Жамият | 18:21 / 24.01.2022
21502
13 дақиқада ўқилади

Ўзбекнинг ғурурини қандай кўтармоқ керак? — Олимжон Давлатов билан суҳбат

Ўзбек жамияти, тили-адабиёти, маданияти, унинг муаммолари, таҳлиллари борасида қатор кўрсатув ва суҳбатларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши Олимжон Давлатов бўлди.

Навоийшунос олим билан суҳбат ғурур ва ўзбекнинг миллий ғурури, уни сақлаш ҳамда кўтариш ҳақида борди.

— Олимжон ака, дастлаб бугунги суҳбатимиз ва унга сабаб бўлган мавзу – ғурур ва миллий ғурур ҳақида гаплашсак? Хўш, у аслида нима ва кўриниши қандай бўлади?

Миллий ғурур нималарда акс этади-ю, категория сифатида уни жамиятда кимлар ўрганиши керак?

— Ғурур – арабчада салбий маънони билдирувчи, лекин ўзбек тилида такаббурликнинг антоними сифатида, ижобий маънода келувчи бир сўз.

Миллий ғурур фақат бир қавм, биргина халқ ёки минтақанинг иши эмас. Бу савол, бу масала асрлар давомида долзарб бўлиб келмоқда.

Аждодларимиз кимлар, биз кимнинг авлодларимиз? Нима учун асрлар давомида энг ёвқур, жаҳонгир, фотиҳ, тўғрисўз, ўз ваъдасининг устидан чиқадиган, саховатпеша, ботир ва минг йиллик давлатчиликка эга бўлган музаффар бир халқ – туркийлар бугунги кунда мана шу шарафни қўлдан бермоқда?

Нега буюк аждодларнинг авлодлари бугун турли қабиҳ, ножўя ишлар билан банд?

Очиғини айтганда, бугун биз қўрқоқ, оломончилик кайфияти устун бир тўдага айланиб қолаётгандекмиз. Бизнинг бугунги ҳолатимиз четдан қараганда мададни ўзидан эмас, четдан излаётгандек таассурот қолдиряпти. Албатта, ҳар бир халқ бошига мана шундай синовлар, оғир кунлар келади.

Биз юз йилдан ортиқ вақт давомида мустамлака бир халқ эдик. Мустақиллигимизни қўлдан бой берган бир қавм эдик. Шукрки, Аллоҳнинг инояти, муайян бир тарихий шароит ва шахсларнинг иродаси туфайли биз яна давлатни ўз қўлимизга киритдик. Ўзбекистон деган бир давлат тарих саҳнасида пайдо бўлди.

Хўш, давлатчилик аслида қандай пайдо бўлади ва кимлар ҳокимият тепасига чиқади?

Умуман одамлар қайси қавм ва миллатга мансублигидан қатъи назар, табиатан кўчманчи ёки ўтроққа (ибн Халдун буни бадавий ёки хазарий дейди) бўлинади.

Кўчманчилар, яъни бадавийлар табиатан ботир, ёвқур, кенгфеъл, андишасиз, тўпори, ишнинг оқибатини ўйламайдиган, таваккалчи, кечиримли, лекин ғазаби келса, уни ҳеч ким тўхтатолмайдиган кишилар бўлади.

Ўтроқлар (хазарийлар) эса ишбилармон, хушмуомала, андишали, қўрқоқ, манфаатпараст, майдакашроқ ва феъли тор одамлар бўлади. Буларнинг табиати шунингдек, илм фан ва маданиятга ўчроқ бўлади.

Бу табиат одамнинг қаерда яшашига унчалик боғлиқ эмас. Яъни инсон шаҳарда яшаб туриб ҳам бадавий бўлиши мумкин ёки қишлоқда яшаб туриб ҳам хазарий бўлиши мумкин.

