Жаҳон | 14:29 / 10.01.2022
21875
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко "Қозоғистондаги каби бўлмаслиги учун" Тожикистонга ёрдам бериш кераклигини айтди

Аввалроқ Қозоғистон ТИВ мамлакат хорижда тайёргарликдан ўтган, яхши мувофиқлаштирилган террорчи гуруҳлар томонидан қуролли тажовузга учраганини билдирганди.

Фото: Sefa Karacan/Anadolu Agency via Getty Images

Беларусь президенти Александр Лукашенко Қозоғистондаги воқеалар фонида Тожикистонга ёрдам беришга чақирди.

"Тожикистон президенти бир неча йилдан бери моддий, биринчи навбатда ҳарбий техника билан қўллаб-қувватлашимизни сўрамоқда. Қозоғистон билан бўлгани каби бизга қимматга тушмаслиги учун ҳозир ёрдам беришимиз керак", - деди у КХШТ раҳбарлари онлайн-саммитида.

"Қозоғистонга қарийб 200та рейсда техника ташладик. Тожикистонда ҳам бундай бўлишини истамаймиз. Унга ҳозир ёрдам берган маъқул, бу муаммоларни ҳал қила олади. Бу бошқа республикаларга ҳам тегишли. Хулоса чиқариш керак", - деди Беларусь президенти.

Қозоғистон ТИВнинг баёнотига кўра, мамлакат хорижда тайёргарликдан ўтган, яхши мувофиқлаштирилган террорчи гуруҳлар томонидан қуролли тажовузга учраган. Дастлабки маълумотларга қараганда, ҳужумларни амалга оширганлар орасида исломий радикал гуруҳлар таркибида «қайноқ нуқта»ларда жанг тажрибасини орттирган шахслар мавжуд.  

Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан (КХШТ) ёрдам сўради ва вазиятни барқарорлаштириш учун 2500 нафарга яқин тинчликпарвар кучлар юборилди. Уларнинг вазифаси стратегик объектларни қўриқлаш ва Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот кучларини ҳимоя қилишни ўз ичига олади.

Мавзуга оид