«Дипломатик хато», «КХШТга КИШТ», «Троя оти» — блогерлар ва фаоллар Лукашенконинг сўзларига қандай реакция қилишди?
КХШТнинг 10 январь кунги онлайн саммитида Беларус президенти Александр Лукашенко айтган гаплар кўпчилик томонидан бевосита Ўзбекистоннинг суверенитетига таҳдид сифатида қабул қилинди.
«Қозоғистондаги вазиятдан, аввало, Ўзбекистон ҳушёр бўлиши керак, акс ҳолда, биздаги маълумотларга кўра, тўполон ташкилотчиларининг нигоҳи, жумладан, Ўзбекистонга қаратилган», деди у.
Ушбу ҳолатга жамоатчилик фаоллари бирдамлик билан тезкор муносабат билдиришди.
«Бу — дипломатик хато»
Бобур Бекмуродов, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати
«Мамлакатимизнинг у ёки бу халқаро ташкилот билан ҳамкорлиги масаласи аввало, мустақил Ўзбекистон халқи ва давлатининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилинади.
Бугунги кунда кузатилаётган хорижий сиёсатчиларнинг ташқаридан туриб «сабоқ» бериши ва маълум қарорни қабул қилишга шама қилиши ўта ноўрин ҳолат ва дипломатик хато деб ҳисоблаймиз», дея ёзган у телеграмдаги каналида.
«КХШТга қўшилиш учун амалдаги қонунлар йўл қўймайди»
Қобил Хидиров, блогер (Davletov.uz канали муаллифи)
«Кеча Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида янграган турли фикр ва мулоҳазалар ортидан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг мазкур ҳарбий блокка қўшилиш эҳтимоли ҳақида баҳс-мунозаралар билдирилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ҳарбий доктрина ва Ташқи сиёсий фаолият концепциямизга мувофиқ, Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмаслиги ҳамда ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларни жойлаштиришга йўл қўймаслиги қонуний асослар билан белгилаб қўйилган. Яъни КХШТга киришга қонун йўл қўймайди.
Ўзбекистон КХШТга аъзо давлатлар билан тўғридан тўғри икки томонлама ҳарбий-техник ҳамкорликни фаол амалга ошириб келмоқда. Россия билан эса Ўзбекистон муносабатлари иттифоқчилик даражасида, шунинг учун ҳам КХШТга Ўзбекистоннинг кириши ҳақидаги гап-сўзлар хомхаёл, мамлакатнинг бугунги прагматик ташқи сиёсатига тўғри келмайди.
Ўзбекистон ҳарбий блоклардан кўра икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришни афзал кўради. Ўзбекистон ушбу позициясини анчадан бери юқори доираларда қатъий таъкидлаб келади ва энг асосийси, бундай принципиал ёндашув халқимиз ва давлатимизнинг манфаатларига тўлиқ хизмат қилади».
«Бизга КХШТга ўхшаган Троя отининг кераги йўқ!»
Хушнуд Худойбердиев, ҳуқуқшунос, блогер (Xushnudbek.uz канали муаллифи)
«Беларус президентининг гаплари, албатта сафсата, лекин барибир одамнинг асабига тегади. Ким ким-у, ҳар ҳолда Ўзбекистонни огоҳлантириш Лукашенконинг иши эмас. Аксарият халқи «йўқол» деб эътироз билдириб турган президентнинг бугун бизга ақл ўргатишининг ўзи кулгили.
Яна бир қизиқ томони, хўп, айтайлик, жаноб Лукашенкода Ўзбекистонга бўладиган келгусидаги ҳужумлар ҳақида маълумот бор экан, унда нима учун уларни Ўзбекистонга тақдим этмасдан, қанақадир ҳарбий ташкилот мажлисида популистик чиқишлар қиляпти? Агар у бизга дўст экан, унда бу маълумотларни энг аввало Ўзбекистонга айтиши керак эди-ку. Ахир, 28 декабрь куни МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммитида у Шавкат Мирзиёев билан кўришганди, нега бу таҳдид ҳақида бир оғиз айтмаган?
Кўряпсизми, бу ўйинлар ортида умуман бошқа гап бор. Буларнинг барчасини Ўзбекистонни КХШТ ҳарбий ташкилотига аъзо қилиш учун босим ва керак бўлса таҳдид, деб қабул қилиш мумкин. Илгари бунга яширин даъватлар қилинган бўлса, энди сурбетларча таҳдидга ўтишмоқда.
Юқоридаги гап-сўзлардан қандай хулоса қилиш мумкин?
Энг аввало, ҳиссиётларга берилмаслик, аммо совуқ мия билан реал хавфни ҳис қилишимиз керак.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси ҳамда ҳарбий доктринасига кўра, биз ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаймиз, уларда иштирок этмаймиз ва Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари бўлишига йўл қўйилмайди. Бу қонунларимиз билан мустаҳкамланган. Буни популист «дўстларимиз» ҳам яхши билишади.
Учинчидан ва энг асосийси, провокацияларга берилмаслигимиз керак. Ўзини бизга ғамхўрдек кўрсатиб, ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлганларнинг ўзи барчасининг бошида туриши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бунақа вақтда бизга фақат ва фақат бирдамлик керак.
