Жаҳон | 10:45 / 01.03.2022
16135
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ҳукмрон партия номи ўзгарди 

Қозоғистонда Nur Otan партияси номини «Аманат» деб ўзгартириш таклиф қилинди, деб ёзмоқда Tengrinews.

Фото:facebook.com/nurotan.kz

Парламент мажлиси раиси Ерлан Кошанов партиянинг навбатдан ташқари қурултойида тегишли таклиф билан чиқди.

«Партиямиз мамлакатда рўй бераётган ўзгаришлар марказида турибди. Очиғини айтганда, мамлакат билан бирга партия ҳам янгиланиши керак. Ташкилот фаолиятини янгича мазмун билан тўлдириш учун зарур ўзгаришлар қилиш керак. Шу муносабат билан биз партиянинг моҳияти ва номини ўзгартиришни тўғри деб ҳисоблаймиз. Қозоғистоннинг ҳукмрон партиясини аждодларимизга ҳурмат сифатида «Аманат» деб аташ керак, деган фикрдамиз. Партия номини «Аманат» деб ўзгартиришни таклиф қиламиз», деди Кошанов бугунги қурултойда.

Ўз навбатида, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Аманат» номи маъқул бўлганини билдирди.

«Биринчи президент томонидан тузилган Nur Otan партияси давлат қурилишида муҳим роль ўйнади. Қозоғистонни мустаҳкамлаш вазифаларини амалга ошириш учун жамиятни бирлаштирди. Келажак ҳақида гапирганда, унинг ўтмишдаги хизматларини унутмаслигимиз керак. Аммо вақт бир жойда турмайди. Ҳал қилиниши керак бўлган янги вазифалар бор», деди Тўқаев. 

Ўтган йил ноябрь ойида сиёсий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида Нурсултон Назарбоев Nur Otan партияси раиси ваколатларини топширишга қарор қилган эди. У партияни мамлакат президенти бошқариши кераклигини таъкидлаган. 28 январь куни Тўқаев Nur Otan партияси раиси этиб сайланди. 
 
Президент февраль ойида партия фаолиятини модернизация қилишни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Тўқаев партия фаолиятини тизимли қайта қуриш зарурлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, партия мамлакат фуқароларининг эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун замонавий талабларга жавоб бериши, фаолиятида тезкор бўлиши зарур.

Мавзуга оид