Жаҳон | 22:21 / 16.02.2022
33121
7 дақиқада ўқилади

«Путиндан ҳам, ФСБдан ҳам қўрқмайман» — Навальний яна суд қилинмоқда

Россиялик сиёсатчи Алексей Навальний қамоқдаги «Ив Роше иши» бўйича жазони ўтаб улгурмай унга нисбатан навбатдаги иш очилди. Сиёсатчи ўзи ташкил этган Коррупцияга қарши кураш фондига одамлар хайрия қилган пулларни ўзлаштириш ва қўшимчасига судьяни ҳақорат қилишда айбланмоқда. Бу айблов бўйича сиёсатчи 15 йилгача қамалиши мумкин. Навальний ўзига қарши очилган бу иш ҳам сиёсий мотивлар сабаб очилганини айтиб, суд мажлисида исёнкор нутқ сўзлади.

Денис Каминев / AP / Scanpix / LETA

«Айблов бўйича ўз фикримни билдириш имкони берилгани учун раҳмат. Бу айблов ҳақида эшитганда нима ҳис қилганимни биласизми? Хурсандчилик! Ҳа, хурсандлигимдан еттинчи осмонда учиб юргандек бўлдим. Ҳозир сабабини тушунтираман.

Биз фаолиятимиз давомида хайрия пулларини фақат ҳалол йўл билан йиғдик: хоҳлаган пул ташласин, хоҳламаган йўқ. Давлатдан бир сўм пул олмадик ва бу билан фахрланаман. Мен ва ҳамкасбларим қўллаб-қувватловчи тарафдорларимиз борлиги учунгина мавжудмиз. 2011 йилдан буён бизнинг фаолиятимиз учун 300 минг нафарга яқин одамлар хайрия қилди. Россияга қайтишимни айтганимда эса мени 385 миллион рублни ўзлаштирганим учун қўлга олишларини айтишди.

Бу иш бўйича жуда кўп одам жалб қилинишини кутгандим. Агар кимдир хайрия қилганидан норози бўлса, бизга хат ёзиши мумкин. Аммо сиз 4 киши умумий 2 миллион рубль учун арз қилганини айтдингиз. Улардан бири чилангар. У бор-ей деб Навальнийнинг ҳисобига 1 миллион рубль ўтказяпти-да, 3 ҳафта ўтиб «Навальний яхши одам эмаслигини билиб қолиб» сизга ариза ёзяпти.

Коррупцияга қарши кураш фонди нега тўғри ишловчи ташкилот деб сўрасангиз, бунга исботларим бор, деб айтаман. Улар ишга оид ҳужжатларда ҳам келтирилган. Менинг, хотинимнинг, қизимнинг барча пул ўтказмалари кўрсатилган. Сиз «хайрия қилинган пуллар шахсий манфаатлар йўлида ўзлаштирилган» дегансиз, аммо улар менга келиб тушгани ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ. Шунда хурсанд бўлдимки, қўрқитилганларнинг ҳеч бири ариза ёзмаган.

Мен ҳукумат билан курашишда давом этаман. ФСБдан (ФХХ) ҳам, кимёвий қуролдан ҳам, Путиндан ҳам қўрқмайман. Айбловнинг иккинчи қисми бўлмиш ҳақорат қилиш қисмига эса изоҳ бериш-бермасликни ҳам билмайман. Балки кулги учун шундай банд қўшишгандир. «Жаноб судья, сиз қонунни бузяпсиз» иборасининг нимаси ҳақорат? «Сиз якунлашингизни кутяпман», деган сўзим кимни ҳақорат қилди?

Путинингизни тирик қолиш ва оёққа туриш орқали шунчалик қаттиқ ҳақорат қилган эканман, у бир умр ҳукуматда қолиб, менинг муддатимни чўзишда давом этса ҳам, бир нарсани унутманг: менинг ва ҳамкасбларимнинг фаолияти шунчаки бир инсон тақдири деб қарагулик кичик нарса эмас.

Улар менинг қўрқишимни кутишяпти, аммо мен қўрқмайман. Бошқаларни ҳам қўрқмасликка чақираман, чунки қўрқадиган нарсанинг ўзи йўқ. Болаларимиз ва авлодларимизни қашшоқликда қолдиришдан қўрқиш керак», деди Навальний.

