Қишлоқ боласи билан кимнинг иши бор: Булунғурдаги ягона болалар оромгоҳи сотиб юборилди
Яқингача кичик ўрмонни эслатувчи оромгоҳ бўлган жой қаровсиз ҳолатга келгани баҳонасида сотиб юборилди. Ваҳоланки, 37 мингта мактаб ўқувчиси бор туманда бирорта ҳам болалар лагери йўқ.
Бу маскан Самарқанд вилояти Булунғур тумани Бешқўтон маҳалласида жойлашган. “Соҳибкор” дея аталган бу лагер М-39 трассасидан унча узоқ эмас.
Оромгоҳда яқин йилларгача болалар ёзги таътилни ўтказишган, ҳудуд юзлаб дарахтлардан иборат кичик ўрмон бўлган. Google Earth дастури орқали ҳам бир йил аввал объект атрофи қалин дарахтзор бўлганини кўриш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда ушбу лагер қоғозда бошқа одамга, амалда Булунғур тумани прокурори ёрдамчиси Азизхон Султоновга сотилгани ҳақида ёзишди.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, ҳудуд аукционда сотиб олинганидан сўнг бу жойга прокурор ёрдамчиси Азизхон Султонов бир неча марта келган, лагер ўрнида яхши лойиҳалар амалга ошириши ҳақида айтган.
Лагернинг эгаси ким?
Kun.uz мухбири туман ҳокимлигида бўлиб, масканни аукцион савдолари орқали сотиб олган Ситора Султонова билан суҳбатлашди.
Султонова ҳақиқатан ҳам Булунғур тумани прокурори ёрдамчиси Азизхон Султоновнинг синглиси эканини яширмади. Аммо бу жойни акасининг ёрдами билан эмас, АҚШда ишлаб келган укасининг маблағига олганини маълум қилди. У аукционда иштирок этиб, умумий ер майдони 1,45 гектар бўлган лагерни 308 773 000 сўмга сотиб олган.
Мулкдор ҳудудда дарахтларнинг кесилишидан олдин экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясидан рухсат сўраган. Инспекция юридик ёки жисмоний шахсларнинг мол-мулки бўлган ва улар томонидан ёғоч-тахта ва ҳосил олиш учун экилган дарахтларни кесишга давлат экология хулосаси тақдим этилмайди, деган жавобни бергач, лагер ҳовлисидаги 198 дона дарахтларни кесиб юборган.
Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати ушбу ҳолатда фуқаронинг дарахтларни кесишга ҳаққи борлиги, бу турдаги дарахтларга мораторийнинг алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Прокурор ёрдамчиси Азизхон Султоновнинг ўзи ишлаб турган туман ҳудудидаги объектни Жомбой туманида яшовчи синглиси Ситора Султонова томонидан сотиб олиниши билан боғлиқ вазиятга алоқаси бор-йўқлигига ойдинлик киритиш мақсадида Булунғур туман прокуратурасида бўлдик. Телефон орқали мулоқот қилган Султонов ушбу ҳолатни вилоят прокуратураси ўрганаётганини ва масалага ўзининг алоқаси йўқлигини билдирди.
Булунғурга болалар оромгоҳи керак эмасми?
Булунғурдаги болалар соғломлаштириш лагери 1966 йилда қурилган. Объектнинг умумий эгаллаган майдони 1,45 гектар, қурилиш ости майдони 695,3 квадрат метрни ташкил қилади. Фойдаланишга яроқсизлиги туфайли ўн йиллар давомида ишламаган.
Булунғур туман ҳокимлиги инвестиция ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси Орзумурод Эрматовнинг айтишича, объектдан самарали фойдаланилмагани учун туман халқ таълими бўлими балансидан ҳокимлик захирасига олиниб, Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасидан хусусийлаштириш сўралган.
Агентликнинг ҳудудий бошқармаси объектни e-auksion.uz сайти орқали аукционга қўйган. Эътиборлиси, талаблар жуда оддий, ғолибга ҳеч қандай қўшимча мажбурият қўйилмаган. Пулини тўла ва кейин билганингни қилавер, қабилида ташкил этилган.
Қизиқ томони, шундоққина катта йўл ёқасидан 4 километр ичкаридаги сўлим маскан ўн мартадан ортиқ аукционга қўйилган. Бир неча марта талабгор чиқмаган ва энг охирги аукционда ягона харидор сифатида Ситора Султонова қатнашган. Бу пайтга келиб мулкнинг бошланғич баҳоси ҳам 308 773 000 сўм этиб белгиланган ҳамда ҳеч қандай рақобатсиз, савдога қўйилган нархида сотилган.
Булунғур тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Замира Болтабоеванинг айтишича, туманда 69 та мактаб бўлиб, қарийб 37 минг ўқувчи таълим-тарбия олади. Шундан 30 мингга яқини 15 ёшга тўлмаган ўқувчилар ва улар ёзги таътилда оромгоҳларга бориши керак бўлган болалардир.
Ҳозирги вақтда туманнинг ўзида оромгоҳ йўқ. Мавсумда атиги 200 нафар ўқувчи қўшни туманлардаги болалар оромгоҳларига жўнатилмоқда.
Шундай сўлим гўшада жойлашган оромгоҳ нега тизим масъулларига керак бўлмай қолган, нега бу ерни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилинмаган? Ҳокимлик оромгоҳни захирага қайтариш ўрнига, ундан самарали фойдаланиши, таъмирлаши, туманнинг болалари учун қулай шароит яратиб бериши мумкин эмасмиди?
Мана шу каби саволлар оромгоҳ атайин қаровсиз қолдирилган ва бутунлай яроқсиз ҳолатга келтирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни ҳам ўртага чиқаради.
Шу ўринда Халқ таълими вазирлигидан сўрайдиганларимиз бор: вазирлик тасарруфидаги объектларнинг хусусийлаштирилиши шунчалик осонми? Айниқса, болалар ёзги таътилда соғломлаштирилиши мумкин бўлган оромгоҳлар шунчалик кўпмики, улардан осонгина воз кечиляпти? Нега Булунғурдаги оромгоҳни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилинмади?
Саволлар кўп, аммо уларга жавоб топилганидан энди наф бўлармикин...
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвир ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
11:00 / 12.12.2024
“Одамлар тўртбурчак, думалоқ ва меҳрибон” – дунёни бошқача “кўрадиган” болалар
22:51 / 08.04.2023
Мудирага қонун талабларини четлаб ўтиб, болалар уйи очишга ким ёрдам берган?
18:50 / 01.06.2022
Ислом Каримовга ёзилган хат, сўм-купонлар, 7 ёшда 3-синф — болалик хотиралари
09:07 / 31.05.2022