Ўзбекистон | 13:32 / 16.12.2021
47800
3 дақиқада ўқилади

Деновдаги портлаш бўйича уч киши қамоққа олинган - Бош прокуратура

Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича иш очилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Фото: Kun.uz

Деновдаги портлаш бўйича жиноий иш доирасида уч кишига «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

«Деновдаги савдо мажмуасида юзага келган чақнаш ҳодисаси бўйича тергов қилинаётган жиноят иши доирасида 15 декабрь куни Денов шаҳар газ бўлими бошлиғи, «Hududgaz Surxondaryo»нинг 2 нафар ходимлари жами 3 нафар шахсга Жиноят кодексининг 116, 214-моддалари билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган», дейилади хабарда.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилинган.

Маълумот учун, Жиноят кодексида 116-модда (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) бўйича эҳтиётсизлик одамлар ўлими ва бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

214-модда (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) бўйича ҳаракатлар даражасига қараб БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларидан тортиб, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазолар белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Денов шаҳри марказидаги Indenim савдо мажмуасида кучли портлаш 7 декабрь тонгида юз берган. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 11 киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Кейинчалик Деновдаги портлашда 65та уй зарар кўргани, 6та хонадон деворлари эса ёрилиб, яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолгани маълум бўлди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов икки нафар марҳумнинг яқинларига моддий ёрдам пули тўлаб берилаётганини маълум қилди. У, шунингдек, тадбиркорларга етказилган зарар, 65та хонадон таъмири ва ижтимоий соҳа объектларининг зарарланиши оқибатида келиб чиққан чиқимлар ҳам суд қарорига кўра икки хил усулда қопланишини билдирган.

Бундан аввалроқ Бош прокуратура ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-модда (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259-моддалари (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид