Нега одамлар онлайн аукциондан ижро ҳужжатлари бўйича мулк сотиб олишга шошилмаяпти? — расмийлар билан суҳбат
Ер майдонлари фақат аукцион орқали сотиб олинишига оид тартиб кучга кирганига анча бўлди. МИБ ва “E-AUKSION” электрон савдо платформаси нафақат кўчмас мулк, балки автомобиллар ва бошқа турдаги мол-мулкларни мунтазам сотувга чиқариб турибди. Лекин харидлар фаол эмас. Бунинг сабаби нимада?
Мавзу юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Ориф Бозоров ва Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК раҳбари Соҳибжон Муродовлар билан суҳбатлашдик.
– Аввало умумий маълумотлар берсангиз, масалан сўнгги бир йилда нечта мулк савдога қўйилди ва уларнинг неча фоизи реализация қилинди?
Ориф Бозоров: – Суҳбатимиз бошида шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган мол-мулкларни шартли равишда икки тоифага бўлиш мумкин. Биринчи тоифа бу қарздорликни қоплаш учун гаров таъминоти бўлган мол-мулклардир. Бу турдаги мол-мулкларни қарздорликни қоплаш эвасига сотиш суднинг ижро ҳужжатида белгилаб қўйилган бўлади ва мол-мулкнинг нархи ҳам аниқ бўлади. Яъни гаровга қўювчи билан гаровга олувчи ўртасида гаров шартномаси расмийлаштирилганда мол-мулкнинг нархи ҳам келишиб олинган бўлади. Иккинчи тоифа эса бу ижро иши юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари давомида аниқланиб, хатланган мол-мулклардир. Бу тоифадаги мол-мулклар давлат ижрочиси томонидан нархлатилиб, аукцион савдоларига қўйилади.
Энди рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2021 йилнинг ўтган даврида Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жами 970 дона 2,4 триллион сўмлик мол-мулклар аукцион савдоларига чиқарилган, булардан 286 дона 201.5 миллиард сўмлик ёки 8,4 фоизи бугунги кунга қадар сотилган.
Соҳибжон Муродов: – “E-AUKSION” электрон савдо платформаси 2017 йилда бир йўналишда фаолият бошлаган бўлса, тизимга ишончнинг ортиб бориши ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.07.2021 йилдаги ПҚ-5197-сонли ва бошқа қарорлари қабул қилингач 19 та йўналишга, келгуси йил бошидан 25 та йўналишдаги электрон савдо турига етади.
Дастлабки йилда йиллик савдо ҳажми 42 млрд сўмни ташкил этган бўлса, харидорлар фаоллиги ва тизимга бўлган қизиқишининг ортиши натижасида 2021 йил 11 ойида савдо ҳажми 2,3 трлн сўмдан ошди. Биргина охирги уч ойда платформа орқали 1 трлн сўмдан ортиқ мулклар сотилди ва ижарага берилди.
Онлайн аукцион савдоларида 2017 йилда 2800 та иштирокчи қатнашган бўлса, 2021 йилда иштирокчилар сони 100 мингдан ортди.
Айни пайтда платформада 40 мингдан ортиқ мулклар савдода турибди. Исталган шахс платформадан рўйхатдан ўтиб 400 дан ортиқ давлат активлари, 1,7 мингдан ортиқ кўчмас мулклар, 860 дан ортиқ автомототранспорт воситалари, 34 мингга яқин ер участкалари ва бошқа мулкларни сотиб олиши мумкин.
2021 йил бошидан умумий қиймати 9,6 трлн сўмлик 52,1 минг мулк ва мулкий ҳуқуқ савдога чиқарилган бўлса, ушбу даврда 23 минг мулк (қарийб 44 фоизи) сотилди. Платформада бугунги кунда мавжуд мулкларнинг қарийб 70 фоизини тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган ер участкалари ташкил этади.
– Кўрсаткичлар анча паст эмасми?
Ориф Бозоров: – Бир қарашда шундай. Лекин бу ерда бошқа жиҳат ҳам бор – сотилмаган мол-мулкларнинг аксарият қисми судлар томонидан чиқарилган ижро ҳужжатларининг тўхтатилиши ёки бекор қилиниши ҳолатларига тўғри келади. Шунингдек, ҳали аукцион савдолари ўтказилиши кутилаётган ёки аукцион савдолари ўтказилгунга қадар қарздорлик тўлиқ бартараф этилганлиги сабабли аукцион савдоларидан қайтариб олинган мол-мулклар ҳам мавжуд.
Маълумот учун: Тошкент шаҳрида МИБ томонидан 2021 йилда жами 970 дона, 2,4 триллион сўмлик мол-мулклар аукцион савдоларига чиқарилган. Булардан 201.5 миллиард сўмлик 286 дона, ёки 8,4 фоизи бугунги кунга қадар сотилган.