Тарихдан бир гуруҳ одамлар муайян бир ғоянинг атрофида бирлашиб, ҳокимиятга интилади ва бир ҳудуд ёки мамлакатда сиёсий ҳокимиятни қўлга киритади. Улар бадавийлар бўлади. Бу ерда жасорат лозим бўлади.

Давлатни давлат қилиб турадиган нарса – бу шижоат ва жасорат. Бу – саховат ва очиқкўнгиллик. Бу – адолат ва кечиримлилик ва бағрикенглик. Мана шу беш, олти хислат давлатни давлат қилади. Бу хислатларнинг барчасини бирлаштирувчи куч эса биз давлат қурамиз ва ривожланамиз деган ғоя бўлади. Ғурур ва ғоя давлатнинг қудратини билдирувчи энг муҳим омилдир.

Тарихда Исроил ва араб мамлакатлари ўртасидаги урушларни кўз ўнгингизга келтиринг. Жамики араб давлатларининг Исроилга қарши курашида араблар ҳарбий жиҳатдан анча кучли эди. Лекин исроилликлар минг йиллар давомида ота-боболари орзу қилган ватан учун курашди ва жуда тез ғалаба қозонди. Чунки уларни бирлаштирувчи ғоя бор эди. Лекин айни ўша Исроил Ливанда Ҳизбуллоҳга қарши урушда ғалаба қозонолмади. Сабабики, энди Ҳизбуллоҳда мана шундай ғоя бор эди. Улар бу сафар ўз ватанини ҳимоя қилишга киришди.

Мана шу миллий ғурур, миллий ғоя давлатнинг иқтисодий, чегаралари кенглиги, аҳоли сони, бойликлари, геополитик жойлашуви каби барча асосларни бирлаштирувчи асосий омил ҳисобланади. Биргина ғурур бўлмас экан, қолган асослар давлат қудратига фойда бермайди.

Давлатнинг миллионлаб армияси бўлсин, лекин унда ғурур бўлмаса, у давлатни ҳимоя қилмайди.

Қайтараман, давлатда одамларнинг миллий ғурурини кўтариш, сақлаш жуда муҳим масала ҳисобланади.

— Ўзбек-чи, ким у? Яъни биз киммиз ўзи? Туркий халқлардан бўлган бу миллатни қайси хусусиятлари билан эътироф этасиз?

— Ўйлашимча, бирор халқ ҳақидаги энг тўғри фикрни бегоналар айтади. Шуниси яхши. Агар биз ўзимиз ҳақимизда билмоқчи эканмиз. Бошқаларнинг биз ҳақимизда айтганларини эшитишимиз керак.

— Бизга кимлар энг тўғри баҳони бера олган, сизнингча?

— VII – VIII асрларда Ал-Жоҳиз исмли дунёга машҳур араб адабиётшунос олими яшаб ўтган. У туркий халқлар ҳақида «Фазоилий атрокия» номли асар ёзган. Шу асарида Ал-Жоҳиз «Турклар жасорат ва ёвқурликни ўз тимсолига айлантирди. Уларнинг саховатпешалиги, кечиримлилиги, ботирлиги ва илм-фанга чанқоқлиги тилларда достондир.

Кимнингки туркдан бир дўсти бўлса, омонда қолибди», дейди. У мана шу бутун асари давомида туркларнинг мардлиги, саховатпешалиги, бунёдкорлиги ҳақида аниқ-аниқ ҳикоятлар келтиради.

Иккинчи мисол венгер олими Ҳерман Вамберида бор.

Вамбери 1863–1864 йилларда дарвеш қиёфасида Ўрта Осиёга келади ва саёҳатда кўрган-кечирганларини махсус китоб ҳолида нашр қилдиради. У саёҳати давомида ўлкамиз тарихи, хусусан, адабий-маданий асарлари, халқ оғзаки ижоди намуналарига ҳам қизиқади.

Вамбери ўз асарларида ўзбекларга ҳам таъриф бериб, «ўзбеклар жуда андишали, оғир-вазмин, камсуқум ва сабрли халқ бўлади. Бу одамларда сабрнинг чегараси йўқдек, лекин унинг сабр косаси тўлса, ғазаби шунчалик кучли бўладики, кейин тўхтатиб бўлмайди», дейди.

Михаил Иванин ўзининг икки буюк саркарда Чингизхон ва Амир Темур ҳукмронлигига бағишланган асарида ўзбек халқи ҳақида фикр билдиради.

«Ўзбеклар гўёки тарқоқ ҳолда яшайди, лекин уларни Амир Темурга ўхшаган бирор саркарда бирлаштиролса, улар тезда бирлашади. Бирлашган ўзбеклар эса тезда қудратли империялар барпо этишга қодир бир халқ», – дейди.

Радий Фиш айтади, «Форслар илм-фан, санъат ва маданиятда моҳир бўлади. Греклар эса ажойиб бинолар қурган. Турклар ҳам бунёдкордирлар, аммо уларнинг бунёдкорлиги кўзга кўринмайди. Чунки улар давлат қуради».

Хўш, бугун-чи, бугун бутун дунёда ўзбеклар ҳақида ижтимоий тармоқларда қандай фикрлар янграмоқда?

Биз яна бир нарсани ҳисобга олишимиз керак, фақат ўтмиш билан яшаб бўлмайди. Биз бугун ҳақида ҳам ўйлашимиз, гапиришимиз керак. Бу борада Фридрих Нитше «қайси миллат фақат ўз ўтмиши билан фахрланадиган бўлса, демак у миллат қариб қолибди ва у тез орада ҳалокатга маҳкумдир, дейди.

Гилвеций эса «ҳали тарих китобларида ёзилмаган маълумотлари кўп халқ нақадар бахтли», дейди.

Демоқчиманки, ўзбек халқининг ҳали ёзиши керак бўлган, дунё саҳифаларида олтин ҳарфлар билан битиши лозим бўлган саҳифалари очиқ турибди. Биз улар ҳақида қайғуришимиз керак. Бу ҳақда қайғуриш учун эса ғуруримиз асосий рол ўйнайди.

Биз фақат аждодлар ҳақида гапирадиган эмас, аждодларга муносиб бўладиган авлод бўлсак, маълум натижаларга эришишимиз мумкин.

— Миллатнинг қиёфасини тил, адабиёт, дин ва маданият каби устунлар сақлайди. Бу қиёфа эса ғурур ўлганда йўқотилади. Бугун бизда мана шу устунларга бўлган муносабатдан хулоса қилинса, миллатимизнинг ғурурида пасайиш бордек. Унга путур етгандек...

Хўш, халқнинг миллий ғурурига путур етиши қачон бошланганди, қандай бошланганди? Нега биз ғурурсиз миллатга айлана боряпмиз?

— Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган гап бор. Бугун биз фақат иситмани тушириш билан бандмиз, касални даволаш билан эмас.

Биз учинчи ренессанс ҳақида кўп гапиряпмиз. Лекин президент ҳам айтдики, учинчи ренессансни барпо этишда биринчи ва иккинчи ренессансларнинг ютуқлари сабабини жиддий ўрганишимиз керак.

Биринчи ренессанс қачон ва қандай пайдо бўлди? Аббосийлар замонида араб халифалигининг ҳарбий ва иқтисодий қудрати жуда юксак даражага чиқди. Аммо дунёнинг катта энг йирик империяларини фатҳ қилган ислом халифалиги қарадики, уларда (араб тилида) Қуръони карим, Ҳадиси шарифдан бошқа мақтанадиган нарса йўқ. Араблар барибир жоҳилият замонида яшаган бир халқ эди-да.

Лекин дунёдаги энг гўзал тил – араб тили эди. Халифа Маъмун эса мана шу энг гўзал тилни энг қудратли тилга айлантириш учун турли тилларда ёзилган илмий манбаларнинг барчасини араб тилига таржима қилдирди. Шу орқали араб тили фақат ислом, дин тили эмас, балки маданият, санъат, илм-фан ва шеърият тилига айланди.

Ўша пайтда биргина араб тилини билган одам дунёнинг асрлар давомида йиғилган илм-фани билан ошно бўлиш имкониятига эга бўлди.

Хўп, иккинчи ренессанс замонига келамиз. Мир Алишер Навоий ҳам айнан шу ишни амалга оширди. Биринчидан, Аллоҳ Навоийга шундай бир қудрат берган эдики, у қайси фан, қайси соҳадан бормасин, у ўша соҳанинг энг етук намояндаси бўлиш имкониятига эга эди. Лекин у адабиётни танлади. Нима учун? Сабаби, адабиёт ва адабий тил миллий тафаккур ва миллий ғурурнинг асосини ташкил этади.

Навоий адабий, илмий асарлари орқали ўзбек тилининг меъёр ва мезонларини ишлаб чиқди, амалга татбиқ этди.

— Навоийда ўз асарларини араб, форс тилида ёзиш имкони бор эди ва бу унинг учун осонроқ ҳам эди, лекин Навоий турк тилида ёзди. Бунга ҳам уни аввало туркийлик ғурури етаклаган бўлса керак.

— Ҳа, Навоийгача ҳам туркийларнинг билимдон фарзандлари, олимлар, шоирлари бор эди. Лекин улар ўзининг имкониятини ё араб, ё форс тилида намоён эта олдилар.

Навоий эса энг қийин йўл – адабий тилнинг мезон ва меъёрини яратиш ва ислом цивилизациясининг кучли учинчи ирмоғи сифатида туркий маданиятга асос бўладиган тил яратиш йўлидан борди. Ҳамма ҳам бунга журъат қилолмасди. Бу журъатга эса Навоийни миллатга бўлган муҳаббати ва ғурури, ифтихори ундади.

Агар ўзбек тилида нечта асар ёзилган, буйруқ, қарорлар чиққан бўлса, барчаси Навоийнинг хизматидир.

Бу – иккинчи ренессанснинг ҳолати. Энди бугунги кунга келамиз.

Хўш, бугун ўзбек тилида қайси соҳа бўйича барча керакли адабиётлар мавжуд? Биз биргина ўзбек тилини билиш орқали ўз фикримизни тўла баён эта оламизми?

Сиз болангизга қўнғироқ қиласиз. «Компютеримни оч, «рабочий стол»даги «мой документ»да фалон «файл» турибди, шуни менга жўнат», дейсиз. Хўш, бу ўзбек тилидами? Сабаб нима? Сабаб, биз ўша Windows дастурини ўзбекчалаштирмаганмиз.

Тўғри, биз инглиз тилини ўргатиш бўйича жуда катта ресурсларимизни сарфлаяпмиз, лекин тил ўрганиш – бу қобилият ва ҳаммада ҳам бу қобилият йўқ. Биз 35 миллион одамга хорижий тилларни ўргатиб чиқолмаймиз.

Биз дунёдаги жамики асарларни ўзбек тилига таржима қилиб, ўзбекчалаштириб, халққа етказишимиз керак. Шундагина ўзбекча фикрлашни бошлаймиз. Ва шундагина бизда ғурур пайдо бўлади.

Биз ўзбек тилида илмий маъруза қилолмасак, кимё, физика бўйича илмий маъруза қилиш имкони бўлмаса, тилимиз бугунги ҳолатида бунга қодир бўлмаса, атамаларнинг ҳаммаси ажнабий тилда бўлса, биз қайси ғурур ҳақида гапиришимиз мумкин?

Тилимиз бошқа тил таъсирида бўлганидан кейин тафаккуримиз ҳам бошқа тафаккурнинг таъсирида бўлади. Онгимиз бошқа миллат онги таъсирида бўлади.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Кўрсатувни ёзиб олишда кўрсатган ёрдами учун MFaktor жамоасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Мавзуга оид