Ўзбекистон | 10:00 / 14.01.2022
7286
6 дақиқада ўқилади

Ёшлар - миллат ва мамлакатнинг олтин захираси

Бугун ёшларимизни замонавий билим ва тажрибалар, миллий- умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш барчамизнинг бош мақсадимиздир. Хусусан, Фарғона давлат университетида таҳсил олаётган ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, жаҳон ёшларига намуна бўлгудек гўзал тарбия ва билим бериш, ташаббус ва илмий интилишларини рўёбга чиқариш йўлида ҳаракатдамиз.

 

Умуман, мамлакатимиз ёшлари томонидан эришилаётган улкан ютуқлар замирида Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида ўз вазифасига киришган паллаларданоқ ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида қарагани билан баҳолаш мумкин. Чунки жадал ва барқарор ривожланишга қаратилган сиёсат айнан давлат раҳбари жонкуярлигида ёшлар масаласидан бошланди. Бу борада мамлакат ёшлари ҳаётига катта ўзгаришлар олиб кирган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ёш авлод тақдирида ислоҳотлар дебочаси сифатида тарихга муҳрланди.

Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент мактаблари, Темурбеклар мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, давлат раҳбари ҳар гал ёшлар билан учрашар экан, уларнинг таклиф ва муаммоларига қулоқ тутиб, янгидан-янги ташаббус ва ғояларга қўл урмоқда. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий этилиши, имтиёзли таълим кредитлари ажратилиши, халқаро таълим дастурлари бўйича энг юқори балларни тўплаган иқтидорли ёшларга эътибор, ёш олимлар учун танловлар, грант маблағлар, стартап лойиҳалар, олий ўқув юртларига ўқишни кўчиришдаги ўзгаришлар, қулай тест жараёнлари, бир вақтнинг ўзида 5 та ОТМда билимини синаб кўриш имконияти ва шу каби кўплаб масалалар бунинг ёрқин ифодасидир.

Ёшлар иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти, “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. Иқтидорли қизлар учун бериладиган Зулфия номидаги давлат мукофоти ҳар бир вилоятдан икки нафардан қизларга топшириладиган бўлди. Совриндор қизларга бериладиган имтиёзлар янада кўпайтирилди.

Жумладан, Фарғона давлат университетида ёшлар билан ишлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, илм-фанга бўлган рағбатини кучайтиришга алоҳида эътибор бериляпти. Ўтган бир йил ичида мазкур саъй-ҳаракатлар янги босқичга кўтарилганини эътироф этишимиз зарур. Зотан, 15 та факультет, сиртқи таълим ва магистратура бўлимларига жам бўлган ўттиз мингдан ортиқ талаба-ёшлар, 700 нафарга яқин ёш олим-изланувчилар билан улкан марраларга интилаётган ўз қадриятига эга университет йилдан йилга тараққий этиб, ёшликка хос шижоат, ҳаётсеварлик, интилувчанлик билан эврилиб бормоқда.

2021 йилда университетимизнинг 51 нафар олимлари ўз йўналишлари бўйича илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилган бўлсалар, уларнинг 30 нафардан ортиғини ёш олимлар ташкил этади. Шунингдек, ёшларга яратилган кенг кўламли имкониятлардан самарали фойдаланган юзлаб ёшларимиз халқаро ва республика танловлари ғолиблари бўлишди. Биргина Жисмоний маданият факультетида Осиё ва республика чемпионати совриндори бўлган талабаларимиз 23 нафарга кўпайди. Зоотехния факультетининг 11 нафар иқтидорли талабалари илмий инновация йўналишларида грантларни қўлга киритишди. Ёш филолог, математик, физик олимларимизнинг иқтидорлари халқаро анжуманларда муносиб эътироф этилаётгани ана шундай самаралардан биридир.

Бу йил мамлакатимизда ёшларнинг илмий фаолиятига кенг йўл очишга қаратилган эътибор туфайли таянч докторантура ва стажёр-тадқиқотчиликка ажратилган квоталар сони сезиларли даражада ошди. Жорий йилда 58 нафар изланувчан йигит-қизларимиз университет таянч докторантлари сифатида илмий изланиш олиб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, 2022 йилдан мамлакатимизда 35 та давлат олий таълим муассасалари қатори Фарғона давлат университетига ҳам молиявий ва академик мустақилликнинг берилиши олийгоҳ ҳаётидаги муҳим воқелик бўлди. Мазкур ишонч зиммамизга катта масъулият юклаш баробарида университетимизнинг ўз олдига қўйган эзгу мақсадлари, хусусан, илмий салоҳиятни ошириш, талабалар учун ҳар томонлама замонавий таълим олиш шароитларини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни янада жадаллаштириш, бу борада мустақил қарорлар қабул қилишимизга кенг йўл очди.

Айни вақтда Фарғона туманидаги ўқув-тажриба агроучасткаси, Олтиариқ туманидаги дала ўқув майдонлари фаолиятини кучайтириш борасидаги ишлар, университетнинг барча факультетларида босқичма-босқич олиб борилаётган бунёдкорлик саъй-ҳаракатлари янада қизғин тус олди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентликка қайта сайланиб, инаугурация маросимида сўзлаган нутқида ёшларга оид давлат сиёсати изчил давом эттирилишини таъкидлаб, “Сизлар Янги Ўзбекистонни барпо этишда доимо олдинги сафда бўласизлар”, дея юксак ишонч билан юзланди. Чунки бугундан бунёд бўлаётган, ота-боболаримиз асрлар давомида орзу қилиб ўтган Ўзбекистоннинг фаол яратувчилари, яшнатувчилари ва эртанги эгалари ҳам шубҳасиз ёшлардир.

Баҳодиржон Шермуҳаммадов  
Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Ⓣ

Мавзуга оид