Ўзбекистон | 16:05 / 12.01.2022
40637
6 дақиқада ўқилади

“Бу – Ўзбекистонни КХШТга қайтариш ҳаракати” — сиёсий таҳлилчи Лукашенконинг баёноти ҳақида

Беларус президенти Ўзбекистонни огоҳлантириб айтган гапларида асос йўқ, халқаро майдонда обрўсизланган сиёсатчининг ақл ўргатишига Марказий Осиё минтақасида эҳтиёж йўқ, дейди сиёсий таҳлилчи Анвар Эминов.

Беларус президенти Александр Лукашенко Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Қозоғистондаги намойишлар бўйича саммитида айтган гаплар ўзбекистонликларнинг норозилигига, интернетда муҳокамаларга сабаб бўлди. Беларус етакчиси Қозоғистондаги тўполонларни уюштирганлар Ўзбекистонга ҳам кўз тикаётганини иддао қилди.

Қозоғистондаги воқеалар Ўзбекистонга кўчиши мумкинлигини айтаётган Беларус президенти қўлида ушбу сўзларини тасдиқловчи маълумотлар борлигини айтган.

Сиёсий таҳлилчи Анвар Эминов Александр Лукашенконинг бу сўзлари популистликдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлайди. Унинг айтишича, Беларус президенти шу йўл билан ҳокимиятининг легитимлигини таъминлашга уринмоқда.

“Бу сўзларнинг тагида бошқа маъно бор”

— Беларусда икки йилдан бери давом этаётган можароларни кўриб турибмиз. Демократия ёки диктатура тўқнашуви марказида ҳозир айнан Беларус турибди. Бир томондан Украинада, бир томондан Беларусда Россия ва унга иттифоқдош давлатлар томонидан олиб борилаётган сиёсат билан Ғарб давлатларининг сиёсати кескин қарама-қарши бўлиб турибди.

Мана шундай шароитда Беларус президенти ушбу сўзлари билан чегарадан чиқяпти. У Ўзбекистонга қарата: “Қозоғистондаги воқеалар эртага Ўзбекистонга ҳам кўчиши мумкин, Ўзбекистон кўзини очиши керак, шунинг учун бизнинг йўриғимизга юрмаса бўлмайди”, деган гапларининг тагида нима маъно ётибди? Бу билан у Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га қўшилиши керак, деган ғояни зимдан илгари суряпти. Бундай ҳаракат 20 йилдан бери кузатилмоқда.

Мана шу ташкилот, яъни КХШТ аслида Тошкентда, Ўзбекистоннинг ташаббуси билан тузилганди. Нима учун Ўзбекистон бу ташкилотдан чиқиб кетган эди? Чунки бу ерда сиёсий ўйинлар бўлгани ва иштирокчиларнинг мавқейи тенг бўлмагани учун ташкилотни тарк этганимизни унутмаслик керак.

Сиёсий таҳлилчи Анвар Эминов / Фото: Kun.uz

КХШТнинг навбатдаги саммитидаги чиқиши билан жаноб Лукашенко ўзича популистлик қиляпти. Шу йўл билан ҳокимиятининг легитимлигини кўрсатмоқчи бўляпти, яъни “мана, мендан ҳам баттарроқ одамлар бор”, деб кўрсатишга уринмоқда. Чунки уни жаҳон ҳамжамияти тан олгани йўқ, халқаро майдонда обрўсизланган. Мана шу аҳволдаги сиёсатчининг ақл ўргатишига Марказий Осиё минтақасида эҳтиёж йўқ, деб ўйлайман.

“Қозоғистонга КХШТ кучлари киритилиши учун бир неча соат етарли бўлди”

— Аввало ҳар битта ишнинг ҳуқуқий асосини кўришимиз керак. КХШТнинг асосий ҳуқуқий ҳужжатларида шундай ёзилганки, аъзо давлатларга ташқаридан тажовуз бўлган тақдирдагина ташкилот ёрдам бериши, яъни қўшин киритиши белгилаб қўйилган.

Озарбойжон ва Арманистон ўртасида можаролар бўлиб ўтган вақтда ҳозир КХШТ раҳбарлигини бажариб турган Пашинян жаноблари ушбу ташкилотдан ёрдам сўраб мурожаат қилганда, унга: “Сенга ҳеч ким ташқаридан ҳужум қилгани йўқ. Шунинг учун биз аралашолмаймиз. Бу сенинг ички масаланг. Ҳеч ким ташқаридан давлатингга ҳужум қилгани йўқ”, деган маънода тушунтириш берилганди.

Дунё, минтақа ва миллий миқёсдаги кўплаб экспертлар, Қозоғистоннинг ичида намойишлар бўлаётган вазиятда нима учун КХШТдан ёрдам сўраб мурожаат қилингани ва ташкилотнинг кучлари жуда қисқа вақт – 6-7 соат ичида Қозоғистон ҳудудига кириб келганига эътибор қаратишмоқда. Бу биринчи масала.

Иккинчиси, КХШТ Қозоғистонга тўполонлар баҳонасида кириб келган, айни пайтга келиб вазият барқарорлашган экан, ташкилотнинг навбатдан ташқари онлайн йиғилишида Ўзбекистонга қарата бундай сўзларни айтишига қандайдир ҳуқуқий ёки маънавий асос борми, деган саволлар ўртага чиқади. Бунинг сабабини юқорида айтиб ўтдим.

“Лукашенконинг сўзларида асос йўқ”

— Фараз қилайлик, Лукашенконинг қўлида сўзларини тасдиқловчи маълумотлар бор. Ҳозирча бу аниқ эмас, келинг, тахмин қилиб турамиз. Бундай вазиятда ушбу маълумотларни етказишнинг ўзига хос тартиб-таомили бор.

Давлатнинг ташқи сиёсат билан шуғулланувчи идоралари, махсус хизматларнинг бошқа ташкилотлардан фарқи нимада? Улар айрим маълумотларни сир сақлаш қобилиятига эга. Улар бу сирларни, маълумотларни қонунларда белгиланган муддатгача омма эътиборига ҳавола қилмайди.

Энди, агар давлат органларида, бошқарувнинг энг юқори бўғинида турган инсонда қўшни, дўст ёки ҳамкор давлат ҳақида салбий маълумот бўладиган бўлса, бу ҳақда Лукашенкога ўхшаб жар солинмайди. Бу маълумотлар ёпиқ каналлар орқали ўша давлат раҳбари ёки ТИВ ёхуд махсус хизматларига етказилади. “Дўстларим, ҳамкорларим, сизлар ҳақингизда менда шундай маълумот бор, бир ўрганиб кўринглар”, дея бу маълумотлар текшириб кўриш учун ёпиқ, яширин йўллар билан етказилади.

Бу даражадаги муҳим ахборот кўчага олиб чиқиб тўкворилмайди, ҳеч қайси давлат сиёсатида йўқ бу нарса. Шунинг ўзи ҳам Лукашенконинг сўзларида асос йўқлиги, у айтган тезкор маълумотлар мавжуд эмаслигини кўрсатади.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид