Ўзбекистон | 17:09 / 16.01.2022
16608
4 дақиқада ўқилади

Чармак қатламалари: у нимаси билан эл орасида машҳур? 

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос машҳур «бренди» бўлади. Фарғона вилоятида Олтиариқ тумани узум ва бодринглари, Қува анори билан донг таратган. 

Вилоятнинг Ўзбекистон тумани марказида жойлашган Чармак маҳалласи қатламаси билан машҳур. Маҳаллада пиширилган қатламалар вилоятнинг бошқа туманларигача ва ҳатто қўшни давлатларга ҳам олиб кетилади.

Саккиз йилдан буён қатлама пишириш билан шуғулланаётган пенсионер Солияхон Жўрабоева хонадонида бўлиб, довруғ қозонган қатлама қандай тайёрланиши билан қизиқдик.

«1984 йилда ўқишни тамомлаб туман марказий шифохонаси туғруқхона бўлимига ҳамшира бўлиб ишга кирганман. Туғруқхонада 35 йил ишладим. Нафақага чиққанимга 3 йил бўлди.  

Тонг саҳар уйқудан уйғонамиз. Ишчиларимиз бор, улар чиқади, иш бошлаймиз. Соат 10:00-11:00 гача қатлама пиширамиз. Тайёр бўлганини бозорга етказиб берамиз. Буюртмалар бўйича тўй-маросимларга қатламалар пишириб берамиз», — дейди Солияхон опа.

У бир кунда 120 тагача қатлама пиширар экан. Уларнинг ҳар бир донаси 11 минг сўмдан сотилади.

«Ҳозирда бозорда нарх-наво ошиб кетди. Ун ва ёғ нархи кўтарилгани учун қатламалар нархи ҳам бир мунча ошди. Бозорда сотувчи қизимиз бор.

Ҳамма касбнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бўлади. Қийин бўлса ҳам рўзғор учун, тирикчилик учун бу иш билан шуғулланамиз», – дейди у.

Солияхон Жўрабоева машҳур қатламанинг пиширилиш жараёнини кўрсатар экан, тайёр бўлган пишириқ олис манзилларга такси орқали етказиб берилиши ҳақида ҳам сўзлаб берди.

«Худди нонга хамир қоргандек, хамир тайёрлаймиз. Зувала қиламиз. Тайёр бўлган хамирни ёйиб чиқиб, орасига ёғ суртамиз. 4-5 қават қилиб ўраб чиққанимиздан кейин 5-10 дақиқа тиндириб, ясаб беришади. Ана шундан кейин пиширишни бошлайман. Қатламалар ўрта оловда пиширилади.

Қатламаларимиз учун Фурқат, Бешариқ, Учкўприк туманлари, Қўқон ва Тошкент шаҳридан ҳам харидорлар қидириб келишади. Айрим ҳолларда қатламаларни узоқ манзилларга таксилар орқали етказиб берамиз», – дейди уй бекаси.

Оила бекаси туғруқхонада ишлаб юрган пайтлари ҳам қатлама тайёрлаб сотгани ҳақида сўзлаб берди.

«Ҳамшира бўлиб ишлаган пайтимда ишга бориб келиб ҳам дам олмас эдим. Ишга борадиган куним ҳам тонг саҳар учда уйғониб соат 11:00-12:00 гача қатламани пишириб қўйиб кейин ишга кетардим. Туғруқхонага бориб у ерда 18 соат ишлаб, уйга қайтиб яна қатлама пиширардим», — дейди пазанда.

Чармак қатламалари мазаси бошқа жойда қилинган қатламаларникидан тубдан фарқ қилишини айтишади.

«Бир неча шогирд чиқарганман. Биз ҳам ҳамма қатори пиширамиз. Лекин биз пиширган қатламаларнинг маззаси тамомила бошқача. Бир марта тановул қилган одам яна қайтиб келяпти.

Ҳозир икки хил қатлама пиширамиз. Кўкатли ва шакарли қатламалар», – дейди у.

Унинг қўшимча қилишича, уй шароитида тайёрланаётган қатламалардан бир кунда 200 минг сўмгача соф фойда қолар экан. Меҳнати ҳам шунга яраша. Тонг саҳардан кечгача давом этадиган жараённинг ўзига яраша машаққати бор, албатта.  

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.

Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид