Ўзбекистон | 15:10 / 08.02.2022
5456
3 дақиқада ўқилади

Маҳаллий кенгашлар сессияларни жонли эфирга узатиш бўйича президент фармонини бажармаётгани маълум бўлди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 10 январь оралиғида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларининг тўғридан тўғри жонли эфирга узатилиши ҳолати бўйича мониторинг натижаларини эълон қилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, энг қониқарсиз кўрсаткич Бухоро вилоятида қайд этилган. Вилоятда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари томонидан ўтказилган жами сессияларнинг 81 фоизи – 53 та сессиядан 43 таси жонли трансляция қилинмаган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ҳам ушбу даврда 70 фоиздан ортиқ сессиялар жонли эфирга узатилмаган.

Фото: Антикоррупция агентлиги

Нисбатан яхшироқ кўрсаткич Андижон ва Сирдарё вилоятларида қайд этилган: халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ўтказилган жами сессияларнинг мос равишда 36 ва 42 фоизи жонли трансляция қилинмаган.

"Натижалар фақатгина вилоят Кенгашлари кесимида таҳлил қилинганда, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши ўрганиш давридаги барча сессияларни тўлиқ жонли эфирга узатган ягона вилоят Кенгаши бўлди. Туман кенгашлари кесимида эса Тошкент вилоятининг халқ депутатлари Бекобод ва Бўстонлиқ туман Кенгашлари томонидан ўтказилган барча сессиялар тўлиқ ҳажмда жонли эфирга узатилган", - дейилади агентлик баёнотида.

Шунингдек, мониторинг давомида Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган бир қатор Кенгаш сессияларининг тўлиқ бўлмаган шаклда қисман (бир неча дақиқагина) трансляция қилиниш ҳолатлари ҳам кузатилди.

Аксилкоррупция агентлигининг маълум қилишича, аниқланган камчиликлар юзасидан ҳудудий Кенгашларга фармон талабларидан келиб чиқиб, келгусида ўтказиладиган барча Кенгаш сессияларининг жонли эфирга узатилиши лозимлиги тўғрисида кўрсатма берилган.

Маълумот учун, 2021 йил 16 июнда қабул қилинган «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонида 2021 йил 1 декабрдан бошлаб, Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлислари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатишни таъминлаш белгиланган эди.

Маҳаллий кенгашлардагига ўхшаш ҳолат фармон талаблари кучга кирган ўтган йилнинг декабрь ойида Қонунчилик палатаси мажлислари билан ҳам содир бўлган эди.

Хусусан, ижро учун масъуллардан бири ҳисобланган Миллий телерадиокомпания президент фармони талабларини камида 3 маротаба бажармаган ва бу бўйича изоҳ ҳам бериб ўтирмаган. Қуйи палата матбуот хизмати эса бир қанча вақт президент фармонини «айланиб ўтиб», Telegram'даги ёзма трансляция ҳам жараённи жонли ёритиш ҳисобланишини билдирганди.

Жамоатчиликнинг кескин норозиликларидан сўнг, орадан 2 ҳафта ўтиб, 14 декабрдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисларини жонли эфирга узатиш бошланди.

Мавзуга оид