Жамият | 17:23 / 04.01.2022
6969
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2021 йилда қанча фуқаро коронавирусга қарши тўлиқ эмлангани маълум қилинди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

2021 йилда Ўзбекистон аҳолисининг тегишли қатламини эмлаш учун 39 203 933 доза вакцина қўлланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири матбуот котиби хабар берди.

Маълум қилинишича, ўтган йилда тўлиқ вакцина курсини олганлар 18 ёшдан катта эмланувчиларга нисбатан 63 фоиздан ёки 13,5 миллион нафардан ошган.

Тўлиқ эмланганларнинг:

  • 852 574 нафари 65 ёшдан ошганлар;
  • 427 833 нафари тиббиёт ходимлари;
  • 431 274 нафари мактаб ўқитувчилари;
  • 167 064 нафари мактабгача таълим муассасалари ходимлари;
  • 828 103 нафари сурункали касаллиги бор фуқаролардир. Тўлиқ эмланганларнинг қолган қисми бошқа аҳоли вакиллари ҳиссасига тўғри келади.

Коронавирусга қарши тўлиқ эмланган аҳолининг энг катта қисми Самарқанд вилоятида бўлиб, вилоятда 1 765 228 нафар фуқаро тўлиқ эмланган. Коронавирусга қарши тўлиқ вакцина олганлар вилоятда эмланиши кўзда тутилган 18 ёшдан катта аҳолининг 74 фоиздан ортиғини ташкил қилади.

  • Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 2021 йил 1 апрелдан бошланганди. Эмлаш ихтиёрий ва бепул, февраль ойида вакцина олишдан бош тортганларга ҳеч қандай чора кўрилмаслиги айтилганди. Июнь охиридан бошлаб эса Тошкентда 18 ёшдан ошганлар коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланди. 28 сентябрдан 12 ёшдан катта болаларни ҳам коронавирусга қарши Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмлашга рухсат берилди.
  • Июль ўрталарида Ўзбекистонда 18 ёшдан ошган 14 та тоифадаги фуқаролар коронавирусга қарши эмланиши шарт этиб белгиланди. Улар орасида аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектларининг (давлат хизматлари марказлари, почта бўлинмалари, банклар, лизинг ташкилотлари, нотариуслар, суғурта компаниялари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ва бошқаларнинг) ходимлари ҳам бор.

Мавзуга оид