Ўзбекистон | 22:09 / 20.12.2021
50097
3 дақиқада ўқилади

«Миллион фоиз ҳақман» — Озодбек Назарбеков яна дўппи ҳақида

Маданият вазири Озодбек Назарбеков вазирлик ходимларининг дўппи кийиш кампанияси бошлашидан кейин ижтимоий тармоқларда кечган муҳокамалар бўйича муносабат билдирди.

2021 йил 20 декабрь куни Тошкент ёшлар форумида иштирок этган маданият вазири Озодбек Назарбеков Kun.uz мухбири саволларига жавоб берди.

— Дўппи масаласида жамоатчилик томонидан эътирозли фикрлар ҳам билдирилди. Бунга қандай қарайсиз?

— Бу масалада шу даражада пастга тушгим келмаяпти. Бу ерда ҳақлигимни миллион фоиз биламан. Шу миллатнинг вакили сифатида ҳаммамиз дўппи кияйлик дейишга ҳаққим бор. Бу зўрлаш ёки мажбурлаш эмас. Мен шунчаки ҳаммага эслатдим. Кўчада ёшлар чеченларнинг дўпписини кийиб юрибди, уларга ҳеч ким индамаяпти-ку, мен дўппи киймоқчи бўлсаларинг, бу биздаям бор, ўз ота-боболаримизнинг бош кийимини кийинглар деган маънода айтгандим.

Уйингга бориб кий, эртага чопон кийдириб, белбоғ ҳам тақтирасизлар қабилидаги гаплар бўлди. Биз зўравонлик ёки мажбурий тартибда ҳамма шундай қилсин демаяпмиз. Мен битта қадриятимизни тарғиб қилдим. Агар бундай қилишга ҳаққим бўлмаса, айтинглар.

— «Мендирман Жалолиддин» фильми бўйича кинотомошабинлар томонидан билдирилган танқидй фикрларга қандай қарайсиз?

— Фильмни суратга олиш бошланганда пандемия бошланиб қолди ва бу бизнинг оёғимизга болта урди, дейиш мумкин. Суратга олиш жараёни бутун Истанбулда ҳамма жой ёпилиб, ҳаракатлар тўхтаган пайтга тўғри келиб қолди. Имкониятларимиз чекланиб, харажатларимиз ошиб кетди, умуман кутилмаган муаммоларга дуч келдик. Бўлди, кинони суратга олиш қўлимиздан келмас экан деган ҳолатгача бордик.

Ҳаммамиз кузатдик, катта-катта заводлар иш фаолиятини тўхтатди, йирик проектлар тўхтаб қолди. Шу жараёндан чиқиб кетганимиз ҳам кичкина гап эмас.

— Маданият марказлари қурилиши ҳақида гапирдингиз, аммо буни сезмаяпмиз. Қишлоқ аҳолиси ҳамон театрга туша олмайди. Бу муаммо сизни қанчалик ўйлантиради?

— Махсус кўчма автоклублар ташкил қиляпмиз. Андижонда, Хоразмда, Навоийда шу ишларни йўлга қўйдик. Пандемия бошланганидан кейин Маданият вазирлигининг бюджетидан ҳам маблағ кесилди, режа қилинган пуллар бошқа томонга йўналтирилди. Республиканинг йиллик бюджети тасдиқланганидан кейин бу масалалар ўртага чиқди. Шу сабаб атиги учта ҳудудда автоклублар ташкил қила олдик, холос. Янги лойиҳа бўйича ҳар бир вилоятда бу ишлар амалга оширилади. Биринчи навбатда узоқ, чекка ҳудудларда шу ишларни йўлга қўямиз.

Яна бир режамиз бор, тўғридан тўғри саҳнага айланадиган фуралар ташкил қилиш. Уларни олис ҳудудлардаги қир-адирларга олиб бориб, юқори даражадаги концертлар қилиш мумкин.

Мавзуга оид