Ўзбекистон | 10:02 / 16.02.2022
8151
2 дақиқада ўқилади

Сардор Умрзоқов ЖСТ раҳбари билан Ўзбекистоннинг ташкилотга киришини муҳокама қилди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Суҳбатда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни ҳозирги ҳолати, шунингдек, музокараларни фаоллаштириш юзасидан ташкилот котибияти билан биргаликда ишлаб чиқилган ҳамда 2022 йилга мўлжалланган янги “Йўл харитаси”да ушбу йўналишда белгиланган тадбирларни илгари суриш бўйича долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг бўлажак 5-йиғилишига тайёргарлик кўриш музокаралар асосий мавзуси бўлди. Ўзбекистон томонидан ЖСТ котибиятига мазкур йиғилишни ўтказиш учун тақдим қилинган янги ҳужжатлар устида ишлаш жараёни, шунингдек, мазмунга доир ва ташкилий характердаги бошқа масалалар кўриб чиқилди.

ЖСТ раҳбарияти ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва юзага келаётган муаммоларни зудлик билан ҳал этиш учун икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга содиқлигини билдирди. Шу ўринда, Н.Оконжо-Ивеала ЖСТ котибиятининг ташкилотга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар олиб боришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш бўйича техник ёрдам кўрсатишни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган масалалар ҳал қилинишини тезлаштириш мақсадида яқин ва мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Мавзуга оид