Жаҳон | 20:21 / 14.02.2022
32841
8 дақиқада ўқилади

Бердимуҳамедовнинг ўрнини катта эҳтимол билан ўғли эгаллайди: Яқин тарихдаги ота-бола давлат раҳбарлари

Ота ортидан ўғил давлат бошқарувига келган давлатлар замонавий тарихда ҳам кам эмас. Улар орасида нафақат Озарбойжон, Сурия ва КХДР, балки АҚШ, Канада ва Жанубий Корея ҳам бор.

Фотоколлаж: Kun.uz

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов 15 йил президентлик қилиб чарчаганини, давлат бошқарувини ёшларга бериш ниятида эканини эълон қилди. Ёшлар деганда ким назарда тутилаётганини албатта тахмин қилиш мумкин.

Умуман, отаси ортидан давлат бошқарувига келганлар замонавий тарихда анчагина. Қуйида монархиядаги умумиятла қабул қилинган усулни четга суриб, демократик ёки шундай аталувчи давлатларда отаси сингари давлатни бошқарганлар ҳақида маълумотлар тақдим этилади.

Озарбойжон: Ҳайдар ва Илҳом Алиевлар

Ота-ўғил Алиевлар. Фото: ТАСС

Озарбойжонга 10 йил президентлик қилган Ҳайдар Алиевнинг вафотидан кейин унинг ўғли Илҳом Алиев сайловлар йўли билан давлат бошқарувига келди. Умумий ҳисобда 4 марта президентлик сайловларида ғолиб бўлган Илҳом Алиев ҳануз Озарбойжоннинг олий раҳбари ҳисобланади.

Албатта, ҳамма давлатлар раҳбарлари сингари унинг фаолияти турлича баҳоланади. Қатор кўрсаткичлар бўйича Озарбойжонда барқарорлик, иқтисодий ўсиш, умумий фаровонлик қайд этилган бўлса, бир қанча ташкилотлар бу давлатда автократик ва ҳатто диктаторлик бошқаруви ўрнатилганидан хавотир билдирадилар.

Лекин шуниси аниқки, Илҳом Алиев ўз давлатида катта нуфузга эга. Айниқса Арманистон билан сўнгги зиддият ва очиқ урушлар якунига кўра қатор ҳудудларни қайтариб олгани ортидан обрўси кескин ошиб кетган.

АҚШ: Бушлар ва Адамслар

Ота-ўғил Бушлар. Фото:  Bob Levey/Getty Images

Бутун дунё бўйлаб демократия ўчоғи ва ҳимоячиси дея эътироф этиладиган АҚШда сайловларга жуда жиддий қаралади ҳамда ҳар доим ҳам президентлик учун қаттиқ курашлар кетади. Бир қарашда ота-бола анъанасига умуман ўрин йўқдай туюлса-да, бу мамлакат тарихида икки марта ўғил отаси сингари президентликни эгаллаган.

Жон Куинси Адамс – АҚШнинг 6-президенти ва 2-президент Жон Адамснинг ўғлидир. У 1825-1829 йиллар оралиғида штатларни бошқарган, 1809-1814 йилларда эса Россияда элчилик қилган. Унинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, 1797 йилда лондонлик аёлга уйланган ва шу тариқа 2016 йилда президентликка келган Трампга қадар келиб чиқиши хорижлик аёлга уйланган биринчи ва ягона президент бўлган.

Жорж Уокер Буш (ёки кичик Жорж Буш) эса АҚШнинг 43-президенти ҳисобланади. Унинг отаси катта Жорж Буш АҚШнинг 41-президенти бўлган. 11 сентябр воқеаларини бошдан кечиргани, Ироқ ва Афғонистонга бостириб кириш билан тарихда қолган кичик Жорж Буш Техас штати губернатори ҳам бўлган. Бугунги кунда сиёсий жараёнларга аралашмайди ва хотиржам ҳаёт кечиради.

Таъкидлаш жоиз, отаси сингари президент бўлган бу президентлар ҳақиқий демократик сайловларда ютиб чиқиб, бу лавозимни эгаллашган.

Сурия: Ҳафиз ва Башар Асад

Асадлар оиласи. Фото: AP

Суриянинг аввалги президенти Ҳафиз Асад мамлакатни 1971 йилдан 2000 йилга қадар бошқарди. Гарчи Сурия монархия тузумида яшамаса-да, Асаднинг ўғли кейинги президент бўлиши аввалдан маълум эди. Лекин у ўғил Башар Асад бўлмаган.

Башарнинг акаси Босил валиаҳд сифатида кўрилар, Лондонда ўқиётган Башар эса ўз севган касби – кўз шифокорлиги бўйича амалиёт ўтаётган эди. Лекин 1994 йилда Босил автоҳалокат туфайли ҳалок бўлди, Башар эса зудлик билан Дамашққа чақириб олинди.

Ҳарбий академияга ўқишга кирган Башар тез орада капитан унвони билан батальонни бошқара бошлади. Отасининг ўлимидан сўнг Башар Асадга зудлик билан полковник унвони берилди ва мамлакат конституциясига ўзгартириш киритилиб, президентликка номзодликнинг минимал ёши 40 ёшдан 34 ёшга туширилди. Ўша пайтда Башар Асаднинг ёши нечада бўлганини роса ўйлаб топиб олиш мумкин.

Шундан бери давлатни бошқариб келаётган Башар Асад узоқ йиллик фуқаролик урушларида ҳам ҳокимиятни сақлаб қола олди. Сўнгги, 2021 йилдаги сайловларда у 95,1 фоиз овоз тўплаб, салкам дунё рекордини қўяй деди.

Канада: Пер Эллиотт ва Жастин Трюдо

Ота ва ўғил Трюдолар. Фото: Getty Images

Канаданинг амалдаги бош вазири мамлакатнинг тўлақонли раҳбари ҳисобланади. Тўғри, Канада ҳануз ҳужжат бўйича Буюк Британия қироличаси бошқарувида. Лекин бу шунчаки расмиятчилик учунгина эканини бутун дунё билади.

Жастин Трюдо 2015 йилда Канада либераллари етакчиси сифатида сайловларда ғолиб чиқди ва Канада бош вазири сифатида ишга киришди. Унинг отаси Пер Эллиотт Трюдо мамлакатнинг 15-бош вазири эди ва 1968–1979, 1980–1984 йилларда давлатни бошқарган. Эллиотт Трюдо қонун чиқарувчи органни Британия парламентидан Оттавага кўчиргани ва Канадани шу тарзда ҳақиқий мустақил давлатга айлантиргани билан тарихда қолган.

Жастин Трюдонинг дастлабки ислоҳотларидан бири ўртаҳоллар учун солиқларни камайтириш ва бадавлат инсонлар учун ошириш бўлди.

Шимолий Корея: “Абадий” Кимлар

“Халқ”, “демократик” ва “республика” сўзларини ўз номига қўйиб олган, аммо тузум жиҳатдан монархиядан ҳам ўтиб кетган бу давлатни Кимларнинг учинчи авлоди бошқариб келмоқда. Вазият шу тарзда давом этса, ҳали бу анъана бузилмаса ҳам керак.

Ота ва ўғил Кимлар. Фото: Xinhua/ZUMA Press/Global Look Press

Ким Ир Сендан кейин давлат бошқарувини қўлга олган Ким Чен Ир 2011 йилда вафот этди ва бутун мамлакат чексиз қайғуга кўмилди. Лекин давлат бошқарувида бўшлиқ кузатилгани йўқ – мамлакат Порлоқ Қуёши (кулманг, бу расмий атама) Ким Чен Ин халоскор сифатида майдонга чиқди ва шундан буён шараф билан раҳбарлик қилиб келмоқда.

Даҳолар ичра даҳо (бу ҳам расмий титул) АҚШ ва азалий душмани – Жанубий Кореяга нисбатан тоқатсиз сиёсати, ядро қуролини такомиллаштиргани ва кетма-кет синовлардан ўтказгани билан тилга тушди. Аммо КХДР халқи ҳар қачонгидан ҳам қашшоқлик ва ҳатто очликка маҳкум бўлди.

Жанубий Корея, ота ва қиз

Пак Кин Хе ҳибсда. Фото: AFP

Пак Кин Хе 2013–2017 йиллар оралиғида давлатни бошқарган ва коррупцион можаро ортидан қамоққа тиқилган. Унинг отаси Пак Чон Хи 1962–1979 йилларда Жанубий Кореяга президентлик қилган ҳамда мамлакат ўша пайтларда катта иқтисодий ўсишга эришган. У асосий рақиби – Шимолий Кореяни тараққиёт жиҳатдан қувиб ўтиш (бугунги кунда бу кулгили туюлади албатта, лекин шундай давр бўлган) ва “Корея иқтисодий мўъжизаси”га эришишни мақсад қилади ҳамда бунга эришади ҳам. Иқтисодий фаровонлик билан бирга сиёсий таъқибларни ҳам кучайтириб юборган Пак Чон Хи 1979 йилда уюштирилган суиқасд оқибатида ҳалок бўлади.

Унинг қизи Пак Кин Хе 2018 йилда пора олиш ва давлат сирларини тарқатишда айбланиб, 25 йил қамоқ жазоси ва 20 млрд вон жаримага тортилади.

Сардор Бердимуҳамедов – давлат раҳбарининг ёлғиз ўғли. Бир йил олдин Туркманистонда Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари лавозими жорий этилиб, бу лавозимга у тайинланган. Вазирлар Маҳкамаси раиси эса – Гурбангули Бердимуҳамедов. Фото: Turkmenportal.com

Сарлавҳа қаҳрамони бўлган Сардор Бердимуҳаммедов бугун 40 ёшда ва унинг президентликка сайланиши учун барча конституцион йўллар очилган. Бундан олдин Марказий Осиёдаги яна бир мамлакат – Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомали ҳам отаси ўрнини босиши учун қатор ислоҳотлар ўтказилган эди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид