Ўзбекистон | 14:12 / 26.01.2022
37700
2 дақиқада ўқилади

Кенг кўламли авария олдини олиш учун барча генераторларни ўчиришга тўғри келди — вазирлик

Айни пайтгача Ўзбекистоннинг 75 фоиз қисмида электр таъминоти тикланган. Бу ҳақда Халқаро пресс-клуб сессиясида Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдумалик Назиров маълум қилди.

Фото: Kun.uz

«Блэкaут 25 январь куни 10:57 да Сирдарё ИЭСда носозликлар юзага келиши билан бошланди. Бунинг оқибатида эса 1600 Мегаватт қувват йўқотилди. Натижада юзага келган носозликни тўхтатиш ва зарарнинг оқибатларини камайтириш учун бошқа генераторларнинг ишлаши ҳам тўхтатилди. Бунда кенг кўламли авария ҳолатининг олдини олиш мақсади кўзланганди. Сабаби тизимлар бир-бири билан ўзаро боғланган.

Шундан сўнг, электр таъминотини тиклаш ишлари доирасида биринчи навбатда Чорвоқ ГЭС фаолияти тикланди.

Ўз навбатида қўшни давлатлар томонидан ҳам ёрдам кўрсатилди. Туркманистон кўмаги билан Бухоро ва Қашқадарё, Қирғизистон кўмаги билан эса водий вилоятларида «свет» таъминоти тикланди.

Ҳозиргина берилган маълумотларга кўра, яна 2та станция ишлашни бошлаган ва республика ҳудудининг 75 фоиз қисмида электр таъминоти тикланган. Газ конлари фаолияти қайта йўлга қўйилди. Бу жуда муҳим омил, сабаби электр токи ишлаб чиқариш газ билан узвий боғлиқ», деди у.

Мавзуга оид