Жаҳон | 16:41 / 15.01.2022
41022
2 дақиқада ўқилади

Назарбоевнинг икки куёви юқори лавозимларидан озод қилинди

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг икки куёви нефт-газ соҳасидаги миллий компаниялар раҳбарлигидан бўшатилди.

Фото: ТАСС

Қозоғистоннинг “КазТрансОйл” ва “Қазақгаз” (аввалги номи “КазТрансГаз”) компаниялари раҳбарлари Димаш Досанов ва Қайрат Шарипбаев лавозимларидан озод этилди. Бу ҳақда 15 январ куни ҳар иккала корхона акцияларига эгалик қилувчи “Самрук-Қазина” фонди маълум қилди.

Димаш Досанов 2015 йилда Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоевага уйлангач, 2016 йилда “КазТрансОйл” АЖ бошқаруви раиси лавозимига тайинланган эди.

Қайрат Шарипбаев эса, қозоқ ОАВдаги маълумотларга кўра, биринчи президентнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоеванинг иккинчи эри ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондаги норозилик намойишларидан сўнг, Нурсултон Назарбоев эгаллаб келган Хавфсизлик кенгаши раиси лавозими президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга ўтди.

Президент намойишлар фонида ҳукуматни янгилади; Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ва унинг икки ўринбосари лавозимидан бўшатилиб, ҳибсга олинди. 15 январ куни, шунингдек, энергетика вазирининг собиқ ўринбосарларидан бири ҳам қамоққа олинди.

Мавзуга оид