– Дастлабки баҳога нисбатан ўсиш кўрсаткичи қанақа? Масалан, 10 млн сўмлик мол-мулклар неча сўмгача оширилган ҳолда сотилган.
Ориф Бозоров: – Бу саволингизга жавоб беришни даставвал онлайн аукцион савдоларининг ўтказиш тартибидан бошлаш мақсадга мувофиқ бўларди. Аукцион савдолари ўз номи билан онлайн тарзда ўтказилади ва бунда жараённинг шаффофлиги муҳим аҳамият касб этади. Яъни аукцион иштирокчилари жараёнда масофадан туриб қатнашадилар. Сотувга қўйилган мол-мулкнинг тоифаси ва ҳолатидан келиб чиқиб жараёнда нарх ҳам кўтарилиб бориши мумкин. Айтайлик, автотранспорт воситалари ишлаб чиқарилган йили ва ҳолати, юрган масофасидан келиб чиқиб аукцион иштирокчилари лотнинг нархини ўзлари муносиб кўрган суммагача кўтаришлари мумкин. Турар ёки нотурар жой биноларида ҳам худди шу каби ҳолатлар мулкнинг сотув нархига бевосита таъсир қилади. Бинонинг ҳолати, қулай жойлашуви ва кейинчалик ундан фойдаланишнинг қанчалик фойда келтириши ҳисобга олиниб, нархлар ҳам бир неча баробаргача кўтарилиши мумкин.
Маълумот учун: 2021 йил 11 ойида савдо ҳажми 2,3 трлн сўмдан ошган.
Соҳибжон Муродов: – Ушбу кўрсаткич мулкнинг тури ва жойлашган жойига қараб ўзгарувчан бўлиб, электрон савдоларда мулклар бошланғич нархига нисбатан 5-10 фоиз ёки 20-30 баравар қимматроққа сотилиши мумкин.
Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги бошланғич нархи 90 млн сўмлик 1,2 гектар ер участкаси аукционда 3 млрд сўмга ёки 34 баробар қимматга сотилди.
Шу каби, Тошкент шаҳридаги собиқ ҳарбий шаҳарча бино ва иншоотлари бошланғич нархига нисбатан 30 фоизга қимматга сотилди ва ушбу 30 фоизлик кўрсаткич бюджетга 62 млрд сўм қўшимча тушум ҳамда захирага айланди.
– Харидор қизиқиши сустлигининг асосий сабаблари нимада деб ўйлайсиз? Кимнингдир мулки бошқа бировга буюрмаслигига оид тушунчами, нархлар қимматлигидами ёки ўша мол-мулкка эгалик ҳуқуқига ишонч сустлигидами?
Ориф Бозоров: – Агар аукцион савдоларига қўйилган мол-мулкларнинг сотилиши жараёнини эътибор билан кузатилса, автотранспорт воситалари ва нотурар жой объектлари жумладан савдо дўконлари ишлаб чиқариш майдонлари ёки хизмат кўрсатиш объектлари яхши сотилишига гувоҳ бўлинади. Буни ушбу мол-мулкларни кейинчалик фойдаланиш ва улардан келиши мумкин бўлган фойда билан изоҳлаш мумкин. Турар жойлар ва аҳоли яшаб турган хонадонлар сотувига эса сиз айтгандек қизиқиш камроқ. Бунинг ҳам бир неча омиллари мавжуд албатта. Бизнинг менталитетимизда шаклланган бировни мулки буюрмаслигига оид тушунчаларни инкор қилмаган ҳолда уй-жой масаласида бозорда ҳам алтернатив таклифларнинг кўплиги ҳам сабаб ўлароқ кўрилиши мумкин.
Соҳибжон Муродов: – Платформани оммалаштириш, мулкларни шаффоф аукционлар орқали сотиш ёки сотиб олишга тарғиб қилиш ишларини кенг қамровда олиб бормоқдамиз. Албатта, Суд ва бошқа органлар ижро ҳужжатлари асосида асосан низоли мулклар савдога чиқарилади ва сотиб олган харидорларга мулкни топшириш жараёнида собиқ мулкдорлар билан табиий равишда муаммоли вазиятлар кузатилади.
Ҳозирда айни шу ҳолатлардан келиб чиқиб, платформада иштирокчини рози қилиш механизмини ишга туширдик ва сотилган мулкни янги харидорга топширилмагунга қадар буюртмачига сотувдан тушган маблағлар ўтказиб берилмайди ва кафолат таъминоти сифатида операторда сақлаб турилади.
Суд ва бошқа органлар ижро ҳужжатлари бўйича савдога қўйиладиган нархлар қиммат эмас, балки қонунчилик асосида бир қатор чегирмалар асосида бозор нархидан анча арзон баҳода савдога қўйилади, пировард мақсад ушбу мулкни бошқа шахсга сотиш эмас, балки қарздордан ундирувни тезлаштириш ҳисобланади. Айнан ушбу йўналишдаги амалиётда мулк электрон аукцион савдосига чиқарилгач собиқ мулкдорлар ёки қарздорлар томонидан қарздорликни қоплаш ва суд ижрочилари томонидан белгиланган тартибда мулкни савдодан олиш ҳолатлари кўп кузатилади.
– Алоҳида масала – аукционга чиқарилган мулкларнинг кейинчалик яна суд қарорлари билан қайтариб олиниши, харидорнинг пулига куйиши ёки қатор асаббузарликлардан кейин қадрсизланган ҳолда бўлиб-бўлиб қайтариб олиши. Бу бўйича қандай ечимлар устида ишланяпти?
Ориф Бозоров: – Ҳақиқатдан яқин кунларда бу каби муаммолар бор эди. Айтиш мумкинки, бундай ҳолатлар жами реализация қилинган мол-мулкларнинг ичида жуда кам ҳолларда кузатилса-да, бир дона шундай ҳолатнинг мавжудлиги ҳам бу ҳақда бош қотиришга ва масаланинг ечимини қидиришга етарли асос бўла олади. Шу мақсадда жорий йилнинг 24 июль куни президентимизнинг “Электрон онлайн аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 5197-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ электрон онлайн-аукцион иштирокчилари ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш мақсадида, электрон онлайн-аукционни ташкил этиш ва ўтказиш тартибидан ташқари бўлган тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди, деб белгилаб қўйилган. Айтиш мумкинки, шу қарор билан юқорида кўрсатиб ўтилгандек ҳолатларнинг олди олинади.
Соҳибжон Муродов: – Қўшимча қилиб айтишим мумкинки, бундай ҳолатлар асосан суд ва бошқа органлар ижро ҳужжатлари асосида савдога чиқадиган “низоли” мулкларда кузатилади, лекин улар умумий савдода сотилган мулкларнинг 1 фоизини ҳам ташкил этмайди.
Иштирокчи манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича давлат раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарорлари билан ечим топилди ва ҳозирда амалиётга киритдик.
Яъни юқорида айтилганидай аукцион ғолиби “мулкни қабул қилдим” тугмасини босганидан кейингина у тўлаган маблағ буюртмачига ўтказиб берилади, ижро ҳужжатлари бўйича автомототранспорт воситаларини реализация қилишда электрон аукцион баённомаси уни тақиқдан ечиш, аукцион ғолиби номига рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) учун асос ҳисобланади, мажбурий тартибда ундириш учун юборилмаган маъмурий жарималарни тўлаш мажбурияти автомототранспорт воситасининг собиқ эгаси зиммасида қолиши тартиби жорий этилди.
– Хорижда суд қарори асосида аукционга чиқарилган мулклар биринчи навбатда собиқ эгасига сотилишига оид амалиёт қўлланилади. Бизда ҳам бу борада қандайдир услублар қўлланиладими?
Маълумот учун: Қарорга мувофиқ электрон онлайн-аукцион иштирокчилари ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш мақсадида, электрон онлайн-аукционни ташкил этиш ва ўтказиш тартибидан ташқари бўлган тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди, деб белгилаб қўйилган.
Ориф Бозоров: – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 31.07.2017 йилдаги ПҚ 3149-сонли қарорига асосан “E-AUKSION” электрон савдо платформаси барча фуқаролар учун очиқ дастур ҳисобланади. Бунда аукцион савдоларида барча жисмоний ва юридик шахслар иштирок этишлари мумкин. Шу жумладан қарздор ёки мулк эгаси ҳам. Шундан келиб чиқиб, бизда хориждаги каби биринчи навбатда мулк эгасига мол-мулкни сотиб олиш имконияти берилмаган бўлса ҳам, мулк эгасининг умумий асосларда мол-мулкни ҳамма қатори сотиб олиш имконияти бор, деган хулосага келинади.
Соҳибжон Муродов: – Бизда суд ва бошқа органлар ижро ҳужжатлари асосида савдога чиқадиган мулклар бўйича ҳеч кимга бундай устуворлик ҳуқуқи белгиланмаган.
Ушбу амалиёт геология соҳасидаги айрим ер қаъри участкалари ҳамда “темир дафтар” “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”да ҳисобга олинган фуқароларга деҳқон хўжалиги учун ижарага бериладиган ер участкалари бўйича жорий қилиниши режалаштирилмоқда.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
08:00 / 05.12.2024
321 млн сўмни талон-торож қилган МИБ ходими ушланди
13:29 / 30.11.2024
МИБ Суд ижрочилари халқаро иттифоқи билан ҳамкорлик қилади
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
07:37 / 08.11.2024