой (Россия)да жойлашган. Уларда ишчи ва муҳандислар таҳсил олиб, касбига доир билимларини оширади, синфда, тренажёрларда ва ўқув бурғилаш ускунасида хавфсиз ишлаш малакаларини чархлайди.

2013 йилдан бошлаб ERIELL prof education ўқув марказида Халқаро бурғилаш пудратчилари ассоциацияси (IADC) томонидан аккредитациядан ўтказилган WellSharp ва RigPass дастурлари бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда. Ўқитиш давомида амалий асбоблар сифатида замонавий ускуналар – қудуқни бурғилаш ва реал вақт режимида назорат қилиш учун DrillSIM 20 тренажёри, VRDS iDrill виртуал реаллик симуляторидан фойдаланилади.

Ўқув марказида ишчи ва мутахассислар 20 та йўналиш бўйича малака оширади. Ўқув дастурлари назария ва амалиёт ўртасидаги мувозанатни сақлаган ҳолда тузилган. Шунинг учун ўқитувчилар орасида нафақат профессионал мураббийлар, балки ERIELL Гуруҳининг катта амалий тажрибага эга экспертлари ҳам бор.

Компания логистика муаммосини қай тариқа ҳал қилади?

ERIELL нефть ва сервис бозорида етарлича узоқ вақт давомида фаолият юритаётгани боис компания аниқ логистика режасини ишлаб чиққан. Етказмалар жуғрофияси дунёнинг деярли барча қитъаларини қамраб олган, материаллар номенклатураси эса қарийб 15 мингта позициядан иборат.

ERIELL Гуруҳи хавфли ва ўта хавфли, шунингдек унчалик катта бўлмаган юкларни муваффақиятли равишда транспортировка қилади. Бундан ташқари, биз битта лотда 150 та транспорт бирлигига етадиган позицияларни комплекс равишда ташишни амалга оширамиз.  

ERIELL'нинг экологик хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларидаги хатти-ҳаракатлари қандай?

Компаниямиз ижтимоий масъул бизнеснинг қатъий тамойилларига амал қилади. Бу тушунча остида иқтисодий ўсишнинг мувозанатлашган, ижтимоий жиҳатдан мақбул ҳамоҳанглиги ва бўлажак авлодлар учун қулай атроф-муҳитни сақлаш тушунилади. ERIELL мунтазам равишда ишлаб чиқариш ва экологик хавфсизлик устида ишлаб, барча объектларда хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаб келмоқда.

Хавфсизлик борасидаги концепцияни амалга ошириш учун ERIELL томонидан ISO 9001:2015, ISO 14001:2015, OHSAS 18001:2007, ISO 50001:2011, ISO 45001:2018 халқаро стандартлари, IADC ва OGP тамойиллари, давлат ва тармоқ қоидалари ва регламентларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилган интеграциялашган менежмент тизими жорий этилган. 

Компания илғор технологиялар – амбарсиз бурғилаш усули, бурғуланган жинс, бурғилаш эритмалари ва бурғилаш оқова сувларини тозалаш тизимидан фойдаланган ҳолда экологияга таъсир билан боғлиқ барча хатарларни минималлаштиради.

ERIELL ва унинг хайрия фаолияти

ERIELL кўп йиллар давомида хайрия фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Биз APLA жамоатчилик бирлашмаси, Тошкент вилояти ихтисослашган болалар уйи, “Меҳрибонлик” ижтимоий кўмак бериш жамияти, Республика ихтисослашган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ва бошқа ташкилотларга ёрдам бериб келмоқдамиз. Биз нафақат оммавий, балки манзилли равишда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига мунтазам ёрдам қўлини чўзиб келмоқдамиз. Кўзи ожизлар куни, Ногиронлар куни, Болаларни ҳимоя қилиш куни сингари халқаро саналарга бағишланган акциялар ўтказмоқдамиз. Иккинчи жаҳон уруши фахрийларини ҳам ёддан чиқармаган ҳолда ҳар йили уларнинг ҳолидан хабар олиб, совғалар улашиб келамиз. Умуман олганда бундай лойиҳалар жуда кўп ва биз ёши ва ижтимоий ҳолатидан қатъи назар қандайдир ёрдамга муҳтож кишиларга эътибор қаратиш муҳим, деб биламиз.  

ERIELL'нинг Ўзбекистондаги келажаги қандай?

Биз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти тубдан ислоҳ қилинаётган даврда яшамоқдамиз. Компаниямиз эса ишлаб чиқариш кучларини инновацион жиҳатдан янгилаш ва жамиятни ижтимоий жиҳатдан қайта қуриш авангардини бошидан кечирмоқда.

ERIELL энг янги технологиялари доимий равишда ўзлаштиришни мақсад қилган, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириб, меҳнатни ташкил қилишнинг прогрессив шаклларини жорий этмоқда. Бу ўз навбатида юксак даражадаги ижтимоий шериклик ва корпоратив маданиятни ушлаб туриш имконини бермоқда.

Компания ёш кадрларни жалб қилишга интилмоқда ва бунда ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни излаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда. Зеро, ёшлар ишлаб чиқариш рақобатбардошлигини ошириш бўйича стратегик режаларни рўёбга чиқаришга ёрдам беради.

Узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистоннинг ёқилғи тармоғи юқоритехнологик нефть-кимё кластерларини яратишга йўналтирилади. Бу ўз навбатида анъанавий ва муқобил энергия ташувчиларини қайта ишлаш асосида юқори сифатли маҳсулотлар, шунингдек қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш асосида муқобил ёқилғи турларини ишлаб чиқариш учун туртки бўлади. Мамлакат раҳбарияти томонидан геология-қидирув ишлари ҳамда нефть ва газ тармоғига инвестициялар жалб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Кенг кўламли иқтисодий ва қонунчилик ислоҳотлари амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси олдимизга замон билан ҳамнафас бўлиш ва барча йўналишларда илғор бўлиш вазифасини қўймоқда.

Мавзуга оид