Ўзбекистон | 18:08 / 02.03.2022
11023
10 дақиқада ўқилади

“Улар биз билан бирга яшайди” — коммунал соҳанинг узоқ йиллик муаммолари ҳақида

Кўп қаватли уйларнинг коммунал соҳасида иллатли ёпиқ доира ҳосил бўлган: одамлар ширкат ишламаяпти, деб пул тўламайди. Ширкат эса одамлар пул тўламаяпти, деб ишламайди. Ҳамма ўзича ҳақ. Аслида муаммонинг илдизи қаерда?

Фотоколлаж: Kun.uz

Биз кун бўйи ўз ишимиз, юмушимиз билан югурамиз, кўп катта режалар, ниятлар қиламиз, яхши кайфият билан уйга қайтамиз. Уйда эса совуқ кунда иссиқлик тизими яхши ишламаслиги, канализация муаммоси, совуқ сувнинг босими камлиги, лифтнинг тинмай бузилишларидан асабларимиз ҳам бузилиб кетади. Кўзимизга кўринмайдиган, кўпчилик учун “майда” муаммодай кўринадиган масалалар аслида барча режаларимизнинг амалга ошишига таъсир қилувчи катта омил эканлиги шу вақтда маълум бўлади.  

Уй учун тўланаётган пулларим қаерга кетяпти, нима учун ҳокимият қарамайди, давлат қаёққа қараяпти, деган саволлар бошда айланаверади, айланаверади... Оламшумул режа-ниятлар бир томон, оддий яшаш шароитидаги муаммолар бир томон.

Бу ҳолат эски кўп қаватли уйларда яшовчи аксарият шаҳар аҳолисининг кундалик ҳаётидан бир шингил, холос.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар аҳолиси мурожаатларининг ярмини айнан шу соҳадаги муаммолар ташкил этар экан. Муаммоларга тўхталишдан аввал унинг келиб чиқиш тарихига бир назар ташласак.

2006 йилгача бўлган даврда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш бўйича туман-шаҳар ҳокимликларида алоҳида бошқармалар фаолият юритган. Гарчи улар фаолияти аъло даражада бўлмаган бўлса-да, амалда кўп қаватли уйларнинг сақланиши, хизмат кўрсатиши давлат зиммасида эди. 2006 йил 12 апрелда “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши ортидан кўп қаватли уйларда уй-жой фондини биргаликда бошқариш ҳамда уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни таъминлаш учун ихтиёрий бирлашма сифатида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ташкил этилди.

Ширкатлар турар жойлар мулкдорлари ташаббуси билан ташкил этилиши, ўзини ўзи бошқариш асосида фаолият кўрсатиши белгиланган бўлса-да, кўп вақт, ҳатто айрим жойларда ҳозиргача ҳам уларни давлат ташкилоти, раҳбари ҳам ҳокимият томонидан тайинланадиган амалдор деб билишади. Аксарият аҳоли уй-жойнинг ўлчамига қараб тўланадиган мажбурий бадал (квартплата)ларни белгилашда қатнашиш, сарфланишини назорат қилиш мумкинлиги, ширкатларнинг молиявий ҳисоботларини эшитиш, сўроқ-савол қилиш ҳуқуқи борлигини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган. Натижада бундан “устомон” ширкат раҳбарлари фойдаланиб келди. Уларнинг аксарияти аҳоли маблағларини шунчаки ўзлаштириш, ер-мулкларини талон-торож қилиш билан шуғулланди. Уйлар аҳволи эса йилдан-йилга оғирлашиб бораверди. Балки айнан шу шароит кимларгадир керак бўлгандир.  

Афсуски, шундайин ҳам бир аҳволда бўлган шаҳар уйлари, коммунал соҳа яна 10 йиллар давомида қаровсиз қолди. Фақатгина катта раҳбарлар ташриф буюрадиган маҳаллалардагина маҳаллий ҳокимлик иложсизликдан маблағ сарфлаб, ҳудудда таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини олиб борди.

