Ўзбекистон | 20:04 / 19.01.2022
5215
3 дақиқада ўқилади

Кунига ўртача 45−50 мингта ПЗР-тест олинмоқда — СВВ

Ўзбекистонда ҳар куни ўртача 45−50 минг киши коронавирусни аниқлаш мақсадида ПЗР-тест топширмоқда. Декабрнинг сўнгги ҳафтасида ушбу кўрсаткич 15−20 мингтани ташкил қилганди.

Ўзбекистонда ҳар куни ўтказиладиган коронавирус аниқлаш бўйича ПЗР тестлари сони сўнгги кунларда ўртача 45−50 мингтагача ўсди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълумотига асосланиб, ССВ матбуот хизмати хабар берди.

5−15 январь кунлари жами 300 мингдан зиёд ПЗР-тест синамаси ўтказилган. 2021 йил декабрь ойининг охирги ҳафтасида мамлакатда кунига 15−20 мингта шу каби тест таҳлиллари ўтказилган.

«Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг динамикасига назар ташласак, жорий йил 5 январдан бошлаб аҳоли ўртасида касалланиш кўрсаткичлари ортиб бораётганини кўриш мумкин. 

Шу сабабли юртимизда вируснинг кенг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида касалликка гумон қилинган шахслардан ПЗР-тест таҳлилларини олиш ишлари самарали ташкил этиляпти.

Жумладан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълумотига кўра, жорий йил 5-15 январь кунлари мамлакатимизда жами 300 мингдан зиёд ПЗР-тест синамаси ўтказилган.

Сўнгги кунларда эса кунига ўртача 45-50 минг нафарга яқин фуқародан ПЗР-тест олинмоқда. 

Маълумот учун, ўтган йил декабрь ойининг охирги ҳафтасида юртимизда кунига 15-20 мингта ана шундай синама таҳлиллари ўтказилган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати пойтахтдаги коронавирус инфекциясига бепул ПЗР тест топшириш мумкин бўлган лабораториялар манзилини эълон қилганди:

  • Тошкент шаҳар бошқармаси лабораторияси — Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси, 341-уй;
  • Учтепа тумани бўлими лабораторияси — Учтепа тумани, Чилонзор 21;
  • Сергели тумани бўлими лабораторияси — Сергели тумани, Сергели 3−14;
  • Чилонзор тумани бўлими лабораторияси — Чилонзор тумани, Лутфий-4−14;
  • Юнусобод тумани бўлими лабораторияси — Юнусобод тумани, Юнусобод 8−34;
  • Мирзо Улуғбек тумани бўлими лабораторияси — Мирзо Улуғбек тумани, Қармоқ кўчаси, 1 А-уй;
  • Бектемир тумани бўлими лабораторияси — Ҳ.Бойқаро кўчаси, 48-уй;
  • Миробод тумани бўлими лабораторияси — Саракўл кўчаси, 76-уй;
  • Шайхонтоҳур тумани бўлими лабораторияси — Хадра массиви, 17 А-уй;
  • Яшнобод тумани бўлими лабораторияси — Махтумқули кўчаси, 1-берк, 6-уй;
  • Яккасарой тумани бўлими лабораторияси — Бобур кўчаси, 2-берк А 22-уй;
  • Янгиҳаёт тумани аҳолиси Сергели тумани бўлими лабораториясига мурожаат этади — манзили Сергели тумани, Сергели 3−14.

Ушбу лабораторияларда ПЗР тест таҳлиллари ҳар куни 24 соат давомида бепул ўтказилади.

Мавзуга оид