Жаҳон | 17:53 / 31.12.2021
41798
19 дақиқада ўқилади

Безовта 2021. Тугаётган йилни ифодаловчи суратлар

Якунланаётган 2021 йил - жаҳондаги янгиликларни диққат билан кузатиб борувчилар учун ёрқин бошланганди — 6 январь куни Трампнинг тарафдорлари Вашингтондаги Капитолий биносини қамал қилишганди. Кейин Навальний Россияга қайтиши билан қўлга олинди, уни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган акциялар куч билан тарқатилди, Олимпиада-2020 бўлиб ўтди, Афғонистонда толиблар ҳокимиятга келишди ва бошқа кўплаб муҳим ва қизиқарли воқеалар бўлиб ўтди.

2020 йилги президентлик сайловларида демократ номзод Жо Байденга ютқазган Дональд Трамп тарафдорлари АҚШ Конгресси биносига бостириб киришди. Сенаторлар сайлов натижаларини тасдиқлаши керак бўлган кунда Капитолийга қилинган ҳужумда беш киши ҳалок бўлди. Капитолий қамали учун 500дан ортиқ киши қўлга олинган, бу ҳаракатга бошчилик қилганлар қамоқ жазоларига ҳукм қилинган. Сайлов якунлари кейинроқ тасдиқланди, 20 январь куни эса Байден АҚШ президенти лавозимини эгаллади. 6 январь. Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA

2021 йил битта абзацда: Трампнинг тарафдорлари Капитолийни ишғол этишди. Байден АҚШ президентига айланди. Навальний Россияга қайтди, уни чегарадаёқ қўлга олишди, кейин эса қамоққа ташлашди. Уни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган акциялар шафқатсизлик билан бостирилди. Россияда ҳукумат мустақил нашрларга қарши уруш очди: ўнлаб нашрлар ва журналистлар, «хорижий агентлар» деб топилди. Навальнийнинг коррупцияга қарши кураш фонди ҳам «экстремистик» деб эълон қилинди, унинг тарафдорлари сайловларга қўйилмади. Бутун дунё бўйлаб эмланмаганларнинг ҳуқуқларини чеклаш бошланди. Ниҳоят пандемия туфайли қолдирилган Евро-2020 ва Токио Олимпиадаси ўйинлари ўтказилди. Ричард Брэнсон ва Жефф Безос космосга парвоз қилди. Ҳамма жойда иқлим ўзгаришлари оқибатлари намоён бўла бошлади: Россияда — ўрмон ёнғинлари, Германияда — сув тошқинлари, Канадада — 50 даража иссиқ. «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади. «Единая Россия» электрон овоз бериш бўйича можаро фонида Дума учун сайловларда ғалаба қозонди. Facebook ва Instagram тармоқларида глобал узилиш рўй бериб, дунё маълум вақт асосий ижтимоий тармоқларсиз қолди. «Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов Нобел мукофотини олди. Барча «Кальмар ўйини» сериалини томоша қилди. Минглаб қочқинлар Беларусдан Польшага ўтишга ҳаракат қилди. Украина билан чегара атрофига россиялик ҳарбийлар жойлаштирилиши бошланди. «Листвяжная» шахтасида 51 киши ҳалок бўлди. Меркель канцлерликдан кетди. Россия ҳукумати «Мемориал»ни ёпди. Дунё бўйлаб коронавируснинг янги штамми омикрон тез суръатларда тарқала бошлади.

Қуйида 2021 йилни ифодаловчи суратлар.

Saul Loeb / AFP

Вашингтондаги воқеалар Трамп импичменти учун яна бир уринишга олиб келди, аммо Демократик партия таклифи Конгрессда қўллаб-қувватланмади. 20 январь куни Жо Байден мамлакатнинг 46-президенти сифатида лавозимга расман киришди. 

Сергей Бобилев / ТАСС

Мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага қайтди, у Германия пойтахтида «Новичок» гуруҳига мансуб бўлган жанговар восита билан заҳарланиш оқибатларидан даволанди. Уни аэропортдаёқ қўлга олишди, Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати уни шартли жазо талабларини бузишда айблаган (Навальний ойда икки марта Жазоларни ижро этиш федерал хизмати органларига бориб, рўйхатдан ўтиши керак бўлган. Даволанишдан кейинги реабилитация, хизматнинг фикрича, рўйхатга олишга келмаслик учун асос бўлолмайди). Навальнийни дастлаб Химкидаги полиция бўлимига олиб боришди. Кейинги куни полиция бўлимида суд мажлиси бўлиб ўтди ва Навальний 30 кунга қамоққа олинди. Фотода Навальний Химкидаги полиция бўлими биноси олдида, 18 январь.

Евгений Фельдман / «Медуза»

Навальний ҳибсга олингач, уни қўллаб-қувватлаш учун акциялар бошланди ва улар полиция томонидан тарқатилди. Суратда Москвадаги Пушкин майдонида намойишчиларнинг ОМОН билан тўқнашуви. Ерда ётган кишини либертариан Глеб Марьясов ҳимоя қилмоқда, кейинроқ у шу акция вақтида йўлни ёпишдаги иштироки учун 10 ойга қамалган. 23 январь.

Фото: АР/ТАСС

Февраль ойи бошида чигирткаларнинг улкан оқими Кенияга ёпирилди. Ҳашоратлар босқини Африканинг ушбу минтақасида жиддий озиқ-овқат етишмовчилигига олиб келади.

David Ryder / Getty Images

Вашингтон штати Уэнатчи шаҳридаги ўрта мактабда чолғу ансамбли аъзолари коронавирусдан ҳимояловчи махсус палаткаларда репитиция қилмоқда. 26 февраль.

BBC News

Мьянмани кўп йиллар мобайнида бошқариб келган генераллар 2020 йил ноябридаги демократия тарафдорлари ғалаба қозонган умуммиллий сайловлар натижаларини тан олишмади ва 2021 йил 1 февралида давлат тўнтариши уюштиришди. Мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони бўлган Мин Аунг Ҳлаинг ҳокимиятни эгаллади. Фуқаролар оммавий намойишлар билан жавоб беришди, армия эса намойишларни шафқатсизлик билан бостирди.

Сиёсий маҳбусларга кўмак кўрсатиш бўйича халқаро нодавлат ташкилот томонидан йиғилган маълумотларга кўра, ҳарбийлар томонидан жами 1318 киши ўлдирилган, шундан 93 нафари аёллар. Мамлакат фуқароларидан 10 мингдан ортиғи қамоққа олинган, шундан 2 мингдан ортиғини аёллар ташкил этади. Саккиз нафар аёл турмада вафот этган, шундан тўрт нафарининг ўлимига қийноқлар қўлланиши сабаб бўлган. 2011 йилгача, мамлакат босқичма-босқич демократия йўлига ўтишни бошлашидан олдин одам ўғирлаш ва қийноқлар қўллаш ҳарбий режим учун оддий амалиёт бўлган, аммо эндиликда, ҳуқуқ фаолларининг тасдиқлашича, вазият ҳар қачонгидан ёмонлашган.

James Crombie / imago images / Inpho / Scanpix / LETA

Фотограф Жеймс Кромби томонидан суратга олинган Ирландиядаги Лох-Эннел кўли устида парвоз қилаётган чуғурчуқлар галаси. Кўп турдаги қушлар гала бўлиб учиши одатий ҳолат, аммо чуғурчуқлар жамоасида 700 минггача қуш бўлиши мумкин. Бундай гала — инглиз тилида murmuration of starlings номини олган, яъни «чуғурчуқлар питирлаш ёки шитирлаши» (қанотлар овози туфайли) — ҳаракат вақтида улар ноодатий шакл акс эттиришади. Олимларнинг тахминларига кўра, қушлар бу орқали йиртқичларни чалғитишга ҳаракат қилишади. 2 март.

Rebecca Blackwell / AP / Scanpix / LETA

Мехикода гендер зўравонликка қарши ўтказилган намойиш чоғида полиция билан тўқнашув. Намойишларда 80дан ортиқ киши жароҳатланган. Статистикага кўра, 2020 йилда Мексикада ҳар куни ўртача 10 аёл маиший зўравонлик қурбонига айланган. 8 март.

Hannah McKay / Reuters / Scanpix / LETA

Полиция Лондоннинг Клэпҳэм туманида аёллар хавфсизлиги учун ўтказилган намойиш иштирокчисини ҳибсга олмоқда. Акция 33 ёшли Сара Эверарднинг ўлдирилиши воқеасидан кейин бўлиб ўтганди. Лондонлик 48 ёшли полициячи Уэйн Казинс ушбу жиноятни содир этишда айбланган. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 13 март.

Spencer Platt / Getty Images

Нью-Йоркдаги Бруклин кўпригида коронавирусдан вафот этганлар юзлари проекцияси (фазовий шаклларнинг текисликдаги тасвири). Шаҳарда коронавирус туфайли қайд этилган илк ўлимнинг бир йиллигини шундай қилиб нишонлашди. 2021 йил декабридаги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирусдан вафот этганлар сони 800 мингдан ошган. 14 март.

Getty Images

Февралда Мянмада Аунг Сан Суу Ки ҳукуматини ағдарган ҳарбий хунтага қарши намойишлар. 76 ёшли сиёсатчи кейинроқ 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 16 март.

Фото: АР/ТАСС

 19 март куни Исландияда зилзилалар серияси ортидан 6 минг йил мобайнида уйқуда бўлган Фаградальсфьядль вулқони уйғонди.

Фото: Maxar Technologies/Getty Images

23 март тонгида Ever Given контейнеровози Қизил денгизидан Ўрта Ер денгизига ўтишда, Сувайш каналида қумлоққа тиқилиб қолади. Натижада қарийб бир ҳафта давомида Сувайш канали бўйлаб кемалар ҳаракати тўхтаб қолади. Каналга кириш қисмида дунёдаги энг қиммат тиқилинч юзага келади, навбатда 400дан ортиқ кема турарди.

Allianz суғурта компанияси таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, каналнинг бир кун блокланиши 6-10 млрд долларга тушган. Сувайш каналидаги ушбу ҳодисанинг жами зарари 230 млрд долларга баҳоланган. Миср ҳукумати кема эгаси бўлган компаниядан компенсация сифатида 900 млн доллар талаб қилган.

Danish Siddiqui / Reuters / Scanpix / LETA

Ҳиндистон пойтахти Нью-Дели шаҳрида коронавирус туфайли вафот этганларнинг оммавий равишда кремация қилиниши. 2021 йил баҳорида ушбу мамлакатда дельта штамми авж олиши оқибатида оғир вазият юзага келди, бунга маҳаллий сайловлар арафасида ҳукумат томонидан чеклов чоралари юмшатилиши ҳам сабаб бўлди. 22 апрель.

Фото: AP/ТАСС

Апрелда Ҳиндистонда кунига 300 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланди, кунига бир неча минг киши коронавирус қурбонига айланди. Шифохоналарда койкалар ва кислород баллонлари етишмовчилиги кузатилди, крематорийлар жасадлар билан тўлиб кетгани учун, ҳалок бўлганларни кўчаларда ёқишга тўғри келди.  

Anas Baba / AFP / Scanpix / LETA

Исроилнинг «Темир гумбаз» номли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати ракеталарини уриб туширмоқда. Май ойининг иккинчи ярмида томонлар тинчлик сулҳини тузишди. 14 май.

Фото: Fatima Shbair/Getty Images

21 май куни Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳ кучга кирди. Бунгача 11 кун давомида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазога ракеталар ҳужумига жавобан авиазарбалар бериб келганди. Зиддият ҳукуматнинг Қуддусдаги Шайх Жарроҳ кварталидан бир неча фаластинлик оилани мажбуран кўчиришга қарор қилиши ортидан кучайганди.

Chris McGrath / Getty Images

Июнь ойи бошида Мармар денгизининг Истанбул шаҳри соҳиллари яқинидаги қисмини шилимшиқ моддалар қоплади. Кислород етишмаслиги туфайли балиқлар ва денгиздаги бошқа жониворлар ҳалокатга юз тутди. Экспертларнинг ҳисоблашича, бу ҳодиса иқлим ўзгариши ва сувнинг ифлосланиши оқибатида рўй берган. 11 июнь

Wolfgang Rattay / Reuters / Scanpix / LETA

Даниялик футболчи Кристиан Эриксенни майдондан олиб кетишмоқда. Евро-2020 гуруҳ босқичида Финландияга қарши беллашувда унинг юраги хуруж қилиб қолганди. Шифокорлар 29 ёшли футболчининг юрагини массаж қилиб, электрошокер орқали уни ҳаётга қайтаришганди. 12 июнь.

Radchadawan Peungprasopporn / Facebook / AFP / Scanpix / LETA

Таиландлик Радчадаван Пхунгпрасопорн Хуахин шаҳрида емиш излаб уйига бош суққан филни суратга олди. Бу филнинг илк ташрифи эмасди, июль ойида у Хуахиндаги бошқа уйга бош суқиб, у ердаги овқатларни еб қўйганди. 20 июнь 

Dar Yasin / AP / Scanpix / LETA

Кашмирдаги чўпонлар учун мўлжалланган вакциналарни олиб кетаётган тиббиёт ходими. Ҳиндистонда баҳорда янги штамм туфайли коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин ўсганди. Айрим кунларда кунлик ўсиш ҳолатлари 400 мингдан ошган, натижада нафақат шифохоналар, крематорийлар ҳам юкламага дош беролмай қолганди. 21 июнь. 

Noel Celis / AFP / Scanpix / LETA

Пекинда Хитой Коммунистик партияси 100 йиллигига уюштирилган чироқлар шоуси фонидаги чақмоқ. 30 июнь.

Maya Alleruzzo / AP / Scanpix / LETA

Фаластиннинг Бейта қишлоғи яқинида қурилган Эвиатар посёлкасидаги исроиллик. Эвиатарнинг қурилиши бўйича қарор фаластинликларнинг намойишларига сабаб бўлди ва июль ойи бошида исроилликлар ҳудудни тарк этишди. 1 июль.

DOCKS Collective

Қутқарувчилар Германиянинг Дернау қишлоғида вайронкор сув тошқинидан кейин жабрланувчиларни қидирмоқда. Германия ғарбий ҳудудларида, Рейнланд-Пфальц ва Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерларида кучли ёмғирлардан кейин юзага келган сув тошқинлари туфайли 180дан ортиқ киши ҳалок бўлганди. 15 июль

Фото: EPA/Vostock-photo

Июль ойи ўрталарида Германия, Бельгия ва Ғарбий Европанинг бошқа қисмларидаги кучли ёмғирлар туфайли рўй берган вайронкор сув тошқинлари оқибатида қурбон бўлганларнинг жами сони 220дан ошди. Сув оқими автомобиллар ва бутун уйларни ювиб кетган.

Фото: Zuma/ТАСС

20 июль куни Amazon ва Blue Origin компаниялари асосчиси Жефф Безос коинотда бўлиб қайтди. Бортида Безос ва яна уч киши бўлган New Shepard ҳаво кемаси Безоснинг Техасдаги хусусий космодромидан космосга чиқиб муваффақиятли қўнишни амалга оширди. New Shepard капсуласи космодромдан учгач, тахминан 350 минг фунт масофани босиб ўтди, Ер атмосферасини фазодан ажратиб турувчи Кармана чизиғидан (Ердан 100 километр узоқликда) ўзган ҳолда коинотга чиқди. Парвоз тахминан 11 дақиқа давом этган. Бундан тўққиз кун олдин бошқа бир миллиардер Ричард Брэнсон VSS Unity суборбитал ракетопланида коинотга муваффақиятли парвозни амалга ошириб, космик туризм даврини бошлаб берганди.

Santi Palacios / AP / Scanpix / LETA

Италиянинг Лампедуза ороли яқинида бир гуруҳ одамлар (Тунисдан келган мигрантлар) ёғоч қайиқ бортида Испаниядаги Open Arms нодавлат ташкилоти ёрдамга келишини кутишмоқда. 29 июль.

Konstantinos Tsakalidis / Bloomberg / Getty Images

Грециянинг Эвбия оролида яшовчи 81 ёшли Ритсопи Панайота мамлакатда сўнгги 30 йилликдаги энг жиддий қурғоқчилик туфайли бошланган ўрмон ёнғинлари унинг уйини қандай қилиб ўз домига олишига қараб турибди. 8 август

Thiago Prudencio / DAX / ZUMA Wire / Scanpix / LETAnpix / LETA

Лионел Мессининг портретини «Камп Ноу» деворларидан олишмоқда — футболчи «Пари Сен-Жермен» сафига ўтди. Месси шу вақтгача фақат «Барселона»да тўп сурганди. У каталонияликлар клуби билан Чемпионлар лигасида тўрт бор ғолиб чиққан, ўн марта Испания чемпиони бўлган. 10 август

Фото: АР/ТАСС

13 август куни Ёқутистон ҳудудида ўрмон ёнғинлари туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ёнғин мавсуми бошидан қайд этилган ёнғин ўчоқлари майдони сўнгги ўн йилликдаги рекорд натижа бўлди ва 8,5 млн гектарни ташкил этди. Зарар миқдори 3,7 млрд рублдан ортиқроққа баҳоланган.

Zabi Karimi / AP / Scanpix / LETA

«Толибон» ҳаракати Кобулдаги президентлик саройида. Толиблар ҳукуматни эгаллади, президент Ашраф Ғани қочиб кетди. 15 август

Wakil Kohsar / AFP / Scanpix / LETA

Афғонистонликлар мамлакатдан учиб кетаётган сўнгги самолётлардан бирига илиниб қолиш илинжида. Толиблар ҳокимиятга келгач, август ойи иккинчи ярмида Кобул аэропорти Афғонистонни тарк этиш учун ягона нуқтага айланганди. 16 август

STR / KCNA / KNS / AFP / Scanpix / LETA

Пхеньянда КХДР ташкил этилганининг 73 йиллиги муносабати билан ўтказилган тунги парад. Фотода махсус ҳимоя кийимлари ва тиббий респираторлар таққан ҳарбий хизматчилар колоннаси. 9 сентябрь

Andrej Isakovic / AFP / Scanpix / LETA

«Формула-1»да «Ред Булл» пилоти Макс Ферстаппен ва «Мерседес» пойгачиси Люис Ҳэмилтон Италиядаги Гран-прида тўқнашиб кетганди. Уч ой ўтиб чемпионат финалида, Абу-Даби Гран-присида Ферстаппен сўнгги доирада Ҳэмилтондан ўзиб кетди (пойга арафасида очколар тенг эди) ва «Формула-1» чемпиони бўлиб, британиялик спортчи гегемонлигига якун ясади. 12 сентябрь.

Фото: Chung Sung-Jun/Getty Images

17 сентябрь куни Netflix’да Жанубий Корея сериали - «Кальмар ўйини» чиқди, бу сериал кутилмаганда жаҳон ҳитига айланди. Дастлабки тўрт ҳафтада уни 142 млн обуначи кўрган. Сериал сервисда 94 мамлакат бўйича энг машҳур сериал бўлди. Сеулдаги Олимпия паркида ушбу сериалнинг илк эпизодида кўриниш берадиган улкан робот-қўғирчоқ ҳайкали нусхаси ўрнатилди.

Фото: АР/ТАСС 

19 сентябрь куни Испаниянинг Пальма оролида Кумбре-Вьеха вулқони отила бошлади. Лава бир ярим мингдан ортиқ уйларни яксон қилган. Хавфли ҳудудлардан 7 мингга яқин киши кўчирилган. Кўчалар ва уйлар вулқон кули остида қолган. Вулқон отилиши қарийб уч ой давом этди.

Paul Ratje / AFP / Scanpix / LETA

АҚШ чегара хизмати ходими Америка-Мексика чегарасини Рио-Гранде дарёси орқали бузиб ўтган гаитилик мигрантни тутишга уринмоқда. 2021 йил сентябрида Техасдаги Дель-Рио шаҳрида Америкага Мексика орқали келган, Гаитидан бўлган 10 мингга яқин мигрант чодир тикканди. Уларни отлиқ патрул орқали таъқиб этиш жараёни акс этган кадрлар Америка жамоатчилигида норозилик уйғотганди. 19 сентябрь.

Brent Stirton / Getty Images

 Конго Демократик Республикасидаги Вирунга миллий паркида жон бераётган Ндакаси лақабли горилла. Бу етим қолган тоғ гориллалари учун дунёдаги ягона бошпана. 21 сентябрь

Денис Каминев / Дождь

«Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов Нобел мукофоти совриндори бўлгани маълум бўлганидан кейин таҳририятдагилар томонидан қарши олинмоқда. 8 октябрь

Emilio Morenatti / AP / Scanpix / LETA

Канар оролларидаги Кумбре-Вьеха вулқонидан отилган кул остида қолган уй. Вулқон отилиши қарийб уч ой давом этди ва вулқон жойлашган Пальма оролини таниб бўлмас даражада ўзгартирди. 30 октябрь

Польша мудофаа вазирлиги / Reuters / Scanpix / LETA

Яқин Шарқдан келган мигрантлар Беларусь ва Польша чегарасида. Беларусь орқали минглаб кишилар Евроиттифоқ ҳудудига ўтишга уриниши билан боғлиқ миграция инқирози 2021 йил баҳорида бошланганди. Ноябрга келиб вазият кескинлашди, бу вақтда бир неча минг мигрант Беларусь-Польша чегарасига келиб, чегарани бузиб ўтишга уринди. 10 ноябрь

Кирилл Кухмарь / ТАСС

Кемерово областидаги «Листвяжная» шахтасида 25 ноябрь куни портлаш рўй бериб, 51 киши ҳалок бўлди: 46 кончи ва беш нафар қутқарувчи, қутқарувчилардан бири Александр Заковряшин кейинроқ оғир ҳолатда топилди. У бунгача вафот этган деб ҳисобланаётганди. Заковряшин ўзи шахтадан чиқиб келган. Уни дарҳол шифохонага олиб кетишган. 26 ноябрь

Marin Driguez / SIPA / Scanpix / LETA

2021 йил давомида деярли бутун Европа шаҳарлари бўйлаб коронавирус чекловларига қарши норозилик акциялари бўлиб ўтди. Йил охирига келиб янги штамм омикрон туфайли антиковид чоралари янада кучайтирилди. Фотода Бельгияда полициячилар ва намойишчилар тўқнашуви акс этган, намойишчилар ковид-паспортлар ва мажбурий вакцинация эҳтимоли туфайли кўчаларга чиқишганди. 5 декабрь

Фото: Stefanie Loos / Bloomberg

8 декабрь куни Ангела Меркелнинг немис ҳукумати раҳбарлигидаги даври поёнига етди. Германия тарихидаги илк канцлер аёл бўлган Меркель хоним мамлакатни 2005 йилдан буён 16 йил давомида бошқарди. 2018 йилдаёқ у Христиан-демократлар иттифоқи раҳбарлигини бошқа эгалламаслиги ва тўртинчи муддати якунида сиёсатдан бутунлай кетиши ҳақида маълум қилганди. 2 декабрь куни Берлинда Меркель ҳукумат раҳбарлигини топшириш маросими ўтказилди. Коалицион келишувга кўра, Германиянинг янги канцлери социал-демократ Олаф Шолц бўлди.

Liam Kennedy / Bloomberg / Getty Images 

Кентукки штати Мэйфилд шаҳрида торнадо оқибатида вайрон бўлган театр. 10-11 декабрь кунлари АҚШ ўрта ғарбидаги штатларда ўнлаб торнадолар бўлиб ўтди. 18 декабрь кунги маълумотларда, бешта штатда камида 93 киши ҳалок бўлган, шундан икки ойдан 98 ёшгача бўлган 78 нафари — Кентуккида. 13 декабрь.

Мавзуга оид