2017 йилдан бошлаб аҳоли уй-жойлари, яшаш шароитларини яхшилашга эътиборнинг ортиши ортидан бир вақтлар тежалган бюджет маблағлари кеч бўлса-да, кўп қаватли уйлар, унга туташ ҳудудларни таъмирлаш, ободонлаштиришга сарфлана бошланди. Бу ишламай ётган ширкатларни ҳаракатга келтирди.

Эскича фикрлашдан қутулмаган (ширкат давлатники деган) аҳоли ажратилаётган маблағлар кимнинг ҳисобига, нима учун олинаётгани ва сарфланаётганига кўп ҳам эътибор қаратмади. Айнан шу вазиятдан кўплаб виждонсиз ширкатлар (ва уларнинг ҳокимликлардаги раҳнамолари) фойдаланиб қолди. Натижада таъмирланмаган ёки номигагина оқланган кўп қаватли уйлар учун миллиардлаб маблағлар чиқарилгани ва улар куппа-кундузи талон-торож қилингани аста-секин маълум бўла бошлади. Қўлдан-қўлга ўтиб кетган ширкатлар, прокуратура, суд ва бошқа...

Қўнғироқ...

“Ассалому алайкум, сизни туман ҳокимлигидан безовта қиляпмиз, “дом”ингизда лифтингиз ишламаётгани юзасидан шикоят қилган экансиз. Сизга айтмоқчи эдимки, 2019 йил 7 ноябрда қабул қилинган “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонунга кўра, лифт умумий мулк ҳисобланади ва уни таъмирлаш, янгисига алмаштириш сиз сайлаган ширкат раҳбари ва ширкат ваколатида, ҳокимиятнинг бунга алоқаси йўқ...”

Жавоб...

“Биласизми, сизни тушуняпман, лекин соғлигим яхши эмас, ёлғиз яшайман, қолаверса, ёшим 80га яқинлашиб қолгани учун ширкатни ва унинг раҳбарини қидириб юргани имконим йўқ, зиналардан тушиб чиқишга қийналаман, кунда бир марта 7-қаватдан пастга тушиб, нон олиб келмасам бўлмайди...”

Бу каби савол ва жавоблар неча марталаб такрорланса-да муаммолар тугамайди. Масала шароити тайёрланмасдан, аввалдан ҳисоб-китоби олинмай қабул қилинган қарорларимиздами ёки оддий маҳалла раисини ҳам тўғри сайлолмайдиган одамларимиздами ёки ичимиздан чиққан бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган айрим виждонсиз ширкат раҳбарларидами?!

Яна бир муаммо – маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни белгилаш, уларга кадастр ҳужжатларини бериши лозимлиги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонунда аниқ белгиланган бўлса-да, ҳозиргача аксарият уйларга бу ҳужжатларнинг берилмаганидир. Нима сабабдан дерсиз, ахир ҳокимбувалар ерларни ўз захирасида ушлаб турмаса, тадбиркорга қандай қилиб сотади ерни? Ушбу вазиятдан “ШНК” ва бошқа бир қатор тартиб-қоидаларга тўғри келмаса-да, уйлар орасига уй қуриш учун ерларнинг сотиб юборилганини тушуниб олишингиз мумкин.

Сўнгги вақтларда яна бир янги муаммо юзага келди. Қўлга киритилган маълумотларга кўра, кўп қаватли уйлар йўлакларини ёритиш ва лифтлар учун сарфланган электр энергиясидан кўплаб ширкатлар қарз бўлиб қолган. Натижада йўлаклардаги чироқларни ва лифтларни ёппасига электрдан узиш бошланган. Ўз-ўзидан бир қатор саволлар туғилади. Агар йўлакка электр ҳисоблагич ўрнатилмаган бўлса, қарз қаердан олиб ҳисобланган? Қарз фалон миллионларга етгунича электрнинг ақлли амалдорлари қаерда эди? Қарз шунчага етгунича нима учун ҳудуддаги инспектор аҳолини огоҳлантирмаган?

Амалдаги қонунчиликка кўра кўп қаватли уйларнинг ички муаммолари учун (йўлаклар аҳволи, электр шитлар, шахтадаги қувурлар ҳолати) ширкатлар жавобгар бўлиб, кўп қаватли уйга (соколигача) келиб уланган ичимлик суви, иссиқлик (отопления) тизими, иссиқ сув, канализациялар учун тегишли ташкилотлар (“Тошиссиққувват” АЖ, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ каби) жавобгардир.

Муаммо туғилганда ким жавобгар? Одамларга бунинг қизиғи борми? Уйингизда батарея исимаяпти, ёш болаларингиз бўлса икки карра ташвишдасиз. Ширкат бизда муаммо йўқ ёки қувурларни таъмирлашга, алмаштиришга маблағимиз йўқ, дейди, иссиқлик ташкилоти мансублик чегарасига айтилган иссиқликни олиб келиб қўйганман, уйнинг ичи мени муаммом эмас, дейди. Дардингизни кимга айтасиз? Икки ўртада футбол тўписиз.

Шу вақтда мантиқий савол туғилади, уйимнинг бирор квадрат метри исимаётган шароитда мен нима учун “Тошиссиққувват”га ҳар бир исимаган метри учун пул тўлашим керак?! Яхши савол, балки жаҳл устида батареяларни узиб ташлаб, ўзингиз учун алоҳида котёл (аристон) ўрнатиб оларсиз... Афсуски, Тошкент шаҳрида ягона монопол ташкилот учун бунинг умуман қизиғи йўқ. Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги 194-сон қарори тўлиқ монопол манфаатлари учун хизматда. Айнан унда истеъмолчи уй ичидаги иссиқлик тизимига ўзгартириш киритишга, узиб ташлашга ҳаққи йўқлиги аниқ, тиниқ қилиб ёзиб қўйилган.

Ичимлик сувида ҳам аҳвол бундан яхши эмас. Сиз сув таъминоти ташкилотининг ёлғон хабарномасига асосланиб, ортиқча тўлаб юборганингизни билиб қолдингиз (аксарият ҳолда ҳеч ким билмайди), корхонага мурожаат қилиб, ортиқча тўловни қайтариб олмоқчисиз. Афсуски, бунинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Чунки 194-сон қарор бўйича ортиқча тўловингиз келаси тўловларингизга асраб қўйилади.

Ёки ёлғон хабарномадаги миллион сўм қарзни кўриб, кечаси билан ухлай олмадингиз, асабларингиз тинчланмади. Эрталабдан ҳамма ишни ташлаб корхонага бордингиз, жаҳл билан “шунча шунча тўлов қилганман, қарз қаердан келди?” деган савол билан мурожаат қилдингиз. Отангизнинг бир пайтлар “қоғозга ишон, бошқаси бекор”, “охирида қоғоз гапиради”, деган ўгитларига амал қилиб, ҳаммаёқ электронлашиб кетган замонда ҳам мободо деб сақлаб қўйган тўлов квитанциялари ва чекларингизни ходимга узатасиз. Маълум вақт ҳаммасини текшириб, охирида “минг бор узр, адашиб ёзишибди, тизимдан тўғрилаб қўйдик”, деган қисқа жавобни эшитасиз-у, елкангиздан катта тоғ ағдарилгандай бўлади. Шунга шунча овора бўлдимми, шунча кетган асабим... Ташкилот эса “буниси тушмади, бошқаларидан ундирармиз” қабилида ишини давом эттиради.

Ёки тўлов тизимининг қолоқлиги, навбатда туришлар, компьютерларнинг ўз-ўзидан қарз ёзишлари каби муаммоларнинг охири кўринмайди. Замон талабларига жавоб бермай қолган, монополияни қўллаб-қувватловчи қонун-қоидаларни ўзгартириш вақти келгандир балки?!

Гўё жуда майда нарсалар, лекин соғлигимиз ва вақтимизнинг катта қисмини ўғирловчилар айнан шулардир.

Бугун биз ҳикоя қилган муаммолар билан фақат Тошкентда эмас, мамлакатнинг исталган катта-кичик шаҳарлари, овул-у қишлоқларида ҳам дуч келишингиз мумкин. Масъуллар мушоҳада қилиб кўришар...

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид