Жамият | 13:47 / 13.01.2022
26656
2 дақиқада ўқилади

Андижонлик фрилансер – “3 000 – 4 000 АҚШ доллари топяпман”

“Digital Uzbekistan” лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши Жасурбек Набижонов бўлди. Андижонлик суҳбатдошимиз 2019 йил Тошкентдаги Инҳа университетини тамомлаган. Бугунги кунда у фрилансерлик ортидан 3 000 – 4 000 АҚШ долларигача даромад топмоқда.

Мактаб давридан бошланган

Дастурлаш соҳасига мактаб давридан қизиқиш пайдо бўлган. Ўша вақтлар компютер, хусусан веб-сайтлар яратишга қизиққанман. Бу қизиқиш мени 2015 йил Тошкентдаги Инҳа университети томон етаклади. Олийгоҳда дастурлаш бўйича чуқур фундаментал билимлар берилган. Университетда ўқиш давридаёқ турли ташкилот ва фирмаларда дастурчи бўлиб ишлаганман. Ўқишни битиргач ҳам бир-икки йил турли стартапларда ишлаб юрдим.

Пандемиядан олдин YouTube’da бир видео кўриб қолдим. Унда бир рус фрилансери АҚШ компаниясида ишлаб соатига 100 доллар топаётгани айтилган. Бу фрилансерликка қизиқишимни янада оширди. Карантинда эса ишлаш онлайн бўла бошлади. Мен ҳам фирмадаги ишимни ташлаб фрилансерликка ўтиб кетдим. Кейинчалик “StreamLayer” компаниясига ‘Frontend developer’ бўлиб ишга кирдим ва ҳозир ҳам компанияда фаолиятимни давом эттиряпман.

Ҳозир 3 000 – 4 000 АҚШ доллари топяпман

Дастурлаш соҳасига кириб келишда дастлаб жараён бироз қийин кечади. Аммо вақт ўтган сари ўз устингизда ишлаб тажрибангизни ошириш натижасида фаолият осонлашади. Менда ҳам шундай бўлган. Тажрибамни ошириш учун талабалик вақтларим турли компанияларда стажировка қилиб юрганман. Улардан бири “No media technologies” компанияси эди. Ўқишни битириб “Devo park” компаниясида ишладим. У ерда турли дастурлар яратиш билан шуғулланганман. Ундан сўнг Чехия компаниясида 9 ой давомида ишладим.

Тошкентда ишлаб юрган кезларим ўртача 500 АҚШ доллари миқдорида маош олардим. Ҳозир уйда туриб фрилансерлик ортидан ўртача 3 000 – 4 000 АҚШ доллари топяпман.

Тўлиқ видеони Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.

Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи — Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид