Ўзбекистон | 18:11 / 20.01.2022
24578
2 дақиқада ўқилади

Хоразм ва Сирдарё вилоятлари ҳокимларига ҳайфсан берилди

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан эълон қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат мулки объектларини хусусийлаштириш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. 

Йиғилишда давлат раҳбари давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар суръати қониқарсиз эканини таъкидлаган.

Жорий йилда давлат активларини хусусийлаштиришдан тушиши прогноз қилинаётган маблағлар кўрсаткичи жуда камлиги, тармоқ ва ҳудудларда ҳануз 2 мингта самарасиз ишлатилаётган давлат мулки объектлари мавжудлиги кескин танқид қилинди.

«Вилоят ҳокимликлари балансида ҳам йиллар давомида 170 га яқин бўш объектлар сотилмасдан турибди.

Шунинг учун Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан эълон қилинди.

Шунингдек, Давлат активлари агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқлари, трансформация ва хусусийлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун «Ўзагросервис» жамияти раиси Р.Ҳайитов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид