Жаҳон | 10:58 / 28.01.2022
27522
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистон блэкаут Сирдарё ИЭС туфайли рўй берганини айтмоқда, Ўзбекистон ўрганиш натижаларини кутишга чақирди

Қозоғистон электр таъминотидаги узилишларда яна бир бор Ўзбекистонни айблади. Аввалроқ авария Қозоғистондаги энерготизимдаги узилиш туфайли рўй бергани маълум бўлганди.

Қозоғистоннинг KEGOC электр тармоқларини бошқарувчи компанияси блэкаутга Ўзбекистонда юз берган ҳодиса сабаб бўлганини маълум қилди. Қозоғистон томонининг билдиришича, ҳодисага қисқа туташув сабаб бўлган, натижада Сирдарё ИЭСдаги олтита энергоблок бирданига ўчирилган. 

“2022 йил 25 январь куни Ўзбекистонда Нур-Султон вақти билан соат 11:59да Сирдарё ИЭСда 6 та энергоблок қисқа туташув туфайли ўчирилган бўлиб, умумий ишлаб чиқариш қуввати 1500 МВт.дан ортиқ йўқотилган. Ўзбекистон энергетика тизимида юзага келган электр қуввати тақчиллиги Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимлари билан параллел ишлашга уланган Қозоғистон энергетика тизимидан электр энергиясининг олинишига олиб келди. Натижада, 500 кВ кучланишли «Қозоғистон шимоли-шарқи-жануби» транзитида қувватнинг «кўтарилиши» ва унинг ортиқча юкланиши содир бўлди”, дейилади компания хабарида. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг энергетика тизимлари тўлиқ ишдан чиққан, барча электр станциялари ва истеъмолчилар таъминоти тўхтатилган. Ўзбекистон энергетика тизимида узилган юкланиш тахминан 9600 МВт (истеъмолнинг 100 фоизи), Қирғизистонда 2600 МВт (истеъмолнинг 100 фоизи)ни ташкил этган. 

“Қайта тиклаш доирасида Қозоғистон ягона энергетика тизими Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларига ушбу мамлакатлар электр станцияларини кучланиш билан таъминлаш орқали ёрдам кўрсатди, бу эса тиклаш ишларини бошлаш имконини берди. Қирғизистон энергетика тизимининг нормал режимга қайтиши тахминан бир кун давом этди”, дейилади хабарда. 

Содир бўлган ҳодиса рақамли майнинг билан шуғулланадиган истеъмолчилар фаолиятига алоқадор эмаслиги таъкидланган.

Криптовалюталар майнинги

25 январдаги ялпи электр узилишлардан олдин ҳам, Қозоғистонда энергетика мувозанатини сақлаб туриш билан боғлиқ «таранг вазият» ҳукм сурган. Мамлакатнинг бош энергооператори шу сабабли тўрт кун олдин криптомайнерларни огоҳлантириб, улар бир ҳафтага электр тармоғидан буткул узилишини маълум қилган.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, Қозоғистонда катта авария содир бўлиши мумкинлиги ҳақида ахборотлар бўлган, бироқ ҳукумат ушбу муаммолар ҳақида тегишли томонлар (Ўзбекистон ва Қирғизистонни) огоҳлантирмаган. Баъзи мутахассислар ҳам Қозоғистонда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва бугунги кундаги стандартларга мослаштириш учун етарлича эътибор қаратилмаганини таъкидлаган.

Ўзбекистон позицияси

Ўзбекистон 25 январь куниёқ авария Қозоғистондаги энерготизимда рўй берганини маълум қилганди.

«Қозоғистон Республикаси Электр тармоғида катта авария бўлиши натижасида Олмаота, Чимкент, Тароз, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келди.

Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частота кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ГРЭСи, Сирдарё ГРЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станция ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган», дейилади хабарда.

28 январь куни Энергетика вазирлиги ҳодиса сабаби бўйича ўрганиш ишлари давом этаётганини маълум қилган.

«Юзага келган вазият муносабати билан Ўзбекистон Республикаси президенти топшириғига биноан воқеа сабабларини ўрганиш бўйича Бош вазир бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилган.

Комиссия ишининг натижаларига кўра маълумотлар расман эълон қилинади», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид