Самарқанд шаҳрида 50 гектарлик “Янги Ўзбекистон боғи” барпо этилмоқда
Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида 50 гектар ерда Янги Ўзбекистон боғи барпо этилмоқда. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича назорат инспекцияси томонидан шаҳарнинг Қорасув массивида барпо этилаётган ''Янги Ўзбекистон боғи''да олиб борилаётган ишлар ўрганиб чиқилган.
Ўрганиш давомида аниқланишича, ''Агромир Булдинг'' МЧЖ томонидан янги барпо қилинаётган боғда ўтқазиш учун Туркия давлатидан 8000 туп ҳар хил турдаги манзарали дарахтлар олиб келинган.
Боғдаги дарахтларни суғориш тизими бўйича 4 та ер ости қудуғи қазилган. Шунингдек, янги экилаётган дарахтларни парваришлаш учун Туркия давлатидан боғбонлар гуруҳи ҳам жалб қилинган.
Қайд этилишича, ҳозирда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида ишлар давом эттирилмоқда.