Спорт | 12:50 / 17.02.2022
33020
2 дақиқада ўқилади

Рустам Шоабдураҳмонов МОҚ раислигидан кетди

2019 йилнинг май ойидан бери Миллий олимпия қўмитаси раиси сифатида ишлаб келаётган Рустам Шоабдураҳмонов ўз аризасига биноан ишдан бўшатилди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ўз аризасига биноан лавозимини тарк этди. Бу ҳақда қўмита Ижроқўмининг 17 февраль кунги навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилинди.

«Йиғилишда сўзга чиқар экан, Р.Шобдураҳмонов сўнгги йилларда давлат раҳбарининг жисмоний тарбия ва спортга қаратаётган улкан эътибори, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, яратиб берилаётган шароитлар, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдаги хизматларини алоҳида эътироф этди ва бунинг учун муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдирди. 

Ўз навбатида Р.Шоабдураҳмоновнинг аризаси Ижроқўм аъзолари томонидан қабул қилинди», дейилади МОҚ матбуот хизмати хабарида.

Миллий Олимпия қўмитасига янги раҳбар МОҚнинг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси йиғилишида сайланади.

Рустам Шоабдураҳмонов 2019 йил майида Умид Аҳмаджонов ўрнига қўмита раиси бўлганди. Бунга қадар эса Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига раҳбарлик қилган.

Рустам Шоабдураҳмонов шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекциясига раҳбарлик қилган. Ўз вақтида у Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ҳам фаолият юритган.

  • Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси қишки Олимпия ўйинларида муваффақиятсиз иштирок этди. Ўзбекистоннинг ўйинлардаги ягона вакили Комилжон Тўхтаев 16 февраль куни  тоғ чанғиси спортининг слалом йўналишидаги чиқишида хатога йўл қўйди ва унинг натижаси ҳисобга олинмади.

Мавзуга оид