Жамият | 14:40 / 13.02.2022
98625
13 дақиқада ўқилади

200 киши ҳалок бўлган авиаҳалокат: Қаршидан учган самолёт нега қулаб тушганди?

1985 йил Қаршидан Ленинградга учаётган Ту-154Б-2 самолёти Қизилқум чўлида, Навоий вилоятида жойлашган овул яқинида ҳалокатга учрайди. Оқибатда, самолёт бортида бўлган 9 нафар экипаж аъзолари ва 191 нафар йўловчи ҳалок бўлади.

СССР фуқаро авиацияси тарихида энг кўп одам ҳалок бўлган авиаҳалокатлар рўйхатининг энг тепасида 1985 йилда Қизилқум чўлларига қулаб тушган Ту-154Б-2 самолёти туради. Ўшанда 200 киши ҳалок бўлган бу ҳодисада учувчилар хатога йўл қўйган деб расмий хулоса берилади. Аслида эса узоқ муддатли парвозлардан кейин етарлича дам олмаган учувчилар ухлаб қолгани айтилади.

Ту-154Б-2 / Фото: pikabu.ru

1985 йил 10 июл куни Қаршидан Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳри орқали Ленинградга учаётган Ту-154Б-2 самолёти самога кўтарилганидан 46 минут ўтиб, Учқудуқ шаҳридан 68 километр узоқликда Қизилқум чўлидаги Кўкпатас овули яқинига қулаб тушади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 9 нафар экипаж аъзоси ва 191 нафар йўловчи ҳалок бўлади.

Ту-154Б-2 (рўйхатга олинган рақами СССР-85311, завод рақами 78А311, серия рақами 0311) самолёти Куйбишев (ҳозирги Самара шаҳри) авиация заводидан 1978 йил 2 январ куни фойдаланиш учун чиқарилган. 1979 йил СССР Фуқаро авиацияси вазирлигига берилган самолётни Тошкент фуқаро авиацияси бошқармасига жўнатишади. Мазкур самолётга Қозон мотор заводида ишлаб чиқарилган учта НК-8-2У двигателлари ўрнатилганди. Самолётда 9 нафар экипаж аъзолари, 4 нафар учувчи ва 5 нафари борт кузатувчиси бўлган.

Ту-154Б-2 / Фото: commons.wikimedia.org

Ҳалокат

Ўзбекистон фуқаро авиацияси бошқармасига тегишли Тошкент авиаотрядига қарашли Ту-254Б-2 самолёти SU-5143 борт рақами остида Қарши-Уфа-Ленинград йўналишида доимий парвозларни амалга оширган. Самолёт ҳалокатга учраган куни унинг 180 ўринли бортида 9 нафар экипаж аъзосидан ташқари 191 нафар йўловчи бўлган. Йўловчилардан 52 нафари ёш болалар бўлган. Улардан 12 ёшгача бўлган болалар 25 нафарни, 5 ёшгача бўлганлари эса 27 нафарни ташкил этган. Ўшанда айрим оналар битта ўриндиққа ёш боласи билан жойлашганди.

Ту-154Б-2 самолётининг салон қисми / Фото: mediaspy.ru

Қарши аэропортидан Москва вақти билан соат 19:00 да учиши керак бўлган самолёт соат 23:00 да парвоз қилади. Ўша куни Ту-154Б-2 Тошкентдан белгилнган вақтдан кечикиб соат 18:45 да етиб келади. Учувчиларнинг дам олиши, самолётни парвозга тайёрлаш, унга ёнилғи қуйиш заруратлари туфайли Ту-154Б-2 тўрт соат кечикиб учади. Шунда ҳам учувчилар тузукроқ ҳордиқ чиқаришга улгурмайди.

Йўналишга кўра самолёт аввал Уфага қўниб, сўнг Ленинградга учиши керак эди. Парвознинг 4 соатга кечиктирилиши, бунинг устига Қаршининг иссиқ об-ҳавоси барча йўловчиларни асабийлаштирган ва чарчатганди.

Самолётни бошқарган учувчилар экипаж командири Олег Белисов ва иккинчи учувчи Анатолий Позюмский 12 минг соатдан ошиқроқ парвоз қилган тажрибали учувчилар эди.

Самолёт ҳавога кўтарилгач орадан 40 минут ўтиб у соатига 400 километр тезликда белгиланган 11 600 метр баландликка чиқади. Шундан сўнг, учувчилар автоматик бошқарув тизимини ёқишади. Аммо кутилмаганда самолётнинг электр таъминотида носозлик юз беради ва автоматик бошқарув тизими ҳамда навигация ускуналари ишламай қолади.

Фото: dosaafrt.ru

Шундан сўнг самолёт силкина бошлайди. Бортмуҳандис икки марта двигател ҳаракатини тезлаштириш ўрнига секинлаштиради. Аммо бунинг нафи бўлмайди. Самолёт қаттиқ силкиниш билан бирга тезлигини камайтира бошлайди. Учувчиларнинг вазиятни ўнглаш учун қилган барча хатти-ҳаракатлари натижасиз тугайди.

Орадан бир неча сония ўтиб самолётнинг барча двигателлари ўз-ўзидан тўхтайди. Экипаж командири самолёт двигателлари ишламай қолгани ва улар қулашаётгани ҳақида диспетчерга хабар беради.

Парвоздан 46 минут ўтиб самолёт Қизилқум чўлига, Учқудуқ шаҳридан 68 километр шимолий-шарққа, Кўкпатас овули яқинига қулаб тушади. Самолёт қулаб тушгач портлайди ва ёниб кетади. Оқибатда унинг бортида бўлган 9 нафар экипаж аъзоси ва 191 нафар йўловчи ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганларнинг 52 нафари болалар эди.

Фото: dosaafrt.ru

Текширув ва расмий хулоса

Ту-154Б-2 самолёти қулаб тушган заҳоти ҳалокат сабабларини ўрганиш учун ҳодиса юз берган жойга турли мутахассислар жўнаб кетишади.

Ҳалокатни ўрганган комиссия аъзолари тайёрлаган ҳисоботга кўра, соат 23:41да учувчилар баландликни меъёрга келтириш учун автоматик бошқарув тизими дастагини итаради. Оқибатда шўнғиш тезлиги 3-4 м\с гача кўтарилиб кетади. Кейинчалик шўнғишни секинлатиш учун дастакни тортишади. Оқибатда самолётда носозлик юзага келади ва у силкина бошлайди.

Учувчилардан бири ҳаво бўшлиғига дуч келдик деб ўйлаб двигателни секинроқ ишловчи режимга ўтказади. У тезликни ошириш ўрнига баландликни сақлаб қолишга уринади. Оқибатда тезлик 290 км/соатгача тушиб кетиб, носозлик ҳолати бошланганидан 77 сония ўтиб, Ту-154Б-2 бошқарувни йўқотади ва қулай бошлайди.

Caption

Самолёт қулаётганда носозлик сабаб учта двигател автоматик ўчади. Учувчилар кабинасидаги суҳбатлардан маълум бўладики, экипаж командири Белисов 23:43:53 да диспетчерга самолётдаги учта двигател ишламай қолгани ҳақида хабар беришга улгуради.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, самолёт қулаб тушаётганда экипаж аъзолари сўнгги сонияларгача вазиятни ўнглашга уринишади. Ҳалокатга иссиқ об-ҳавода самолёт етарли даражада тезлик ололмагани сабаб қилиб кўрсатилади. Ўша куни Ту-154Б-2 Қаршидан парвоз қилаётганда ҳаво ҳарорати 30 даража иссиқ бўлган.

Самолётнинг қора қутисини текшириб кўришганда Ту-154Б-2 энг юқори баландлик 11 600 метрга кўтарилишда белгилангандан кўра секинроқ учгани ва оқибатда муаммолар юзага келгани маълум бўлади.

Фото: PastVu

Расмий хулосада учувчилар самолётни бошқаришда хатоларга йўл қўйгани кўрсатилади. Аммо бошқа учувчилар бундай фикрда эмасди. 

Норасмий хулосалар

Ту-154Б-2 самолёти қулаб тушгандан сўнг аксарият учувчилар ҳодисани ўрганган комиссия хулосасига қўшилмайди. Улар ҳодисага самолёт конструкциясидаги камчиликлар ва учувчиларнинг етарлича дам олмасдан парвоз қилавериши сабаб бўлган, дейишади. Учувчиларнинг маълум қилишича, ўшанда Ту-154Б-2 самолёти экипажи Ўзбекистондаги иссиқ об-ҳавога қарамасдан, суткалаб дам олмасдан парвоз қилган ва оғир шароит уларни толиқтириб қўйган.

Фото: PastVu

Улар самолёт экипажи Тошкентда ҳам дам олишга улгурмасдан аввал Қаршига, саноқли соатлардан сўнг Ленинградга учганига эътибор қаратишган. Тахминларга кўра экипаж аъзолари етарлича дам олганда улар самолётнинг автопилотини ёқмасди ва вазиятни назорат қила оларди.

Ҳодиса сабаблари ҳақида бир қанча тахминлар билдирилган. Улардан бирига кўра, самолёт ҳожатхонасидан сув оқиб кетган ва у электр тизимига зарар етказган. Ўз навбатида электр тизимидаги муаммолар туфайли самолётдаги автоматик бошқарув ва бошқа ускуналар ишдан чиққан.

Фото: wiadomosci.gazeta.pl

Бошқа бир тахминга кўра, Ту-154Б-2 самолёти экипажи дам олишларсиз узоқ вақт парвозда бўлган ва қаттиқ чарчоқ туфайли автопилотни ёқиб ухлаган. Ҳар иккала учувчи самолёт қулаётганда уйғониб кетган ва бу пайтда вазиятни ўнглашнинг иложи бўлмаган.

Ту-154Б-2 самолёти Тошкентдан Қаршига қўнгач учувчиларга дам олиш учун қисқа вақт беришган. Шу сабабли қаттиқ чарчаган учувчилар осмонга кўтарилгач, автоматик бошқарув тизимини ишга тушириб ухлаган бўлишлари эҳтимоли юқори.

Парвозлар ҳақидаги бир қанча китоблар муаллифи учувчи Василий Ершов ҳам учувчилар автоматик бошқарув тизимини ёқиб ухлаган, деган тахминни билдирган.

Унинг фикрига кўра, самолётнинг кўтарилиши ва кескин пастлаши учувчиларнинг ухлаганидан далолат беради. Агар учувчилар ухламаганда самолётнинг кескин пастлашига чора кўришга улгуришлари мумкин бўларди.

Ҳалокатга учраган Ўзбекистон самолётлари

1985 йилда Учқудуқ яқинида қулаб тушган самолёт ўзбек авиация тарихида ягона ҳодиса эмас. Турли йилларда Ўзбекистон авиация бошқармасига қарашли бир нечта самолёт қулаб тушган ва уларда анча одам ҳалок бўлган.

1. АНТ-20бис самолёти, Урганч-Тошкент йўналиши. 1942 йил.

Ўзбекистон фуқаро авиациясида илк жиддий ҳалокат 1942 йил 12 декабрда содир бўлади. Ўшанда Урганч-Чоржўй-Тошкент йўналишида парвоз қилган АНТ-20бис самолёти Тошкентга етишига 50 километр қолганда ҳалокатга учрайди.

 АНТ-20бис / Фото: википедия

Ҳалокат оқибатида самолёт бортида 10 нафар экипаж аъзоси ва 26 нафар йўловчининг барчаси ҳалок бўлган. Кейинчалик, экипаж командири йўловчилардан бирига самолётни иккинчи учувчи сифатида бошқаришга рухсат бергани ва унинг хатоси туфайли ҳалокат содир бўлгани аниқланади.

2. Ил-18 самолёти, Тошкент-Самарқанд йўналиши. 1970 йил

1970 йил 6 феврал куни Тошкентдан Самарқандга парвоз қилаётган Ил-18 самолёти Самарқандга 90 километр қолганда 2 700 метр баландликда ҳалокатга учрайди. Оқибатда 7 нафар экипаж аъзоси, 85 нафар йўловчи ҳалок бўлади. Йўловчиларнинг 7 нафари болалар бўлган.

Узоқ вақт давом этган суриштирувлардан сўнг мазкур ҳалокатга диспетчер экипаж командирига нотўғри маълумот бергани сабаб бўлган, деб топилади.

Ил-18 самарканд 1970 / Фото: википедия

3. Ил-18 самолёти, Самарқанд-Тошкент-Ленинград йўналиши, 1974 йил

1974 йил 24 июн куни Самарқанддан Тошкент орқали Ленинградга учаётган Ил-18 самолёти Тошкентда ҳалокатга учрайди. Ҳалокатга самолётнинг двигателидаги носозлик сабаб бўлган.

Самолёт Самарқанддан Тошкентга учиб боргач унда носозлик аниқланади. Шундан сўнг самолётни таъмирлашади ва парвоз вақти 15 соатга кечикади. Ил-18 ҳавога кўтарилгандан бироз ўтиб ундаги носозлик охиригача бартараф этилмагани ойдинлашади. Учувчилар самолётни қўндираётганда у ҳалокатга учрайди. Ўшанда самолёт бортида 106 нафар йўловчи, 8 нафар экипаж аъзолари бўлган. Улардан 1 киши ҳалок бўлган, 22 киши турли даражада тан жароҳатлари олади.

Ил-18 Тошкент 1974 / Фото: википедия

4. Ил-18 самолёти, Тошкент-Нукус-Минералние води йўналиши. 1977 йил

1977 йил 15 февралда Тошкент-Нукус-Минералние води йўналишида парвоз қилган Ил-18 самолёти Минводага етиб борганда ҳаво қалин туман билан қопланган эди. Самолёт ана шундай ноқулай об-ҳаво шароитида қўниш йўлакчаси ҳудудига киради. Биринчи уринишда қўна олмаган самолёт бироз тепага кўтарилиб айланиб олади ва яна қўниш йўлагига туша бошлайди.

Экипаж аъзолари самолётни ўнглаб олишга улгурмайди. Унинг чап қаноти қўниш йўлагидан 2 километр нарида ерга кучли зарба билан урилади ва узилиб кетади. Учишда давом этган самолёт аэропорт ҳудудидан чиқиб кетиб, ерга қулайди ва ёниб кетади.

Мазкур ҳалокат оқибатида экипаж командири ва яна 76 йўловчи ҳалок бўлади. Уларнинг 3 нафари болалар бўлган.

Фото: pikabu.ru

5. Ан-24 самолёти, Тошкент-Навоий йўналиши. 1991 йил

1991 йил 23 март куни Тошкентдан Навоийга парвоз қилган Ан-24 самолёти Навоий аэропортига қўниш чоғида ҳалокатга учрайди. Оқибатда самолёт бортида бўлган 59 йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоларидан 34 нафари ҳалок бўлади. 29 киши тирик қолади.

Ҳалокатдан сўнг ўтказилган суриштирувларда экипаж командири диспетчерга самолёт турган баландлик ҳақида нотўғри маълумот бергани аниқланади. Шу сабабли самолёт учиш-қўниш йўлагига нотўғри мўлжал билан келади.

Ан-24 биринчи уринишда қўна олмагач, учувчилар айланиб келиш учун тепага кўтарилади. Иккинчи уринишда самолёт учувчилари яна мўлжалда адашади ва самолёт учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетади. Оқибатда у аэропорт четидаги бетон тўсиқларга урилиб, ёниб кетади.

Ан-24 Навий / Фото: википедия

6. Як-40 самолёти, Термиз-Тошкент. 2004 йил.

2004 йил 13 январ куни Термиздан махсус рейс билан учиб келган Як-40 самолёти Тошкент аэропортига қўниш чоғида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб ҳалокатга учрайди. Оқибатда самолёт бортида бўлган 5 нафар экипаж аъзолари ва 32 нафар йўловчи ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар хориж фуқароси, шу жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари британиялик Ричард Конрой ҳам бор эди.

Як-40 / Фото: wikipedia.org

Ҳалокатга учраган Як-40 1975 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, у сўнгги марта 1999 йил Беларусда таъмирланган. Ҳалокат сабаблари ўрганилганда у учувчиларнинг хатоси туфайли содир бўлгани аниқланади. Ўша куни Тошкентда туман тушгани туфайли учувчилар қўниш чоғида баландлик мўлжалини олишда хатога йўл қўйишади. Улар учиш-қўниш йўлагига тушаётганда 70 метр ўрнига 130 метр баландликда бўлишади. Оқибатда самолёт учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетади. У аэропортнинг бетон тўсиқларини йиқитиб ўтиб, Қорасув каналига қулайди ва ёниб кетади. 2004 йил 15 январ куни мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид