Ўзбекистон | 20:23 / 30.01.2022
13262
2 дақиқада ўқилади

Президент электр энергияси қувватини ошириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни ёшлар, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда электр энергияси қувватларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.

Шу йил 25 январь куни Марказий Осиё минтақаси электр таъминотида техник узилиш содир бўлган, бу барча электр станцияларга таъсир қилиб, фавқулодда вазият юзага келганди.

«Бунга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, ягона энергетика тизими 220-500 киловольтли магистрал электр тармоқлар орқали тўлиқ ҳалқалаштирилмаган. Шимоли-Ғарбий ва Жануби-Ғарбий энергоузелнинг асосий қисмида 500 киловольтли тармоқлар йўқ. Баъзи магистрал тармоқлар қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтган.

Шу боис, мамлакатимизда 500-750 киловольтли тармоқларни қуриш орқали ягона ҳалқа тизимини ҳосил қилиш режалаштирилмоқда. Хусусан, 2026 йилга бориб, жами генерация қувватларини 27 минг 400 мегаваттга, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 110 миллиард киловатт соатга етказиш мўлжалланган. Шунда юртимизнинг барча ҳудудлари 500-750 киловольтли тармоқлар орқали мустаҳкам боғланади ва бир бутун тизим яратилади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент электр энергияси тизимини ислоҳ қилиш, қўшни давлатлар билан соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган. Электр энергияси қувватларини ошириш ҳамда уни етказиб беришни автоматлаштириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берилган.

«Бундан асосий мақсад электр энергияси тизимини барқарор қилиб, хавфсизлигини мустаҳкамлаш, халқимизни бу муҳим манба билан узлуксиз таъминлашдир», дейилади хабарда.

Мавзуга оид