Жамият | 10:17 / 23.01.2022
13265
6 дақиқада ўқилади

Яна дарахтзор можароси: ҳокимликлар қачонгача мораторийга беписанд?

Дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз деб эълон қилинган 2022 йилда, Тошкентнинг аҳоли гавжум жойида, куппа-кундуз куни дарахтзор масканни ярим кунда баланд тўсиқлар билан ўраб олишди.

Воқеа Чилонзор тумани 3-даҳа, Чилонзор савдо маркази деб номланадиган ҳудудда, туман прокуратураси биносининг рўпарасида, катта йўл ёқасида рўй берган.

Яқиндагина Юнусобод тумани ва Андижон шаҳрида содир бўлган воқеалар, бу ҳолатларнинг резонанси ва жамоатчиликнинг кучли норозилиги ерларни сотаётган, қурилишга рухсат бераётган ҳокимликлар-у ерни сотиб олаётган инвесторларга огоҳлик қўнғироғи ўлароқ янграмаяпти, шекилли.

Kun.uz мухбири воқеани ўрганиш учун Чилонзорга йўл олди ва айтилган ҳудудда 4 метрли баланд тўсиқлар рўпарасидан чиқди.

Дарахтзор ўраб олинишидан олдинги ҳолат
Дарахтзор ўраб олинганидан кейинги ҳолат

Дастлаб ўраб олинган ҳудуд атрофидаги бизнес эгаларини тингладик. Улар тўсатдан бир куннинг ичида, ҳеч кимга тушунтириш бермасдан тўсиқ ўрнатиб ташлангани, бу ерда нималар бўлаётганини тушунмаётганларини айтишди.

Биз ҳолат бўйича Чилонзор тумани ҳокимлиги масъул вакили Сардор Мақсудов билан боғландик. Бизнинг сўровимизга лаббай дея воқеа жойига етиб келган масъул ҳолатдан хабардор эканини билдирди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 3 сентябрдаги қарорига кўра, Dream House Stroy компаниясига Чилонзор 3-даҳасидаги мазкур ердан 20 сотих ажратилган. Шу ерга туташ объектлар эгалари эса кўрсатилган 20 сотих эмас, 40 сотих ер ўраб олинганини маълум қилишди.

Биз инвестор билан боғланишга ҳаракат қилдик ва ўзини шу жойнинг эгаси ва инвестор деб таништирган Умар Ғаффоров камерага гапиришни истамагани ҳолда дарахтларни хатловдан ўтказиш учун Экология қўмитаси вакиллари ва бизга ўраб олинган ҳудуд дарвозасини очиб берди.

У ҳудудда бирорта дарахтга зарар етказмаслигини, кичик дарахтларни яқин атрофдаги бўш ерга кўчириб ўтказиб, парваришини назоратга олишини, катта дарахтларга зиён етказмаган ҳолда қурилиш қилишга ваъда берди. Инвесторнинг сўзларига кўра, бу ерда бизнес марказ ва меҳмонхона барпо этилади.

ckRdGJuW1olJ_j5iNnjuXBdNnrUkzhTZ.jpg (720×1067)

Воқеа жойига етиб келган туман экология инспектори Ўктам Ўткиров, Экополиция сафдори Фахриддин Ҳамзаев ва дарахтлар хатловини амалга оширган туман инспектори Фарҳод Болтабоев ҳудуддаги барча дарахтлар сақлаб қолиш учун назоратга олинганини таъкидлашди.

Яна бир ҳолат эътиборли. Ҳудуд профилактика инспектори ва маҳалла раиси экологларнинг чақириғига биноан воқеа жойига етиб келишди. Лекин нозир бизга: “Камерага интервью бермайман” деган бўлса, маҳалла раиси ҳатто исмини айтишни истамади. Воқеадан бехабарман, деган маҳалла оқсоқоли бир неча бор ҳокимликка қўнғироқ қилиб, воқеа юзасидан гаплашганига, ўзини воқеадан хабари бор-у, бундай тус олишини кутмаган одамдек тутганига гувоҳ бўлдик. Бехабарликми шу? Қизиқ, ўз маҳалласида катта бир ҳудудни, боз устига кўча ёқасидаги дарахтзорни кимдир 4 метрли тўсиқ билан ўраб оларкан-да, раиснинг хабари бўлмас экан.

Участка нозирлари қачондан интервьюдан қочадиган бўлиб қолишди? Нега улар ўз ҳудудларида бўлаётган воқеа ҳақида ақалли икки оғиз тушунтириш беришмайди? Ё Ички ишлар вазирлигидан рухсатсиз “гапирмайсанлар” деган топшириқ бўлганми?

Тўғри, биз кимдан интервью олмайлик, кимга микрофон ва камера тутмайлик, аввало розилигини оламиз. Шунга яраша бутун бошли маҳалла нозири бўлаётган воқеаларни кўра туриб, ҳаммани хотиржам қилиб қўйиши мумкин эди-ку. Бу борада ИИВ матбуот хизмати муносабат билдирса, фақат хурсанд бўлар эдик.

Ростини айтганда, инвестор бу ҳудудда нима қуриши ўзининг иши. Биз масаланинг бу томонларига аралашмаймиз. Эҳтимол, компания эгалари бу ерни олаётганида дарахтзор эканини билмагандир ҳам, лекин жойни ажратиб бераётган ҳокимлик-чи? Масала шудир: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Президент фармони асосида дарахтларни кесишга қўйилган мораторийдан бехабар бўлганми? Ахир 2020 йилда ҳам мораторий амалда эди-ку. Наҳотки қуюқ дарахтзор бўлган ерлар шу тахлит сотилиб кетган?

Бу биринчи ва охирги ҳолат эмас-ку, тўғрими? Экология соҳасини ёритар эканмиз, биз бу каби ҳолатларга такрор ва такрор дуч келяпмиз. Нега? Нега боғлар, хиёбонлар, кўп қаватли уйлар ва бошқа жойлардаги дарахтзорлардан иборат жойлар инвестиция ва бизнес ниқоби остида сотиб юбориляпти? Бунинг охири борми?

Эндиликда, мораторий муддатсиз узайтирилгач, давлат раҳбарининг ўзи “Яшил макон” лойиҳасини шахсан назоратига олгач, вазият ўзгарар? Балки бундан буёғига қарорлар қайта кўриб чиқилиб, аввалроқ ўйламай-нетмай инвесторларга бериб юборилган яшил майдонлар қайтариб олинар? Ахир шаҳар аҳолиники-ку. Оддий одамлардан бундай дам олиш ва кислород зоналари тортиб олинаверса, эртага биздан кейин нима, чўл қоладими?

Умид қиламиз, бу каби кейслар қайта кўриб чиқилади. Kun.uz эса ўзи ёритган ҳолатларнинг кейинги тақдирини ҳам назорат қилади ва воқеалар ривожини кузатиб боради.

Мақсадимиз – экология ҳам, бизнес эгаси ҳам зарар кўрмасин. Ҳалол ва тўғри иш юритадиган компаниялар кўпайсин, улар ўзига ва халққа наф келтирадиган лойиҳаларни амалга оширсин, экология ҳам бундан зарар кўрмасин.

Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи:
Азимжон Воҳидов

Мавзуга оид