Тўртинчидан, ҳеч қачон, ҳа, ҳеч қачон Ўзбекистон ҳудудига бегона давлатлар армияси киритилишига йўл қўймаслигимиз, бунга ҳеч қандай имкон қолдирмаслигимиз лозим ва лобид! Қўшни Қозоғистон тақдири бизга хулоса қилиш учун дарс бўлиши керак. Айниқса, эски империалистик мақомини қайта тиклаш йўлида ҳеч нарсадан, ҳаттоки бошқа давлатлар ҳудудини эгаллашдан ҳам тап тортмайдиганларнинг аскарларини Ўзбекистоннинг бир қарич ҳудудига ҳам қадам бостирмаслигимиз шарт!
Ўзбекистон шу пайтгача барча катта-кичик муаммоларини ўзининг ҳарбий кучи билан ҳал қилиб келган. Сариосиё, Янгиобод воқеаларида ҳам, 16 февраль ёки Андижон воқеаларида ҳам ҳеч кимдан ёрдам сўрамаганмиз. Бизга КХШТга ўхшаган Троя отининг кераги йўқ!»
Лукашенкога «раҳмат»
Отабек Бакиров, иқтисодчи (Бакироо канали муаллифи)
«Лукашенко бир жиҳатдан ўзи билмай тўғри гапни айтди. Уйғонмаганларни, бефарқларни, ғафлатдагиларни ҳам уйғотди. Биз чинданам Қозоғистонда кечаётган воқеалардан хулоса олишимиз керак. Фақат у айтган, ўйлаган, режалаган тарзда эмас.
Биз тушундик, стратегик ва ўта юқори рентабелли соҳаларга кимларни яқинлаштириб бўлмаслигини. Сотқинлар, юртсотарлар эса фақат ичкаридан чиқишини.
Ички ва ташқи олигархиянинг маҳаллий ҳокимият органлари ва кучишлатар тизимлари билан мулоқотлари ва яқинлашувига абсолют вето бўлиши даркорлигини, уларни қарор қабул қилишдан узоқлаштириш зарурлигини ҳам англадик.
Ташқи сиёсатда шу пайтгача, бу у ўтган даврми, ё янги даврми, фақат миллий манфаатларга асосланган мустақил сиёсатимиз тўғри эканини, сиёсатимизни фақат ўз кучимизга таянган ҳолда бетарафлик ва қўшилмаслик принципларида давом эттиришимиз лозимлигини яна бир бор ҳис этдик.
Биз давлатчилигимиз, мустақиллигимизнинг беқиёс қийматини бугун яна қайтадан баҳоладик. Кеч бўлмасидан туриб ўлчовларимизни ўзгартириш кераклиги ҳақида ҳушёр тортдик. Шу маънода Лукашенкога «раҳмат».
Биз ортга қайтиш учун 30 йил юрмадик!
Шаҳноза Соатова, блогер
«Шу кунларда имперализмининг нафси бошқача ҳакалак отяпти. Бугун Лукашенко ва Калашников айтган таҳдидомуз гаплари энди шимолдан «ҳужум» янги босқичга чиққанини, сурбетлашаётганини кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқларда эса советпараст троллар иштаҳа билан қўлни қўлга ишқалашяпти.
Бир ҳафта олдин Маргарита Симонян Қозоғистонга КХШТ ҳимояси учун «нарх» белгилаганди, кеча Викрам Рўзиохунов билан бўлган воқеада Марказий Осиё халқлари орасига нифоқ солиш ноталари эшитилди. Бугун эса бу баёнотлардан шунақанги жаҳлим чиқяптики, туйғуларим сўзга сиғмаяпти...
Биз бир кун келиб қўшқўллаб ватанни топшириш учун 30 йил юрмадик, давлат қурмадик. Халқи қабул қилишни истамай, ойлаб исён қилган диктаторлар бизнинг келажагимизни ва давлатимиз юрадиган йўлни ҳал қилиб бериши учун шунча қийналмадик. «Чидаймиз-да бу дардлар ҳам ўткинчидир... Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон» деганда бекорга чин дилдан йиғламадик. Мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилиб бўз йигитларимиз бекорга қурбон бўлишмади. Куни кеча оқланган шаҳид боболаримиз руҳи учун ҳам мустақилликни қадрлашимиз керак.
Биз қўшнимиздаги аҳвол билан қўрқитиб, ташкилотларимизга кирмасанг бундан баттар бўласан деяётганларга муносиб қаршилик қила олишимиз керак.
КХШТга «КИШТ» дейиш керак!
Ҳозир сўзда, фикрда таҳдид бошланди, асримизда асосий урушлар ахборот майдонида кечади. Шимолнинг эса пропаганда машинаси кучли. Бўлинган Қозоғистон худди бир пайтлар қўшҳокимият туфайли душманга тиз чўккан сўнгги темурий салтанати – Хуросондек сиёсий ўйинларга қурбон бўлмоқда экан, биз боболаримиз ва қўшниларимиз хатоларидан тўғри хулоса чиқариб бирлашишимиз керак. 100 йил олдинги учга бўлинган Туркистон қисмати ҳам бизга сабоқ бўлсин!
Бугун бу ҳақида ёзаётган, айтаётган кўплаб фикр етакчилари, блогерлар (1, 2, 3...) каби мен ҳам халқимизни умумий таҳдидга ғоявий якдиллик ва жипслик билан қарши туришга чақирмоқчиман. Эҳтиросларга берилманг, ёлғонларга ишонманг, чақириқларга учманг – синов келди!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!»
Мавзуга оид
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
18:53 / 10.12.2024
Лукашенко: Беларусда ўнлаб ядровий каллаклар бор
02:18 / 07.12.2024
Путин ва Лукашенко хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартномани имзолади
09:23 / 05.12.2024