Денис Каминев / Reuters / Scanpix / LETA

Алексей Навальнийга нисбатан фирибгарлик айблови бўйича иш бир йил аввал қўзғатилганди. Айбловга кўра, Навальний ўзи асос солган Коррупцияга қарши кураш фондига одамлар томонидан хайрия қилинган 2,6 миллион рублдан кўпроқ пулни ўзлаштиргани иддао қилинган. Агар сиёсатчи айбдор деб топилса, 15 йилгача қамалиши мумкин.

Навальний пулларини ўзлаштирганини айтиб, тўрт киши (Кузин А. В., Костенко М. Н., Карнюхин А. В., Кошелев А. Н.) мурожаат қилган. Улар 300 минг рублдан бошлаб хайрия қилганини иддао қилган.

Ҳуқуқшунос Игорь Гуковскийнинг айтишича, Навальний иштирокидаги суд мажлисида ОАВ вакиллари имкон қадар иштирок эта олмаслигини таъминлаш учун иш қамоқхонанинг ўзида ўтказилган. Суд давомида сиёсатчининг овози ҳам экранда жуда паст ва сифатсиз эшитилган. Ҳуқуқшуноснинг тахмин қилишича, Навальнийнинг суди муҳим сиёсий воқеликка айланиб кетишининг олдини олиш учун шундай «чора-тадбирлар кўрилган».

Денис Каминев / Reuters / Scanpix / LETA

Гуковский суд ўтказилган вақт ҳам ҳукумат Навальний иши сояда қолиб кетиши учун атай танланганини ҳам айтди. Унинг фикрича, Украина воқеалари фонида Навальний иши навбатдаги оддий жараён сифатида ўтиб кетиши мақсад қилинган.

Навальнийнинг тарафдори Иван Жданов ҳатто 1937-йиллардаги судларда ҳам одамларни учратиш мумкин бўлганини айтиб, бунақа қўрқоқликдан ҳайратга тушганини айтди. У Навальнийнинг судини «Лукашенко тажрибаси»га ўхшатиб, Сергей Тихановскийни ҳам қамоқхонанинг ўзида суд қилишганини эслатди. Ждановнинг айтишича, ишни судда эмас, қамоқхонада ўтказиш учун жиддий сабаб керак: масалан, судга олиб бориб бўлмайдиган далил. Аммо бу иш судда кўрилмаслиги учун ҳеч қандай асос бўлмаган.

Судда Алексей Навальнийнинг рафиқаси Юлия ҳам иштирок этгани эътиборли. Унга узоқ муддатдан кейин эрини яна кўришига рухсат берилган.

Александр Неменов / AFP / Scanpix / LETA

Алексей Навальний Россия президенти Владимир Путиннинг энг ашаддий танқидчиси ҳисобланади. Сиёсатчи ўзи ташкил этган Коррупцияга қарши кураш фонди ёрдамида Россиядаги кўплаб амалдорларнинг коррупцион фаолияти ҳақида кўрсатувлар тайёрлаган. Унинг охирги суриштируви Владимир Путиннинг фаолиятига бағишланганди. Унда сиёсатчи гўёки Путинга тегишли бўлган Геленжикдаги «миллиард долларлик» сарой, унга пуллар қаердан келиб тушиши ҳақида ҳикоя қилган. 2021 йил 18 январда Россияга қайтган Навальний ўша заҳотиёқ қўлга олинганди. Унга нисбатан фирибгарлик иши бўйича айблов эълон қилинган. Навальний қамоққа олинганидан бир кун ўтиб унинг Путин ҳақидаги суриштируви эълон қилинди ва жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Уни YouTube платформасининг ўзида 120 миллиондан ортиқ одам томоша қилган.

Навальний 2020 йил 20 августда Томскдан Москвага парвоз вақтида ўзини ёмон ҳис қилган. Шундан кейин самолёт Омскда фавқулодда қўнишни амалга ошириб, Навальний маҳаллий шифохонага етказилган. Шифокорлар унга қондаги шакарнинг кескин ўзгаришига олиб келган моддалар алмашинуви бузилиши ташхисини қўйишган. Кейинроқ Навальний даволаниш учун Германияга жўнатилган. Германияда мухолифатчи «Новичок» заҳарли моддалари гуруҳига кирувчи субстанция билан заҳарлангани маълум қилинган. Сиёсатчи уни фалаж қилувчи модда билан заҳарлашни шахсан Владимир Путин буюрганини айтади.

Мавзуга оид